Таълим тарбия

ТАКАББУРЛИК — МУСУЛМОНГА ЁТ СИФАТ

ТАКАББУРЛИК — МУСУЛМОНГА ЁТ СИФАТ

Инсоннинг бу дунёдаги энг олий мақсади Ҳақ таолонинг розилигига эришмоқдир. Бунинг учун Аллоҳ суйган гўзал хулқларни эгаллаш ва У Зот ёқтирмайдиган кибр ҳамда такаббурлик каби иллатлардан узоқ бўлиш лозим.

Қуръони каримда Луқмон алайҳиссаломнинг фарзандларига қилган буюк насиҳатларидан бири сифатида шундай дейилади: «Одамларга юзингни буриқмагин ва ерда керилиб юрмагин. Чунки Аллоҳ барча мутакаббир, мақтанчоқларни севмайди» (Луқмон сураси, 18-оят).

Аллоҳ таоло яна бир оятда: «Кибр қилувчиларнинг жойлашадиган жойи нақадар ёмон!» (Наҳл сураси, 29-оят) деб огоҳлантирган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Қалбида зарра мисқолича кибри бор одам жаннатга кирмайди» (Имом Муслим ривояти), деганлар. Саҳобалардан бири: «Киши кийими чиройли, пойабзали чиройли бўлишини яхши кўради (бу ҳам кибрга кирадими?)», деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни севади. Кибр эса — ҳақни тан олмаслик ва одамларни менсимасликдир», деб жавоб берганлар.

Кибрнинг асосий аломатлари:

Эъзозланишни исташ: Бирор мажлисга ёки жойга келганда одамлар унга ўрнидан туриб таъзим қилишини ёки атрофида қўл қовуштириб туришини хоҳлаш.

Пешқадамликка интилиш: Йўлда ёки давраларда ҳамиша ҳаммадан олдин юришни ва бошқалар унинг ортидан эргашишини суйиш.

Одам ажратиш: Камбағал, оддий ва фақир кишилар билан ёнма-ён ўтиришдан ор қилиш, уларнинг саломига кекирайиб алик олиш.

Уй меҳнатидан қочиш: Рўзғор ва уй ишларига қарашишни, яқинларга ёрдам беришни ўзига эп кўрмаслик.

Қалбни синаш ва тавозени шакллантириш йўллари:

Илмий мунозара: Тенгдошлари ёки бошқалар билан баҳслашганда ҳақиқат нариги томонда экани маълум бўлса, нафсни енгиб, уни оғринмай қабул қилиш ва ҳақиқатни айтган инсонга ташаккур айта олиш.

Давралардаги ўрин: Кўпчилик йиғилган жойларда тўрга интилмай, пастроқдан жой олиш ва бундан қалбан хижил бўлмаслик.

Оддийлик ва хизмат қилиш: Муҳтож ва мискинларнинг таклифини қабул қилиб, уларнинг хонадонига бориш, яқинларнинг ҳожатини чиқариш учун ўз оёғи билан бозор-ўчар қилиб бериш. Улуғ зотлар ўзларидан пастдагиларга ҳам иззат-ҳурмат билан муносабатда бўлишган.

Кибрга сабаб бўлувчи омиллар ва уларнинг давоси:

Илм ва ибодат билан ғурурланиш: Бу кибрнинг энг хавфли тури ҳисобланади. Ҳақиқий илм эгаси нафсини танийди ва қилган ибодатлари қабул бўлдими-йўқми деган хавф ва қўрқув билан яшайди.

Насаб ва келиб чиқиш билан мақтаниш: Асли бир томчи сув ва тупроқдан яратилган инсоннинг ота-боболари ёки қавми билан кериниши ақлсизликдир. Оллоҳ наздида энг ҳурматли инсон — энг тақволисидир.

Мол-дунё ва куч-қувват: Бир лаҳзада қўлдан кетиши ёки биргина касаллик билан барбод бўлиши мумкин бўлган вақтинчалик бойликка суяниш нодонликдир.

Ҳусн-жамол: Вақт ўтиши билан ўз аслини йўқотадиган, қарилик ёки касаллик туфайли ўзгарадиган ташқи гўзаллик асло кибр қилишга сабаб бўла олмайди.

Хулоса: Камтарлик ва тавозеъ — пайғамбарлар, сиддиқлар ҳамда солиҳ мўминларнинг энг гўзал хулқидир. Мутакаббир инсонлар жамиятда ҳам, Аллоҳ назарида ҳам хор бўладилар, тавозеъли кишиларни эса Ҳақ таоло икки дунёда ҳам баланд қилади. Аллоҳ таоло барчамизни кибрнинг ботиний ва зоҳирий кўринишларидан асраб, қалбимизни чинакам тавозеъ ва камтарлик билан зийнатласин!

Жобирхон Ҳалимхон ўғли,

Наманган тумани “Турсун ача” жоме 
масжиди имом-хатиби