Жамият аъзоларига муносабат

ТИЛ – ХАЛҚНИНГ РУҲИ, ЭЪТИҚОДИ ВА ҒУРУРИ

ТИЛ – ХАЛҚНИНГ РУҲИ, ЭЪТИҚОДИ ВА ҒУРУРИ

Инсонга берилган энг буюк неъматлардан бири – бу тилдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

«Унинг оятларидан бири шуки, у осмонлару ерни яратди ва сизнинг тилларингиз ҳамда рангларингизни турли-туман қилди. Албатта, бу нарсаларда олиму зукколар учун ибратлар бор» (Рум, 22-оят).

Бу оят тилнинг на фақат алоқа воситаси, балки Яратганнинг қудратини намоён этувчи маънавий нишона эканини кўрсатади. Ҳар бир халқнинг тили – унинг юраги, руҳи ва иймонидир.

Ўзбек тили – минг йиллар тарихга эга, илму маърифатга бой тилдир. У нафақат халқнинг фикрлаш тарзини, балки унинг эътиқоди, ахлоқи ва ор-номусини ҳам акс эттиради. Шу маънода, ўзбек тилини севиш – бу ўзлигимизни, тарихимизни ва имонимизни севиш демакдир.

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни. Бу сана бизга фақат бир кунлик шодлик эмас, балки доимий масъулиятни ҳам юклайди. Чунки тилни асраш – бу китобни, илмни ва эътиқодни асрашдир.

Айни шу тилда Қуръони карим маънолари изоҳланган, ҳадислар таржима қилинган, буюк алломаларимиз – Бурҳониддин Марғиноний, Имоми Мотуридий, Алишер Навоий, Абдурауф Фитрат, Чўлпонлар ўз асарларида маънавият ва ақл нурини ёйганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз гапирсин ёки сукут сақласин.» 

Бу ҳадис сўзнинг қанчалик масъулиятли эканини кўрсатади. Сўз – қалбнинг, иймоннинг кўзгусидир. Агар сўз пок бўлса, жамият ҳам пок бўлади.

Шу боис тилни тозалаш – қалбни тозалаш билан баробардир. Ҳар бир гапимизда ҳақиқат, меҳр ва ростлик бўлмоғи лозим.

Бугунги кунда ёшлар нутқида бегона сўзлар, аралаш тиллардан ортиқча фойдаланиш ҳолати тобора кўпаймоқда. Бу жараён, агар диққат билан қаралмаса, нафақат тилнинг гўзаллигига, балки миллатнинг маънавий яхлитлигига ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Тилни ардоқлаш – бу фақат грамматик қоидаларни билиш эмас, балки уни поклик, одоб ва иффат билан ифодалашдир. Миллатнинг маданияти, маънавияти ва тафаккури унинг тили орқали намоён бўлади.

Ўзбек тилида гапириш – бу фақат сўзлашиш эмас, балки ўз миллий ғурурингни намоён этишдир. 

Дин билан тил ўртасида узвий боғлиқлик бор. Исломда сўзга катта аҳамият берилади. Аллоҳнинг ўзи инсонга «Қалам билан ўргатди» деб таълим берди. Бу эса илм ва тилнинг илоҳий боғлиқлигини англатади.

Ўзбек тили – илм ва маърифат тили. Унинг орқали халқимиз асрлар давомида дин, илм, адаб ва ҳикматни англаган. Қуръон маънолари ва ҳадисларимиз айнан шу тилда халққа етказилгани ҳам унинг шон-шарафини янада оширади.

Ҳар бир миллат ўз тили орқали умр кўради. Тил йўқолса, миллатнинг ўзлиги ҳам сўниб боради. Шу боис, ҳар бир фуқаро, айниқса ёшлар, она тилини пок сақлаш, унда тоза ва самимий гапиришга одатланиши лозим.

Имoмлар, устозлар, зиёлилар ва ота-оналарнинг вазифаси – тил маданиятини ёшларга сингдириш, уларни ифодали нутқ, тоза сўз ва маънавий маданиятга ўргатишдир.

Тилдаги ҳар бир сўз – бир қадр, бир маънавият. Аллоҳ ато этган бу неъматни асраш – шукрнинг энг олий кўриниши ҳисобланади.

Ўзбек тили – илоҳий барака, миллий ғурур ва маънавий барқарорлик рамзидир. Унинг орқали биз динимизни, маданиятимизни ва инсонлигимизни англаймиз.

Тилни ардоқламоқ – бу фақат миллий вазифа эмас, балки иймоний бурчдир. Ҳар бир ўзбекнинг қалбида “Она тилим – иффатим ва орим” деган ҳис туйғуси яшамоғи лозим.

Тилни асрайлик, чунки сўзимиз тоза бўлса – жамиятимиз ҳам тоза бўлади.

Нуруллоҳ Маҳкамов, 
Чуст тумани “Саид Насимхон тўра” жоме 
масжиди имом-ноиби