Аллоҳ таоло инсонларга сон-саноқсиз неъматларни берган. Улар ичида вужуднинг соғ-саломат бўлиши энг улуғ неъматлардан биридир. Бу вужуд инсонларга берилган омонат ҳисобланиб, уни хайрли ишларга ишлатишга ва ёмон ишлардан сақланишга шариатимиз амр қилади.
Бугунги кунда вужудимизнинг асосий бир бўлаги бўлмиш тил ва унинг ножўя сўзлардан асраш ҳаммамиз учун лозимдир.
Тил - инсоннинг жисмонан кичик, аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан эътиборга молик аъзосидир.Шунинг учун ҳам Қуръони каримда Аллоҳ таоло уни миннат қилиб: “Ахир, Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб (ато) қилмадикми?!”-дейди (Балад,8-9).
Бошқа оятда эса нутқ инсонга берилган фазл ва марҳаматининг энг сараси эканлиги баён қилинади: “Меҳрибон (Аллоҳ) Қуръонни таълим берди. Унга баённи (нутқни )таълим берди” (Ар-Раҳмон,1-4).
Шундоқ экан, тилни фақат хайрли сўзларга ишлатиш ва ёмон сўзларга одатланиб қолишдан сақлаш зарур.
Имом Молик (розияллоҳу анҳу) Яҳё ибн Саъиддан ривоят қилишича, бир куни Исо (а.с.) йўлда кетаётиб бир тўнғизни ёнидан ўтиб қолдилар. Шунда тўнғизга қараб: “Манзилин-га саломат етиб ол”, -дедилар. Буни кўрган ҳамроҳлари :”Шу гапни тўнғизга айтяпсизми?”- деб сўрашди. Исо (алайҳис салом): “Ҳа, мен тилимни ёмон сўзларни сўзлашга одатланиб қолишидан қўрқаман”,-деб жавоб берган эканлар.
Дарҳақиқат, Росулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳам биз умматларни тилни ножўя сўзлардан асрашга, иложи бўлмаганда сукут сақлашга буюрганлар.
“Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”.
Ислом дини тилга эътибор беришга ундашининг, уни бефойда ва гуноҳ бўладиган сўзларга ишлатишдан қайтаришнинг боиси шундаки, тил қалбга яқин ерда жойлашган, шунингдек, тил қалбнинг таржимони ҳисобланади. Қалб эса, имон масканидир. Демак, инсоннинг имони қай даражада бақувват, қалби қанчалик соф бўлса, унинг тилидан фақат ҳикматли, ширинг гаплар чиқади. Ўз навбатида тил қанчалик ёмон гапларни кўп гапирса, инсоннинг қалби қоряди, натижада имони сусаяди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Банданинг имони тўғри бўлмайди, токи қалби тўғри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди, токи тили тўғри бўлмагунча”.
Оғиздан чиқаётган гапни ҳам амалдан деб ҳисоблаган киши тилни фақат Аллоҳ рози бўладиган гапларни гапиришгагина ишлатади.
Маълумки, динимиз кўрсатмаларига қарши иш тутиш жиноят ҳисобланади. Тил орқали содир қилиниши мумкин бўлган жиноятлар- ғийбат, тўҳмат, ёлғон сўзлаш, ҳақорат, чақимчилик, ёлғон гувоҳлик бериш ва ҳоказолардир.
Чақимчи ва ғийбатчи кишилар ўсимлик илдизига тушган қуртдай халқ орасида иттифоқ ва бирликнинг ковагини қидириб топиб, уни кемирадилар. Умумхалқ ва миллатнинг ҳаёти учун лозим бўлган меҳр-муҳаббат илдизини емирадилар. Ҳукамолардан бири: “Мол ва ашё ўғриларига қараганда одамлар орасидан дўстлик, улфат ва муҳаббатни ўғирлайдиган одамлардан эҳтиёт бўлмоқ лозимдир” -деган. Ватандошимиз Абдулла Авлоний эса шундай деган экан:
“Агар журму гуноҳ бўлсин десанг оз,
Тилингни сақла ғийбатдан қишу ёз”,
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Абу Зар (розияллоҳу анҳу) га қиган васиятларининг бирида: “ Сукут сақлашни ўзингга одат қилгин, чунки сукут сақлашлик, биринчидан, шайтонни қувади, иккинчидан, динингни сақлашингга ёрдам беради”,- дедилар.
Аллоҳ таоло тил ва дилимизни бирдек ислоҳ қилишимизни барчамизга муяссар айласин.
Абдусаломхон Тожихўжаев,
Чуст тумани “Имомқулбой” жоме
масжиди имом- хатиби