Инсон камолоти ва жамият тараққиётида таълим-тарбиянинг ўрни беқиёс. Таълимга эътибор – келажакка эътибор, устозга ҳурмат эса илм ва маърифатга ҳурматдир. Зеро, ҳар бир буюк инсоннинг камолот йўлида унга илм ўргатган, тўғри йўл кўрсатган, эзгуликка ундаган устозининг муносиб ҳиссаси бор.
Шу маънода, 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни юртимизда илм-маърифат йўлида фидокорона меҳнат қилаётган устоз ва мураббийларни қадрлаш, уларнинг шарафли ва масъулиятли меҳнатига юксак эҳтиром кўрсатишнинг ёрқин ифодасидир.
Халқимизда: «Устоз – отангдек улуғ», – деган ҳикмат бор. Бу бежиз айтилмаган. Чунки устоз инсонга фақатгина китобдаги билимларни ўргатиб қолмай, унинг қалбига эзгулик, одоб-ахлоқ, меҳнатсеварлик, Ватанга муҳаббат ва инсонларга ҳурмат туйғуларини сингдиради.
Устознинг бир оғиз насиҳати, биргина ибратли сўзи ёки шахсий намунаси шогирднинг бутун ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши мумкин.
Аждодларимиз ҳам устоз ва муаллимларни доимо улуғлаб келганлар. Асрлар давомида юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий мероси замирида устоз-шогирдлик анъаналари мужассам.
Динимизда илм олиш, илм ўрганиш ва уни бошқаларга ўргатиш энг фазилатли амаллардан саналади. Шунинг учун ҳам юртимизда фаолият олиб бораётган имом-хатиблар, имом ноиблари, мударрислар, устоз ва мураббийларнинг ёш авлодга диний-маърифий билим бериш, уларни одоб-ахлоқ ва эзгулик руҳида тарбиялаш борасидаги меҳнатлари алоҳида аҳамият касб этади.
Бугунги мураккаб ва тезкор замонда ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.
Зеро, фарзандга билим беришнинг ўзи кифоя эмас. Унинг қалбида меҳр-оқибат, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, ҳалоллик, поклик, масъулият ва Ватанга садоқат каби юксак фазилатларни шакллантириш ҳам муҳим.
Бу борада ота-она, маҳалла ва таълим муассасалари билан бир қаторда устоз ва мураббийларнинг ҳам масъулияти катта.
Айниқса, ёшларни турли ахборот хуружлари, ёт ғоялар ва маънавий таҳдидлардан асрашда уларнинг онгига тўғри ва ишончли билим бериш, мустақил фикрлаш қобилиятини шакллантириш муҳим аҳамиятга эга.
Устоз меҳнати ўзининг самарасини бир кун ёки бир йилда эмас, балки йиллар давомида намоён этади.
Бугун шифокор инсон ҳаётини асраётган бўлса, унинг илк устози унга савод ўргатган. Бугун олим янги кашфиётлар қилаётган бўлса, уни илм оламига етаклаган устозлари бор. Бугун турли соҳаларда халқ ва Ватанга хизмат қилаётган инсонларнинг ҳар бири ўз вақтида устозлардан таълим ва тарбия олган.
Шу боис устознинг меҳнати – келажакка қўйилган энг улуғ сармоялардан биридир.
Устозга ҳурмат фақат байрам кунларида эмас, балки доимо давом этиши лозим. Устозларнинг дуосини олиш, уларни эъзозлаш, ҳолидан хабар олиш ва уларнинг меҳнатини қадрлаш халқимизга хос юксак фазилатлардандир.
Айниқса, бизга Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва одоб-ахлоқ илмларидан таълим берган устозларимизни ҳурмат қилиш, уларнинг хизматларини қадрлаш ва эзгу ишларини давом эттириш барчамиз учун катта масъулиятдир. Зеро, устоздан олинган илм инсон билан бирга қолиб кетмайди. Агар у илм бошқаларга ўргатилса, унинг савоби ва манфаати авлоддан авлодга ўтиб боради.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча устозларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этамиз.
Аллоҳ таоло барча устоз ва мураббийларнинг шарафли меҳнатларига барака берсин. Уларга мустаҳкам соғлик, оилавий хотиржамлик, куч-ғайрат ва қалб хотиржамлиги ато этсин. Таълим ва тарбия борасида қилаётган ҳар бир эзгу хизматларини даргоҳида қабул айласин.
Уларнинг камолига ҳисса қўшаётган шогирдларини илмли, одобли, маърифатли ва Ватанга садоқатли инсонлардан қилсин.
Зеро, устозга эҳтиром – илмга эҳтиром, илмга эҳтиром эса миллатнинг келажагига эҳтиромдир.
Анвархон Акрамов,
Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” жоме
масжиди имом-ноиби