Жамият аъзоларига муносабат

ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ!

ТИНЧЛИК ВА ОСОЙИШТАЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ!

Маълумки, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолоинг энг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам тинчлик ва осойишталикдир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: "Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳеч шубҳасиз, юртимизда турли соҳаларда эришилаётган барча ютуқларимизнинг замирида жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик ҳисобланади. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, ижтимоий тарқаққиётнинг барча даврларида давлат ва жамиятнинг ривожланиши барқарорлик ва тинчосойишта ҳаёт кечиришга узвий боғлиқ бўлган.

Маълумки, Ислом динида тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъмат сифатида қадрланади. Уламолар Қуръони каримнинг 50 дан зиёд сурасидаги оятлар мўминлик, тинчлик ва бағрикенглик мавзуларига бағишланганини эътироф этадилар. Жумладан, Қуръони каримда баён қилинадики: “Эй имон келтирганлар! Еппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз. Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара сураси, 208-оят).

Тинчликнинг илоҳий неъмат экани Набий алай ҳиссаломнинг қуйидаги ҳадисларида ҳам қайд этилган “Аллоҳдан афв ва тинчлик-омонликни сўранг чунки бирор кишига имондан кейин тинчллик-омонликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ” Сунани Термизий”, 3558-ҳадис).

Ўзбекистон азалдан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келгани тарихий ҳақиқатдир. Аждодларимиз турли миллат ва дин вакилларига доимо ҳурмат билан муносабатда бўлгани, Ватан тараққиёти йўлида елкадош бўлиб меҳнат қилгани тарихий манбаларда кўп қайд этилган. Бугунги кунда 16 хил конфессияга амал қилувчи 130 дан зиёд миллат вакиллари ягона аҳил оила бўлиб, тинчлик-хотиржамликда яшаб, юртимиз мустақиллиги ва халқимиз фаровонлиги йўлида биргаликда фаолият олиб бормоқдалар.

Таассуфки, бугун жаҳон ҳамжамияти, хусусан, мусулмон оламида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечмоқда. Инсоният муайян сиёсий доиралар томонидан ўз таъсир доираларини кенгайтириш мақсадида, амалга ошираётган ғоявий курашлар ва мафкуравий таҳдидлар авж олган бир вазиятда яшамоқда. Қатор давлатлар, хусусан, кўплаб мусулмонлар истиқомат қилувчи юртлар сиёсий танглик, ижтимоий ва иқтисодий беқарорлик ва қуролли низоларни бошидан кечирмоқдалар. Мазкур мамлакатларда оғир иқтисодий муаммолар гирдобида, озиқ-овқат танқислиги, очиқдан-очиқ зўравонликлар ва хавфсизликнинг йўқлиги шароитида кун кечирмоқда. Оқибатда бундай ҳудудлардан қочқинлар ҳажми ортиб, кенг миқёсда гуманитар тангликлар юзага келмоқда.

 

Абдулбосит Лутфуллаев,

Наманган шаҳар "Боқи Мирзо" жоме 
масжиди имом-ноиби