• Home
  • Раддия
  • СОХТА САЛАФИЙЛАР ИСЛОМ УММАТИ УЧУН ЭНГ ХАТАРЛИ ИЛЛАТДИР.
Раддия

СОХТА САЛАФИЙЛАР ИСЛОМ УММАТИ УЧУН ЭНГ ХАТАРЛИ ИЛЛАТДИР.

СОХТА САЛАФИЙЛАР ИСЛОМ УММАТИ УЧУН ЭНГ ХАТАРЛИ ИЛЛАТДИР.

Асримизда янги ном билан атала бошлаган салафийлик оқимининг жамиятга ва инсонларга нисбатан хатари юқори эканига замонамизнинг аҳли сунна вал жамоа уламолари бир овоздан иттифоқ қилишган. 

Уларнинг асл мақсади мусулмонлар жамиятини пароканда қилиш, миллатлар ўртасидаги иттифоқлик, бағрикенглик ва дўстлик ришталарини узишга қаратилган. Бу йўлда улар ҳатто Қуръон оятлари ва ҳадисларни бузиб талқин қилишдан ҳам тоймайдилар. 

Ислом душманлари ва ер юзида якка ҳокимликни хоҳловчи кучлар ер ости ва усти бойликларига бой бўлган ҳудудларда яшовчи асосий аҳолиси мусулмон бўлган юртларни шунчаки ташқаридан босиб олишга кучи етмас эди. Чунки мусулмонлар эътиқодидаги бағрикенглик ва аҳил-иноқлик, бошқа дин вакилларига ҳам ўзаро ҳурмат ва садоқат дин душманларининг ғаразли мақсадларини амалга оширишга тўсқинлик қилар эди. Шунда ғанимлар мусулмонларнинг маънавияти, миллий ва диний қадрият ва урф-одатларига таъсир ўтказиш режасини ишлаб чиқдилар ва уни амалга ошириш учун мусулмонлар учун қадрли бўлган Қуръон ва суннатдан фойдаландилар. Бунинг учун улар шу соҳадаги мутахассисларга муҳтож эдилар. 

Уларнинг ғоясига хайрихоҳ ва нафси учун яшайдиган "чаламулла" ларни ни ёллаб шу кунгача муайян мақсадларига эришиб келмоқдалар. Уларнинг ғоясига эргашганларнинг асосий қисми бефарқ, совуққон, оқибатни ўйламайдиган, дангаса, илмсиз, дунё ҳирсига ўч,  маърифатсиз кишиларни ташкил қилмоқда. 

Салафийлик ғоялари акс этган адабиётлар ишлаб чиқилиб тарқатилмоқда. Бу йўлда улар асосан фиқҳ йўналишида ибн Таймийя, ибн Қаййум, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб каби шайхларининг фатволаридан фойдаланадилар, ҳадис йўналишида Албонийнинг "Саҳиҳул жоме" китоби асос бўлади, ақида йўналишида Солиҳ оли Шайх, Солиҳ ал Фавзон, ибн Абул Изз кабилар китоб ва шарҳлар ёзганлар. Булар орасида ибн Абул Изз "Ақидатут Тоҳовийя" га шарҳ ёзган бўлиб унда асосан ибн Таймийя ва ибн Қоййумларнинг қарашларидан фойдаланган аммо, китобда уларга тўғридан тўғри нисбат берилмаган.

"Ақидатут Тоҳовийя" китобини ҳанафий мазҳаби асосида ёзилганини эътиборга оладиган бўлсак бу шарҳ ҳатто илм аҳли ва толиби илмларни ҳам чалғитадиган кучга эга китобдир. Салафийлик уч йўналишни ўз ичига олади: диний-илмий йўналиш бўйича ўзбекзабон инсонларга "даъват" ишларида "Содиқ Самарқандий" ва "Юсуф Даврон" кабилар бошчилик қилади, жиҳод йўналишида "Абдуллоҳ Зуфар" кабилар бошчилик қилади, сиёсий йўналиш ҳам бўлиб унда ҳам муайян шахслар даъват ва қўллаб-қувватлаш ишлари билан шуғулланади. Бундан ҳушёр ва огоҳ бўлмоғимиз лозим. 

Шунинг учун шаръий масалаларга ёки китобларга мурожаат қиладиган юртдошларимиз ўзбошимчаликка берилмасдан соҳа мутахассисларига яъни, юртимиз уламоларига қулоқ тутишларини илтимос қиламиз. 

Диний муассасаларда таълим олаётган толиби илмларимиз ҳам ҳар жиҳатдан устозлар кўмаги ва кўрсатмасидан узоқлашмасликларини сўраймиз. 

Салафийлик ғоялари таъсирига тушиб қолганларнинг аксари бугунги кунда боши берк кўчага кириб қолганлиги танлаган йўли янглиш эканини изҳор қилмоқдалар. Хулоса тариқасида айтадиган бўлсак дунёвий жамиятда диний-миллий урф-одатлар ҳамоҳанглигида яшаб бахту саодатга етган аждодларимиз барпо қилган йўлдан оғишмай борсак яхшиликларга эришамиз иншааллоҳ. Бу борада Ҳанафийлик мазҳаби юртимиз мусулмонлари учун энг тўғри танлов бўла олади, Аллоҳ билгувчидир. 

 

Расулхон Убайдуллаев,

 Наманган шаҳри "Яҳёхон тўра" жоме 
масжиди имом ноиби.