Кейинги йилларда диёримизда тарқалган ихтилофлардан бири тасбеҳ тутиш масаласидир. Қадим-қадимлардан бери юртимизда ҳеч ихтилофсиз ишлатиб келинган тасбеҳ яқин-яқиндан бидъат, ҳаром дейдиганлар чиқа бошлади. Тўғри қадимдан тасбеҳ ишлатиш афзалми ёки зикрларни қўлда санаган яхшими, деган масалада уламоларнинг қарашлари турлича бўлган. Лекин у ерда афзаллик ҳақида гап кетади, бидъат ёки ҳаромлик ҳақида эмас. Бунинг устига динда бир амални бидъат ёки ҳаром, дейиш учун кучли далиллар керак бўлади. Тасбеҳ ишлатишдан ман қиладиган бундай далиллар эса мавжуд эмас.
Бу гапларни ўқиган тасбеҳ ушлаб зикр қиладиган мусулмон киши наҳотки биз ҳаром бўлган, бидъат ишни қилаётган бўлсак, деган фикрга боришлари табиий. Аммо бундай фикрга боришга шошилмаслик керак. Зеро дунёга донғи кетган уламоларимиз тасбеҳ ишлатиш жоиз экани борасида бир эмас ўндан ортиқ китоблар ёзганлар.
Тасбеҳ ишлатиш жоиз эканига келган далиллар инкор этиб бўлмас даражада кувватли ва кўпдир.
София бинти Ҳуяй онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда шундай дейилади:Яъни: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олдимга кирдилар, олдимда тўрт минг дона данак бор бўлиб, улар билан тасбеҳ айтар эдим. Шунда У Зот: "Сенга сен айтаётган тасбеҳдан кўра кўпроғиниўргатайми?" - дедилар. Мен: “Ўргатинг” - дедим. У Зот "Субҳаналлоҳи адада холқиҳи" - деб айт, дедилар" (Имом Термизий ривоятлари).
Мазкур ҳадис тасбеҳ ишлатишни жоизлигига далилдир. Зеро, бунда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тақрирлари (жоиз ишни ўз ўрнида қолдиришлари) бор. Агар тасбеҳ ишлатиш мумкин бўлмаганида Расул алайҳиссалом онамизни дарҳол бу ишдан қайтар-ган бўлар эдилар. Онамизни олдидаги данакни кўриб индамаганлари бу ишни жоизлигига далил бўлади. ("Мирқотул мафотиҳ" ва "Туҳфатул аҳвазий” китоблари)
Бундан ташқари бир қанча саҳобийлар тасбеҳ айтишда данак ишлатганлари маълум ва машҳур.
Абу Назра Тафовалик кишидан ривоят қилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг халтачада тош ёки данаклари бўлиб, улар билан "Субҳаналлоҳ, субҳаналлоҳ" деб тасбеҳ айтар эдилар. Тошлар тугагач чўриларига берар, чўри уларни тўплаб халтачага солиб, яна у кишига қайтариб берар эди. (Имом Ибн Аби Шайба ривоятлари).
Қосим ибн Абдурраҳмон (қирқта Бадрда қатнашган саҳоба билан учрашган зот)дан ривоят қилинади: Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг бир халтачада ўнта атрофида ҳисобланган ажва хурмосининг данаклари бўлиб, бомдод намозини ўқигач, халтачадан данакларни бирма-бир олиб тасбеҳайтар, данаклар тугагач, бирма-бир яна халтачага қайтариб солар эди. Доим шу ҳолатда тасбеҳайтар эдилар (Имом Аҳмад ривоятлари).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳаётидан олинган лавҳада ҳар куни ўн икки минг зикрни тасбеҳ доналари ва тошчалар ёрдамисиз қандай амалга ошириш мумкин?!
Ҳақли савол туғилади, зикр қилишда тасбеҳнинг қадимги кўринишини ишлатган Абу Ҳурайра ва у киши каби бошқа саҳобалар розияллоҳу анҳумни бидъатчилар деб аташ мумкинми? Бидъат иш бўлса, улар буни қилишармиди?! Йўқ, албатта, қилишмасди! Юқорида бу борада ҳадислар ҳам келтирилди.
Баъзилар келтирилган ҳадисларни заиф деб эътиборга олмаганлар. Ушбу ривоятлар гарчи уларнинг фикрича фалончи, фалончи ровийлар сабабидан заиф бўлса-да, бироқ, ўтган муҳаддислар фикрига кўра ҳасан лиғойриҳи ҳадисдир. Чунки, заифлик ҳадис тариқ (йўл) ларининг кўплиги сабабли қувватланиб қолади. Шу билан бирга, жами уламолар фикрига кўра фазилатли амаллар борасида заиф ҳадисга амал қилиш жоиздир!
Мулоҳаза қилиб кўрилса, зикр қилувчи зикрда фикри адашиб, чалғиб кетмаслик учун тасбеҳ тутади. Ҳар кунги зикрини маълум миқцорга етказиш учун тасбеҳ ушлайди. Халойиқнинг энг яхшиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш, истиғфор, тасбеҳ, таҳлил, такбир, таҳмид кабиларни янглишсиз айтиш учун қўлига тасбеҳ олади.
Аллома Абдулҳай Лакнавий ўзларининг "Зийнатул фикр фи субҳатиз зикр” номли асарларида тобеинларнинг улуғларидан бўлган Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан нақл қилиб айтадилар. "Умар ал-Маккий устози Ҳасанул Басрийдан қўлларида ҳамиша тасбеҳ бўлишини кўриб, бу ҳақида сўраганида биз авваллари (саҳобалар даврида) буни ишлатар эдик, келажакда ҳам буни тарк қилмаймиз. Мен қалбим, тилим ва қўлим билан зикр қилишни яхши кўраман дедилар". Маълумки, Ҳасанул Басрий тобеинларнинг улуғи, саҳобаларни кўриб, улар билан яшаганлар.
Мазкур далиллардан маълум бўладики, тасбеҳ ишлатиш асло бидъат эмас, балки жоиз, ҳатто мустаҳаб бўлган ишдир. Чунки буни ман қиладиган бирорта далил йўқдир. Балки саҳобалардан келган хабарлар туфайли бу ишни қилиш марғуб амалдир. Валлоҳу аълам.
Хулоса: Тасбеҳ тутиш Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бошланиб, то ҳозиргача давом этаётган савобли амал. Зикрларни тасбеҳ орқали кўпроқ саноқ қилинаётган бўлса янада яхши. Зотан, саҳиҳ ҳадисларда ўттиз уч ва бошқа лафзлар билан саноқлар жоизлигига далиллар бор. Ким тасбеҳ тутишни истамаса, ихтиёри ўзида. Аммо тасбеҳ тутадиган мусулмонларни бидъат ва залолатда айблаши ножоиздир.
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан
Юнусхон Умаров ,
Косонсой туман “Садпири К омил” жоме
масжиди имом хатиби