Жамият аъзоларига муносабат

ТИНЧЛИК-ОФИЯТ НЕЪМАТИ

ТИНЧЛИК-ОФИЯТ НЕЪМАТИ

Аллоҳ таоло Рамазон ойида қилаётган тоату ибодатларимизни даргоҳида қабул айласин. Мана шундай файзли лаҳзаларда Қодир Аллоҳга шукроналар айтиб, юртимизга тинчлик-фаровонлик, халқимизга қут-барака, фарзандларимизга бахту саодат сўраб илтижолар қиламиз. Зеро, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларни тинчлик-офият сўрашга кўп бор буюрганлар. 

Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Менга Аллоҳ азза ва жалладан сўрайдиган нарсани ўргатинг», дедим. У зот менга:

«Аллоҳдан офият сўра», дедилар.

Бир неча кун ўтиб, У зотдан шу нарсани яна бир бор сўрадим. У зот менга: «Эй Аббос, эй Аллоҳнинг Расулининг амакиси, Аллоҳдан бу дунё ва охиратдаги офиятни сўра», дедилар»

Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Ибн Можалар Абдуллоҳ ибн Меҳсон ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Кимнинг жасади офиятда бўлса, ўз гуруҳида тинч-омон бўлса ва ҳузурида егани қути бўлса, гўёки дунёни қўлга киритибди».

Офият Аллоҳ таолонинг бандани барча турдаги бало ва офатлардан сақлашидир.

Уммул мўминийн Оиша розияллоҳу анҳо: Қадр кечаси қайси кеча эканини билганимда, Аллоҳдан унда фақат офиятни сўраган бўлардим, дедилар. Ибн Абу Шайбанинг  "Мусаннаф"идан.

Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: Аллоҳдан ҳадис ёдлашни сўрадим. Сўраганда: "офиятда ёдлай",– деб сўрамадим. Шундан кейин ҳадисларни ёд олдим. Фақат қамоқда, занжирбанд бўлган ҳолда. 

Агар Аллоҳдан ҳожатингни сўрасанг, "офиятда",- деб сўрагин!

Ҳақ таоло юртимиз тинчлигини бардавом қилиб, самовий ва арозий офатлардан Ўз паноҳида асрасин. Яратган Парвардигор бутун оламга тинчлик-офият неъматини берсин. Дунёда бўлаётган турли фитна ва тўс-тўполонлардан барчаларимизни муҳофаза қилсин. 

Бугунги мураккаб ва қалтис даврда жаҳоннинг айрим минтақаларида рўй бераётган қарама-қаршиликлардан ибрат ва тўғри хулоса чиқариб, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикни қадрига етиб, унинг барқарорлиги учун барчамиз ҳар қачонгидан доим огоҳ ва ҳушёр бўлиб, яшашимизни насиб қилсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Аллоҳнинг йўлида бир соат (қўриқчилик қилиб) қоим туриш Ҳажарул асваднинг ёнида Лайлатулқадрни кутишдан афзалдир”, дедилар. Ибн Ҳиббон ривояти.

Аллоҳ таоло ўлкамизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга бош бўлиб турган Юртбошимиз, олдиларида турган барча раҳбарларимиз, ва тинчлигимизни сабабчилари бу йўлда кечаю кундуз хизмат қилаётган мутасаддиларимизни Ўз паноҳида асрасин.

Яқинлашаётган Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин. Юртимизда тинчлик-хотиржамлик, осуда ҳаёт шукуҳи ва тўкин-сочинлик доимо барқарор бўлсин!

Муродилла Аҳмедов,
Наманган тумани Отавалихон жоме 
масжиди имом хатиби