Жаҳолатга қарши маърифат

ТАҲОРАТДА БЎЙИНГА МАСҲ ТОРТИШ ХУКМИ.

ТАҲОРАТДА БЎЙИНГА МАСҲ ТОРТИШ ХУКМИ.

   Таҳоратда бўйинга масҳ тортиш мустаҳаблигига далилларимиз бор:Лайсдан, у Толҳадан, у отаси(Мусорриф)дан, у бобосидан ривоят қилинади:«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларига масҳ тортганларини, бўйинларининг орт томонидан олд томонигача етказганларини бир марта кўрган».Имом Аҳмад ривоят қилган.

   Абулҳасан ибн Форис Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ва «саҳиҳ» деб таъкидланган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳуалайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким таҳорат қилиб, икки қўли билан бўйнига масҳ тортса, қиёмат куни ғулдан сақланади».

   Ҳанафий мазҳабимизда бўйинга масҳ тортиш мустаҳабдир.  Яъни, бажарилса савоб, бажарилмаса гуноҳ эмас. Бу ҳақда бир қанча ривоятлар мавжуд. Жумладан, юқоридаги хадис: “Абулҳасан ибн Форис раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳорат қилиб, бўйнига икки қўли ила масҳ тортса, қиёмат куни ғулдан сақланади”, дедилар”. Ҳадисдаги “ғул” – “темир бўйинбоғ”, “кишан” деганидир.

    Мазҳабимиздаги барча мўтабар фиқҳ китобларида бўйинга масҳ тортишни мустаҳаб экани баён қилинган. Жумладан, “Ал-Баҳрур роиқ” китобида шундай дейилади:“Фатҳул қодир” китобида бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб эканига Пайғамбаримиз алайҳиссалом бошларига масҳ тортиш билан бирга бўйинларига ҳам масҳ тортганларини далил қилиб келтирилган”.

   “Мажмаул анҳур” китобида қуйидагича баён қилинган:  “Таҳоратнинг мустаҳаби – бўйинга масҳ тортишдир. Ҳалқумга масҳ тортилмайди, чунки ҳалқумга масҳ тортиш бидъатдир”. Бўйинга қўл бармоқларининг орқа томони билан масҳ тортилади. Бунда қўл қайтадан ҳўлланмайди, балки, бошга масҳ тортиш учун ҳулланган қўл кифоядир.

      Аллома Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳ бу масала бўйича алоҳида китоб ёзиб, уни “Туҳфатут толабати фий таҳқиқи масҳир роқобати” (яъни, “Бўйинга масҳ тортишни аниқлашда талабаларга туҳфа”) деб номладилар. Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари бу китобда бўйинга масҳ тортиш ҳақидаги барча ривоят ва уламоларнинг фикрларини ўрганиб чиқиб, масалага қуйидагича хулоса қилганлар: “Бўйинга масҳ тортиш ҳақида ҳар хил фикрлар мавжуд. Кимлардир бу амални суннат деса, кимлардир бидъат деган ва яна кимлардир мустаҳаб деса, бошқалар эса, макруҳ деган. Бу масала борасида заиф бўлсада бир қанча ҳадислар мавжуд. Баъзилар эса жуда муболағага берилиб, бу ҳадисларни тўқима деган. Хулоса қиладиган бўлсак, бу мавзуда уламолар ихтиёр қилган гап шуки, бўйинга масҳ тортиш мустаҳаб, ким уни қилса, яхши ишни қилган бўлади. Ким қилмаса, зарари йўқ. Бу ҳақда келган ҳадислар гарчи заиф бўлсада, лекин, бўйинга масҳ тортишда фазилат борлигини исбот қилишга кифоя қилади”.

Манбаълар асосида тайёрла н ди.  
Ғиёсиддин Тожимирзаев, 
Учқўрғон туман  Байтул муқаддас жоме  
масжиди имом хатиби