Жамият аъзоларига муносабат

СУВ — БЕБАҲО НЕЪМАТ

СУВ — БЕБАҲО НЕЪМАТ

Аллоҳ таоло инсон ҳаёти учун зарур бўлган кўплаб неъматларни ато этган. Ана шу неъматларнинг энг буюги ва қадрлиси сувдир. Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Инсон, ҳайвон ва ўсимликларнинг ҳаёти сув билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам сув бебаҳо неъмат ҳисобланади.

Аллоҳ таборака ва таолонинг улуғ неъматларидан бири сувни қандай ва нима учун яратгани, ҳаётимизда унинг қадр-қиймати қандайлиги ҳақида бир лаҳза бўлсада фикр қилайлик, ўйлаб қилиб, у билан ерни обод ва маъмур қилди. Оби ҳаёт сабаби билан сизу бизларга нозу-неъматларни, барча набототу зироатни ердан чиқариб, ундириб қўйди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда хабар бериб айтадиВа осмондан барака сувини туширдик ҳамда у билан боғ-роғларни ва дон ҳосилини ўстирдик.(Қоф сураси,9-оят)

 Бошқа бир ояти каримасида эса Аллоҳ таборака ва таоло бандаларига: “(У) сизларга ерни тўшак, осмонни бино қилган ва осмондан сув тушириб, у билан сизларга меваларни ризқ қилиб чиқарган Зотдир (Бақара сураси 12-оят)

Бошқа бир ояти каримасида эса “Биз ҳар бир тирик нарсани сувдан яратдик”. (Анбиё сураси, 30-оят)

Юқоридаги бу ояти карималардан Аллоҳ таолонинг ер юзида униб-ўсишга, ҳаёт кечиришга қобилияти бўлган инсонлар, ҳайвонлар ва наботот оламини оби ҳаёт – сувдан яратгани маълум бўлади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам сувнинг қадрига етишга чақирганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан Саъд розияллоҳу анҳу таҳорат қилаётганида: “Эй Саъд, бу исроф нимаси?” дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, гарчи оқиб турган дарё бўйида турган бўлсанг ҳам”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

Ҳатто таҳоратда ҳам ортиқча сув ишлатиш исроф экан, энди қолган нарсаларни қиёслаб олаверинг. Экинга ҳам эҳтиёждан ортиғини ишлатиш исрофдир. Бу ҳадис мусулмонларни сувдан оқилона фойдаланишга, уни беҳуда сарф қилмасликка ундайди. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб ҳудудларида ичимлик суви танқислиги кузатилаётгани сувнинг нақадар қимматли неъмат эканини янада яққолкўрсатмоқда.

Сув Аллоҳ таолонинг беқиёс неъмати. Усиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари бизга сувнинг қадрини англатади, уни асраб-авайлашга ундайди. Демак, ҳар биримиз сувни эъзозлаб, исроф қилмай, келажак авлодлар учун ҳам асрашга ҳаракат қилишимиз лозим.

Сувни асраш ҳар бир инсоннинг вазифасидир. Жўмракларни очиқ қолдирмаслик, сув манбаларини ифлослантирмаслик ва сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш орқали ушбу неъматни келажак авлодларга соғлом ҳолда етказиш мумкин. 

Ҳар бир неъмат учун шукр қилиш лозим. Шукр эса фақат тил билан эмас, балки амалда ҳам бўлади. Сув неъматига шукр — уни тежаб ишлатиш, ифлос қилмаслик ва қадрлаш билан намоён бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимда сув бўла туриб, одамларни ундан ман қилса, Аллоҳ қиёмат куни ундан Ўз раҳматини ман қилади», — деганлар (Имом Бухорий ривояти мазмунида).

Бу ҳадис сувни нафақат исроф қилмаслик, балки бошқаларга ҳам фойда келтириш кераклигини кўрсатади. Қудуқ қазиш, ариқларни тозалаш, сув етказиб бериш каби ишлар исломда савобли амаллар сирасига киради.

Сув ҳар доим қўлимизда бордек туюлади, аммо дунёда ичимлик сувига муҳтож бўлган миллионлаб инсонлар бор. Шу сабабли, ҳар бир мусулмон сув неъматининг қадрига етиб, Аллоҳга шукр қилиши, уни эҳтиёткорлик билан ишлатиши лозим. 

Аммо, афсуслик билан айтамизки, тежамкорлик ва исрофгарчилик тўғрисида жуда кўп гапирилишига қарамай, ҳанузгача бу борада лоқайдликлар учраб турибди. Оддий биргина мисол, ичимлик сувидан фойдаланганимизда ҳали ҳам исрофгарчиликларга йўл қўйилмоқда. Баъзи хонадонларга кирилганда ёки маҳаллада умумий фойдаланиш учун ўрнатилган жўмраклар ёҳуд кўча-куйда йўловчилар фойдаланиши учун чиқариб қўйилган ёки бозорларда аҳоли фойдаланиши учун ўрнатилган жўмракларнинг аксарияти қишин-ёзин очиқ холда қолиб кетиши, уни тузатишга келсак, “Манга нима, кимга керак бўлса қилиб олсин!”, - деган маънодаги бепарволиклар айнан исрофгарчиликнинг ўзидир. Зеро, расмий маълумотларга кўра бугунги кунда 1 миллиарддан зиёд одам тоза сувдан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Шунинг учун мусулмон киши бундай нарсаларга бефарқ бўлмаслиги лозимдур

Аллоҳга беҳисоб шукрки, юртимизда ичимлик суви борасида бундай муаммолар йўқ.

Аммо соҳа мутахассислари яқин келажакда бизда ҳам кузатилиши мумкинлигини айтишмоқда. Бизда ҳам сув миқдори ўлчовлидир. Банда неъматни қадрига етса, шукр қилса, ўша неъмат зиёда қилиб берилади. Бордию ношукрлик қилиб, исрофга йўл қўйса, неъмат тортиб олинади ва ўрнига азоб келади.

Оламлар Робби бизга ато этилган чучук сув неъмати ҳақида бундай марҳамат қилган:
яъни: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70 -оятлари).

 Шундай экан, сувдан тежамкорлик билан - оқилона фойдаланиб, уни исроф қилишдан сақланайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни сувга эътиборли бўлиш, уни тежаб, авайлаб ишлатиш ва ушбу неъматга доимо шукр қилиб боришимизни насиб айласин!

 

Бобиржон Қозоқбоев.

Давлатобод тумани  “Муҳаммад Паноҳ”  жоме 
масжиди имом ноиби.