Байрам ва марака маросимлари

УСТОЗЛАР МИЛЛАТ ОФТОБИ

УСТОЗЛАР МИЛЛАТ ОФТОБИ

Устозлик мартабаси энг буюк мақомдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам устоз, муаллим қилиб юборилганлар. Муаллим сўзининг маъноси “илм берувчи”, “таълим берувчи”, “ўргатувчи” демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, яхшиликка ўргатганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш бениҳоя улуғ ва савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиздир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устозларнинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳаттоки балиқлар ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).

Оламни офтобсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек жамиятни ҳам бу улуғ зотларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади.

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

Халифа Хорун ар-Рашид ўғилларини Имом Абу Саид Асмаийга илм ва одоб ўргатиш учун шогирд қилиб бердилар. Кунлардан бирида Хорун ар-Рашид ўғилларидан хабар олай деб борсалар Имом Асмаий таҳорат қилиб оёғларини юваётган, Хорун ар-Рашиднинг ўғиллари эса оёғларига сув қуйиб турган экан. Шунда халифа бир оз маломат қилгандек бўлиб: “Мен ўғлимни шунинг учун юборганмидим” – дедилар. Имом Асмаий бу сўзни эшитиб ҳайрон бўлиб турганларида, халифа сўзини давом эттириб: “Нимага ўғлимга бир қўлингда сув қуйиб, бошқа қўлингда оёғимни юв демадингиз? Ахир мен унга илм билан биргаликда одоб ҳам ўргатинг, деган эдимку?!” – дедилар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алайҳ шундай деган: “Мен устозим Ҳаммоднинг хурматидан унинг уйи томонга хеч қачон оёғимни узатмадим. Унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этганидан буён қачон намоз ўқисам , албатта отам билан бирга устозимнинг хаққига ҳам истиғфор айтаман. Зотан мен доимо менга таълим берган ёки бирор нарса ўргатган киши учун истиғфор айтаман”. 

Хулоса: Ҳаммамизни у ёки бу сохада устозимиз бор. Биримиз бир устоздан касб – хунар ўрганганмиз. Бошқамизга мактаб ва олий ўқув юртларида бир неча устозлар турли илмлардан сабоқ беришган. Инсон ким бўлмасин,  қайси  соха вакили бўлмасин доимо устозга мухтож. Устозларнинг меҳнатини, шогирдларга илм етказишдаги заҳмати ва бу йўлда чеккан беҳисоб машаққатини таърифлашга сўз ожиз. Устозларни ҳаққини адо этишлик ила эҳтиром қилишда бизга яратган куч-қувват берсин.

 Баҳодир домла Шарипов,
Чуст туман бош имом-хатиби