Жамият аъзоларига муносабат

ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ!

ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ!

Маълумки, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг энг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам тинчлик ва осойишталикдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари). 

Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча улкан ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ётади. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, ижтимоий тарқаққиётнинг барча даврларида давлат ва жамиятнинг ривожланиши барқарорлик ва тинч-осойишта ҳаёт кечиришга узвий боғлиқ бўлган.

Тинчлик ва осойишталик ҳар бир жамият ва инсон учун энг олий қадриятлардан бири ҳисобланади. Тинчликсиз тараққиёт, ўсиш ва фаровонликни тасаввур қилиш қийин. Осойишталик эса кишининг қалбини тинчлантиради, одамлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.

Дунёда урушлар ва низолар давом этаётган бир вақтда тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун ҳар биримиз масъулиятни ҳис қилишимиз зарур. Инсон қалбида тинчлик бўлса, у атрофдаги одамлар билан ҳам дўстона, самимий муносабатда бўлади. Бу, ўз навбатида, жамиятда ҳам тинчлик муҳити вужудга келишига ҳисса қўшади.

Олий неъмат бўлган тинчликни асраш, унинг қадрига етиш ва уни мустаҳкамлаш ҳар бир фуқаро ва давлатнинг бурчидир. Тинчликнинг илдизи инсонлар орасидаги ҳамкорлик ва мулоқотда ётади, шунинг учун биз доимо бир-биримизга яхши ният ва ҳурмат билан ёндашмоғимиз лозим.

Дунёдаги барча динлар, жумладан, ислом дини ҳам тинчликни тарғиб қилади. Қуръони Каримда ҳам тинчлик, меҳр-муҳаббат ва ўзаро ҳамкорлик инсонларнинг асосий вазифаларидан бири сифатида қайд этилган. Ҳадислар ва исломий таълимотларда тинчликни сақлаш ва жанжал ҳамда урушлардан қочиш ҳақида кўплаб ўгитлар берилган. Уламолар Қуръони каримнинг 50 дан зиёд сурасидаги оятлар мўминлик, тинчлик ва бағрикенглик мавзуларига бағишланганини эътироф этадилар. Жумладан, Қуръони каримда баён қилинадики: Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Тинчликнинг илоҳий неъмат экани Муҳаммад алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларида қайд этилган: “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранглар. Чунки бирор кишига имондан кейин тинчлик-омонликдан-да афзалроқ неъмат берилгани йўқ” (“Сунани Термизий”, 3558-ҳадис).

Таассуфки, бугун жаҳон ҳамжамияти, хусусан, мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Инсоният муайян сиёсий доиралар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида, амалга ошираётган ғоявий курашлар ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир вазиятда яшамоқда. Қатор давлатлар, хусусан мусулмон юртлари ўткир сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли низоларни бошидан кечирмоқда. Мазкур мамлакатларда одамлар оғир иқтисодий муаммолар гирдобида, ночорлик, озиқ-овқат танқислиги, очиқдан-очиқ зўравонликлар ва хавфсизликнинг йўқлиги шароитида кун кечирмоқда. Оқибатда бундай ҳудудлардан қочқинлар ҳажми ортиб, кенг миқёсда гуманитар тангликлар юзага келмоқда. 

Дарҳақиқат, Пайғабаримиз алайҳиссаломнинг “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдурки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар” (Имом Бухорий, 6412-ҳадис) деган ҳадисларини эслаган ҳолда, бугунги кунда юртимиздаги тинч-осойишта ҳаёт қатор мамлакатларнинг халқлари учун орзу бўлиб қолаётгани гувоҳи бўлмоқдамиз. 

Ушбу ҳолат дунёдаги давлатларнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда. Шу ўринда Имом Термизий ривоят қилган ҳадисни эслаш ўринлидир: “Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг орттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (“Сунани Термизий”, 2346-ҳадис).

Таъкидлаш жоизки, ижтимоий барқарорлик жамият ҳаётининг осойишталиги билан тавсифланади. Барқарорликка тинч-тотувлик ва уни мустаҳкамлаш учун шарт-шароитлар яратиш, турли ижтимоий қатламга мансуб фуқаролар ва сиёсий партиялар ўртасидаги ҳамжиҳатликни, давлат, жамоат ва диний ташкилотлар, фуқаролар ўртасидаги ижтимоий келишув ва шерикчилик бардавомлигини таъминлаш орқали эришилади. 

Аксинча, халқ орасида бузғунчилик ғояларини тарқатиш орқали беқарорлик келтириб чиқариш эса тинчлик ва хотиржамликни издан чиқаради. Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка рахна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади: “Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (зот)дир” (“Анфол” сураси, 25-оят).

Ислом уламолари Қуръони каримда тинчликка, одамларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига рахна солувчи амалларни қилмасликни буюрилганини таъкидлайдилар: “... Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди” (Бақара сураси, 205-оят). Мазкур суранинг 60-оятида:“...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз! ...” деб марҳамат қилинган.

Шунингдек, ислом таълимоти одамларни миллати, дини, жинси ёки қарашларидан қатъий назар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади ҳамда уларга зулм қилишдан қайтаради. Қуръони каримда: “...бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин!...” (“Моида” сураси, 8-оят) дейилган.

Тинчликни сақлаш ҳушёрлик ва огоҳликни талаб қилади. Бугунги таҳликали замон тинчликни таъминлаш фақат давлатнинг ваколатли идоралари вазифаси деган нотўғри тушунчалардан воз кечиш, Ватан тақдири учун астойдил қайғуриб яшашни тақозо этаётганига барчамиз гувоҳмиз. 

Алоҳида қайд этиш лозимки, тинчликнинг шукронаси амалий бўлиши лозим. Яъни, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этиши, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланиши, келиб чиқиши мумкин бўлган нотинчликнинг олдини олишда ҳам фаол иштирок этишлари лозим. 

Айниқса ахборот манбалари, хусусан ижтимоий тармоқлар орқали тарихимизни, миллий қадриятларимиз ва Ислом дини моҳиятини сохталаштиришга, маънавият ва маърифатдан йироқлаштиришга қаратилган ғаразли уринишларга қатъий қарши туришимиз лозим. Мазкур йўналишда жамиятнинг зиёли қатламлари, олим ва уламолар олдинги сафда бўлишлари лозим. 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. 

Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Тинчлик бўлган жойда ривожланиш бўлади, шоду-ҳуррамлик кўнгилга сиғади, байрамлар нишонланади, анжуманлар ўтказилади. Юртимизда тинчлик ҳукм сурмоқда. Шу боис октябрь ойида юртимиз иккита йирик ҳалқаро илмий амалий конференция ва илмий амалий анжуманга мезбонлик қилади.

2024 йил 15-16 октябрь кунлари Тошкент ва Хива шаҳарларида “Ислом – эзгулик ва тинчлик дини” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Мазкур анжуманда исломшунос олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, юртимизда кўзга кўринган илм-фан арбоблари билан бир қаторда дунёнинг 30 га яқин мамлакатидан 80 дан ортиқ уламолар ўз маърузалари билан иштирок этадилар.

17-18 октябрь кунлари эса Имом Термизий таваллудининг 1200 йиллигига бағишлаб Термиз шаҳрида “Имом Термизий илмий меросининг ислом цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий амалий анжуман ўтказилади.

Тинчликнинг қадрига етган ва уни ҳимоя қилган халқ ҳар доим ўз тараққиёти ва фаровонлигига эришади. Бу олий неъматни асраб-авайлаш эса ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” 

жоме масжиди имом-ноиби