Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗ — ОТАНГДЕК УЛУҒ

УСТОЗ — ОТАНГДЕК УЛУҒ

Шарқда «Устоз — отангдек улуғ» деган ҳикматли гап бежиз айтилмаган. Ота-она инсонни дунёга келтириб, унинг жисмоний улғайишига сабабчи бўлса, устоз руҳий ва маънавий камол топишига, дунёқараши шаклланишига пойдевор қўяди.

Билим ва тарбия соҳиблари

Устозлик — шунчаки касб эмас, бу катта масъулият ва қалб амри билан бажариладиган шарафли вазифадир. Ҳақиқий муаллим ўз шогирдларига фақатгина китобдаги маълумотларни етказиб қолмайди. У ҳар бир дарсда ўзининг қалб қўри, меҳри ва ҳаётий тажрибасини улашади. Шогирдининг кичик бир ютуғидан оталардек қувонадиган, хато қилганда эса тўғри йўл кўрсатадиган меҳрибон сирдошга айланади.

Жамиятнинг кўзгуси

Ҳар бир давлатнинг келажаги, унинг ривожи ва равнақи ўсиб келаётган ёш авлодга боғлиқ. Ёшларни эса замон талабларига мос, билимли ва юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш устозларнинг чекига тушади. Шу боис шифокор ҳам, учувчи ҳам, вазир ҳам, тадбиркор ҳам аввало устоз пойига бош эгади. Жамиятнинг энг сара ва илғор қатлами устозлар тарбиясини олган инсонлардан ташкил топади.

Шогирдлик бурчи

Устоз меҳнатини ҳеч қандай моддий бойлик билан ўлчаб бўлмайди. Уларнинг бизга берган энг катта бойлиги — билим ва тўғри тарбиядир. Шогирд сифатидаги бурчимиз устозларимизни қадрлаш, уларнинг насиҳатларига амал қилиш ва эришган ютуқларимиз билан уларнинг юзини ёруғ қилишдир. Зеро, устоз учун энг катта мукофот — ўз шогирдининг жамиятда муносиб ўрин топганини кўришдир.

Хулоса

Азиз устозлар, сочингизга оралаган ҳар бир оқ тола, юзингиздаги ҳар бир ажин биз ёшларнинг келажаги учун чекилган заҳматларингиз нишонидир. Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз олдида доимо таъзимдамиз. Сиз ёққан билим чироқлари қалбимизни умрбод ёритиб туради.

Буюк Соҳибқирон, жаҳонгир Ҳазрат Амир Темур бобомиз дунёда буюк империя барпо этган зотлардан бири ҳисобланадилар. У киши доимо дунёвий ва диний билим эгаларидан сабоқ олганликларини таъкидлаганлар. Манбаларда айтилишича, умрларининг охирида шундай васият қилган эканлар: “Мен дунёдан ўтганимда, қабримни устозларимнинг қабридан ярим газ чуқурроқ ковлангларки, ҳатто ётган жойимда ҳам устозларимнинг оёқ томонида бўлайин!”

Дарҳақиқат, Самарқанд шаҳрида жойлашган Гўри Амир мақбарасига зиёратга борилганда ушбу васият тўлиқ ижро этилгани, Соҳибқирон қабри устозларининг оёқ учи томонига қўйилгани маълум бўлади…

Биз устозлар қадрини, ҳаққи-ҳурматини дунёни титратган подшоҳу олимлардан ўрганмоғимиз даркорлиги бугунги кунда ҳам ўз исботини топмоқда. Халқимизда «Устозини рози қилган шогирд барака топади», деган пурҳикмат нақл ҳам бор.

Ҳазрат Мир Алишер Навоий бобомиз ҳам бежизга:

Шогирд агар Шайхулислом, агар қозидур,

Агар устод андин розидур — Тенгри розидур! —

демаганлар.

Бугун биз XXI асрда яшаб турган бўлсак-да, устозларга аввалги даврлардагидек эътибор, эҳтиром ва ҳурмат кўрсата оляпмизми? Авваллари ота-оналар фарзандини устозга бераётганда «Эти сизники, суяги бизники», деб топширишган. Бугунги кунда болаларни уриб-сўкиб тарбиялаш урфдан қолгани аниқ. Аммо охирги вақтларда ўқитувчи-мураббийларни видеоёзувлар орқали ижтимоий тармоқларда обрўсизлантириш, уларга туҳмат ва бўҳтонлар уюштириш каби ҳолатлар кўпайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Албатта, бу миллий қадриятларимизга мутлақо тўғри келмайди.

…Ўқитувчи, Устоз, Мураббий! Сизга таъзим, сизга эҳтиром!

Олимхон Исақов,
Уйчи тумани бош имом-хатиби