Жамият аъзоларига муносабат

ТУЙ ВА МАРОСИМ АСЛИ МОҲИЯТИ

ТУЙ ВА МАРОСИМ АСЛИ МОҲИЯТИ

Тўйларнинг асл моҳияти жамиятга бирор янгиликни эълон қилишдир. Эҳсон маросимлари эса кўпинча вафот топганларни эслаб, уларга савоб етказиш мақсадида ўтказилади. Агар манашу икки тадбирларни рисоладагидек ўтказилса, савобга эришилади. Лекин бу маросимларга кибр, ман-манлик ва исроф аралашса, аксинча, савоби гуноҳга айланиб кетади Имом Ғаззолий гуноҳ даражага етган исрофга қуйидагича мисол келтирадилар: "Тасаввур қилинг, масалан, қарамоғида фарзандлари бор кишининг юз динор пули бор, оиланинг эҳтиёжларини  таъминлаш учун унинг бошқа маблағи йўқ. Шу одам пулининг ҳаммасини тўйга сарфлаб юборса, бу одам аниқ исрофгардир... 

Бугунги кунда исрофдан сақланиш давлат сиёсати даражасидаги масалага кўтарилди. "Оқилона истеъмол" дастурини амалга ошириш доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар белгиланган тартибда ўтказилиши юзасидан тегишли ҳукумат қарорлари чиқарилмоқда. 

Хусусан, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ("куёв навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв 

чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш" ва ҳоказоларни) ўтказилмаслиги юзасидан доимо огоҳлантириб келинади. Диний кўрсатмаларда ортиқча сарфдан қайтаришга буюрилса, Давлат ихчам шаклда ўтказгин, деб махсус қарорлар қабул қилса, асосий масала кимда қоляпти Ўзимизда. Биз ўзимизни ўзгартиришимиз керак. Шундагина жамият ўзгаради. 

Тўй-маъракаларимизда айрим юртдошларимиз томонидан йўл қўйиладиган дабдабабозлик, исрофгарчилик, ортиқча ҳашамдорлик, шуҳратпарастлик каби иллатлар муқаддас  динимизда  қайтарилган амаллар бўлиш билан бирга, жамият ҳаётида ҳам бир қатор ижтимоий-иқтисодий оқибатларни ҳам келтириб чиқаради. 

Бугун барчамиз тўйларда дабдабабозлик ва исрофгарчиликка берилиб, қарз ботқоғиға ботиб қолаётган, бунинг ортидан Ватанини, оиласини, иссиқ ўрнини ташлаб иш излаб хорижий мамлакатларга чиқиб кетиб, сарсон-саргардонликда юрган, қарзларни узаман деб, соғлиғидан, хотиржамлигидан айрилиб, хонавайрон бўлаётган оилаларга гувоҳ бўлмоқдамиз. 

Бундан ташқари халқимизнинг тўй қилишда ўзаро кимўзар ўйнаётганини кўриб, бунинг исломга қанчалик зид эканини бир ўйлаб кўрайлик. Ҳолбуки, ҳақиқий мусулмон исрофгарчилик ёки  шуҳратпарастликда эмас, балки тақвода, тежамкорликда, илму маърифатда мусобақалашиши лозим. 

Инсон ўз умрини, соғлиғини, энг муҳими қимматли вақтини дабдабали тўй қилиш учун пул ишлаб топишга сарфлаши қанчалик мантиқли. Бунинг ўрнига охиратда ҳисоби сўраладиган қимматли вақтимизни фарзандларимиз тарбиясига, уларнинг яхши таълим олиб, ўзи ва жамият учун манфаатли бўлган касб эгаси этиб вояга етказишга, шунингдек, ўзимизни ислоҳ қилишга сарфлаганимиз минг чандон мақбулдир. Зотан, муқаддас динимиз кўрсатмаси ҳам, замон талаби ҳам шудир.  Юқорида айтиб ўтилган маъно-мазмунлар бизга тўйлар ва маросимларни мўътадил қилиб ўтказиш, ҳолимизга ярашадиган зиёфат бериш динимиз талаб қилганини маълум қилмоқда. Шунга кўра Яратган эгам  бизга берган сув, газ, электр токи ва мол-мулкларимизни исроф қилмасдан  ўрниг сарфлашимиз. Ортиқча маблағларимизни фарзандлар тарбияси, таълими ва касб ўрганишига йўналтирсак, ота-оналаримиз хизмати, силаи раҳмни боғлаш, қўни қўшилар ва муҳтожларга ёрдам учун берсак, айни муддао бўлади. Бузуқ жўмракдан оққан сув бир суткада 10-20 литрга айланади, худди шундай биз йўл қўядиган исрофлар ҳам миллион миллион сўмга айланади. 

Уларни тежаш, фойдали томонга йўналтириш ҳам исрофдан сақланишга, ҳам жамиятга катта фойда келтиришга сабаб бўлади. Бундай савобли ва фойдали ишларни ҳар биримиз ўзимиздан ва оиламиздан бошлашимиз лозим. 

Унутмайлик, тўйлар соддаликдан узоқлашиб, намойишкорликка айланган сари оғир бир юкка айланмоқда. Тўйларда "Яратган эгам розилиги" ўрнига "Одамлар нима дейди" деган тушунча ҳукмрон бўлар экан, раҳмат ўрнини машаққат, муҳаббат ўрнини нафрат, барака ўрнини эса қарз эгаллайди. "Урф-одатимиз шунақа" деган баҳоналарни келтирган ҳолда ""Ҳеч нарса кам бўлмасинг" каби ўй билан қилинган ортиқча сарф-харажатлар оилаларни ҳам, ёшларни ҳам оқибати оғир бўлган муаммолар гирдобига тортади.

Олимхон Исақов,
Уйчи туман бош имом хатиби