Жамият аъзоларига муносабат

СУВ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИ: УНИ АСРАЙЛИК, ИСРОФ ҚИЛМАЙЛИК!

СУВ — АЛЛОҲНИНГ ОМОНАТИ: УНИ АСРАЙЛИК, ИСРОФ ҚИЛМАЙЛИК!

Аллоҳ таоло инсониятга берган неъматлар ичида сув энг улуғ ва бебаҳо неъматлардан биридир. Сувсиз ҳаёт йўқ. Инсон ҳам, ҳайвон ҳам, ўсимлик ҳам сув билан тирикдир. Шунинг учун Ислом дини сувни фақат ичимлик эмас, балки Аллоҳнинг улуғ неъмати ва бандага берилган омонат сифатида қадрлашни буюради.

Бугунги кунда дунёнинг кўплаб ҳудудларида ичимлик суви танқислиги тобора кучаймоқда. Миллионлаб инсонлар бир қултум тоза сув топишга қийналмоқда. Биз эса баъзан бу бебаҳо неъматнинг қадрига етмай, уни исроф қиламиз. Ҳолбуки, неъматнинг шукри — уни қадрлаш ва исроф қилмасликдадир.

Қуръони каримда сувнинг улуғ неъмат экани ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Биз ҳар бир тирик нарсани сувдан яратдик. Ахир улар иймон келтирмайдиларми?” дейди. 

Бу оят сув ҳаётнинг асоси эканини очиқ баён қилади. Ер юзидаги барча тириклик сув билан боғлиқ.

Яна Аллоҳ таоло бошқа ояти каримада бу ҳақда шундей марҳамат қилади:  “У зот осмондан пок сув туширди. дейди. 

Бу оят ёмғир суви Аллоҳнинг раҳмати ва инсоният учун улкан неъмат эканини билдиради.

Сувни исроф қилишдан қайтарган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сувдан фойдаланишда жуда эҳтиёткор бўлганлар ва умматларини ҳам исрофдан қайтарганлар.

Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган бир одамнинг олдидан ўтиб:

"Бу қандай исроф?" — дедилар.

Саъд розияллоҳу анҳу:Таҳоратда ҳам исроф бўладими? — деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллоллаоҳу алайҳи васаллам:Ҳа, ҳатто оқар дарё бўйида таҳорат қилаётган бўлсанг ҳам. дедилар. 

Бу ҳадис Исломда сувни беҳуда сарфлаш қанчалик ёмон амал эканини кўрсатади.
Сув биз инсонлар учун омонатдир. 

Ҳар бир неъмат учун Қиёмат кунида ҳисоб берилади. Сув ҳам ана шундай неъматлардандир. Уни ифлослантириш, беҳуда оқизиш ёки исроф қилиш — Аллоҳ берган омонатга хиёнатдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:Енглар, ичинглар, лекин исроф қилманглар. Албатта, У исроф қилувчиларни севмас.” дейди. 

Бу оят фақат овқат эмас, барча неъматлар, жумладан сувни ҳам меъёрида ишлатишга даъват қилади.

Сувни асраш — келажакни асрашдир дейди доно ҳалқимиз. 

Бугунги кунда иқлим ўзгариши, қурғоқчилик ва сув манбаларининг камайиши инсоният олдидаги жиддий муаммолардан биридир. Агар ҳар бир инсон бир томчи сувни ҳам қадрласа, миллионлаб литр сув тежалади.

Сувни тежашнинг айрим йўллари:

Таҳоратда сувни меъёрида ишлатиш.

Кранларни очиқ қолдирмаслик.

Сув қувурларидаги носозликларни вақтида тузатиш.

Сув ҳавзаларини ифлослантирмаслик.

Фарзандларга сувнинг қадрини ўргатиш.
Хулоса ўрнида яна шуни эслатиб ўтмоқчимиз: 

Сув — оддий суюқлик эмас, балки ҳаётнинг манбаи, Аллоҳнинг улуғ неъмати ва бандага берилган омонатдир. Бир томчи сувнинг қадрини уни йўқотган инсон яхши билади. Шундай экан, ҳар биримиз сувни исроф қилмайлик, уни пок сақлайлик ва келажак авлодларга соғ-омон етказишга ҳаракат қилайлик.

Аллоҳ таоло бизларни неъматларининг қадрига етадиган, шукр қиладиган ва исрофдан йироқ бандаларидан қилсин.

Мухаммадшокир Бобоҳўжаев
Норин тумани Умарҳўжа эшон” жоме 
масжиди имом хатиби