• Home
  • Раддия
  • СОЛИҲ ЗОТЛАРНИ ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ
Раддия

СОЛИҲ ЗОТЛАРНИ ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ

СОЛИҲ ЗОТЛАРНИ ҚАБРЛАРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ

Ҳаётлик пайтида қариндош ва яқин дўстлардан кимларни зиёрат қилиш мустаҳаб бўлса, уларни вафот топган вақтида ҳам ҳаётлик пайти сингари зиёрат қилиш суннат бўлади. Дайламий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир яқин дўсти қабрини зиёрат қилиб унга салом берса ва қабри олдида ўтирса, унга қабрдаги дўсти алик олади, токи у қабрдан туриб қайтгунига қадар у билан унслашади”, деганлар.

Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирор киши дунёда танийдиган мўмин биродари қабри олдидан ўтиб унга салом берса, қабрдаги киши унга алик олади”, деганлар (Хатиб Бағдодий “Тарих”ларида келтирганлар).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабрларни зиёрат қилинглар, чунки у сизларга ўлимни эслатади”, деганлар. 

Саййид Ализода раҳматуллоҳи алайҳ “Ширъат ул-ислом”да қабр зиёрати ҳақида шундай дейди: “мусулмонларнинг қабристонини зиёрат қилмоқ Ислом суннатларидандир[1].

Имом Ғаззолий “Иҳё”да айтади: “Қабрларни зиёрат қилмоқ мустаҳаб бўлади. Зиёратдан мақсад инсон ўзига насиҳат олиши, қабрдаги одам билан ўз ҳолини бир таққослаб ибратланмоқ бўлиши керак. Солиҳлар қабрини эса, табаррук учун зиёрат этилади. Зиёратчи қалбида қабрдаги инсоннинг ҳолини кўз олдига келтириб тасаввур қилиши лозим. Унинг Мункар ва Накир фаришталарга ҳисоб бериши қандай бўлди, ёлғиз ҳолида унга қайси амаллари ҳамроҳлик қилди, қабр азобига қандай бардош беряапти ва ҳоказоларни ўйлаб тафаккур қилиши керак бўлади[2].

Уламолар, авлиёлар ва солиҳ зотларнинг қабрларини зиёрат қилиш ҳам мустаҳаб амаллардан. Уларнинг қабрларини зиёрат қилишда зиёрат қилувчи ва қилинувчи учун ҳам кўп фойдалар мавжуд. Зиёрат қилувчи қабрларни зиёрат қилиб ундан ибрат ва ваъз олади. Қабр эгаларига салом йўллаб ҳаққиларига дуолар қилади. 

Вафотларидан сўнг ҳам уламо ва солиҳ зотларга яқин бўлиш фазилатли иш ҳамда қариндошларга яқин бўлишдан афзал иш ҳисобланади. Чунки уларнинг уммат устидаги ҳақлари отанинг бола устидаги ҳаққидан таъкидлироқ. Улар Пайғамбарлар меросҳўрларидир. 

Солиҳ зотларнинг қабрларини зиёрат қилиш фазли ва у жойда дуолар ижобат бўлиши борасида уламолардан кўплаб нақллар мавжуд. Ана шулардан бири Имом Заҳабий “Сияр аъламин нубала”да Саййида Нафиса розияллоҳу анҳонинг таржимаи ҳоли борасида: “У шарафли солиҳа зот ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг неваралари Ҳасаннинг ўғли Зайднинг ўғли Ҳасаннинг қизидир. Айтиладики: “обида солиҳа зотлардан бўлган. Унинг қабри тепасида қилинган дуо ижобатдир. Пайғамбар ва солиҳ зотларнинг қабри тепасида қилинган дуо ижобатдир””, деган. 

Аллома ибн Жавзий: “Солиҳ зотларни қабрлари тепасида қилинган дуоларнинг ижобат бўлиши тажриба қилинган”, деган. 

Албатта солиҳ зотларни қабрлари олдида дуо қилиш деганда қабр эгаларидан бирор нарса сўраш назарда тутилмаган. Дуо фақат Аллоҳ таологагина қилинади. Қабр эгаларидан дуо қилиб сўраш бу ширк амал саналади.

Имом Нававий “Азкор”да: “Зиёратни кўпайтириш ва хайр ва фазл аҳли қабрлари тепасида кўпроқ туриш мустаҳабдир”, деган.

Солиҳ авлиё зотларнинг қабрлари устига бино қилиш жоиз амаллардан. Имом Байзовий айтадилар: “Яҳудий ва насронийлар пайғамбарларини улуғлаб  уларнинг қабрларини саждагоҳ ва қибла қилиб олдилар ва намозларини уларга юзланиб ўқидилар. Мусулмонлар ҳам айнан шундай ишларни қилишдан қайтарилганлар. 

Лекин солиҳ кишининг ёнига масжид қилиб олса, бу иши уни улуғлаш ва унга юзланиш мақсадида эмас, қилган ибодатига ўхшаш ибодатга сазовор бўлиш мақсадида бўлган бўлса бунинг ёмон жиҳати йўқ. Бунга мисол Набавий масжиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг икки соҳиблари қабрлари шу масжид ичида бўлсада бирор оқил киши бу масжидда намоз ўқиш ҳаромлигини айтмаган. Балки бу масжидда намоз ўқиш бошқа масжидда ўқилган намозларнинг мингтасига тенглиги маълум ва машҳур”.

Қабрларни зиёрат қилиш борасида зиёрат қилиш тартиб ва одобларидан баъзиларини зикр қилсак:

  1. Зиёратчининг қабр зиёратига Аллоҳ таолонинг рози­лигини тилаб, тавозе билан бориши. Динимизда буюрилган ҳар бир амалда ниятнинг тўғри бўлиши муҳим.

 

  1. Қабристонга етганида қабр аҳлига салом бериб кири­ши. Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилин­ган дуо ва саломлар қуйидагилар: “Ассалому алайкум, мўминлар ва муслимлар диёри аҳллари. Албатта, биз ҳам иншааллоҳ, сизларга қўшиламиз. Сизлар биздан олдин келгансизлар ва биз сизларга қўшиламиз. Аллоҳдан бизга ҳам, сизга ҳам офият сўраймиз” (Имом Аҳмад ва Насоий ривояти).

 

  1. Қуръондан билган сураларидан ўқиши.

    Маъқал ибн Ясар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўликларингизга Ёсин (сураси)ни ўқинглар”, деб марҳамат қилганлар». Бошқа ривоятларда Мулк су­раси қабр азобидан нажот берувчи экани айтилган. Шу сабабли ҳам бизнинг юртларда маййитни дафн қилгач, Мулк сурасини ўқиш одат бўлиб қолган.

     

     

4. Ўзи ва бошқа барча ўтганларга дуо қилиб, истиғфор сў­раши. Бир-бирларини хайрли дуо қилиш мусулмонларга хос фазилатдир.

Аъзамжон Саминов,
“Ҳидоя” мадрасаси ўқитувчиси
 


[1] https://ahlisunna.uz/qabr-ziyorati

[2] Юқоридаги манба