Рамазон 2026

СОЛИҲ АМАЛЛАР ОЙИ

СОЛИҲ АМАЛЛАР ОЙИ

 Рамазон ойи қадимдан диёримизда халқимизга хос поклик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва сахийликни ўзида мужассам этган муборак ой сифатида намоён бўлиб келган. Шунингдек, бу ой мусулмонларни янада эзгу амалларга чорлайдиган, хайру саҳоватли бўлишга, бир-бирларига меҳр-мурувват кўрсатишга ундайдиган ойдир.

Аллоҳга беҳисоб ҳамду санолар бўлсинки, жаннатмакон ўлкамизнинг мўмин-мусулмонлари ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси бўлмиш Рамазонни ниҳоятда кўтаринки руҳда, завқу шавқ билан кутиб олмоқдалар. Улар ушбу муборак ойни кечаларини тоат-ибодат, кундузларини рўзадор ҳолда ўтказишни ният қилган ҳолда қаршилашмоқда. 

Чунки Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасини тутишни мусулмонларга фарз қилган. У исломнинг беш асосий амалларидандир. Рамазон ойини фазилатларини санаб тугатиб бўлмайди. Исломнинг бош манбаи инсониятнинг қиёматгача ҳаёт дастури Қуръони карим шу ойда нозил этилган. Ушбу ойда ислом тарихига зархал ҳарфлар билан ёзилган жуда кўп олмшумул воқеалар содир бўлган. Шу  боис бутун дунё мусулмонлари ушбу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.

Рамазон ойининиг рўзасини тутиш Қуръони карим ва суннати мутаҳҳара ҳукми билан фарз қилинган. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби Сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят)

Аллоҳ таоло мўминларга қарата олдин ўтган бошқа қавмлар каби ислом умматига ҳам рўза фарз қилингани хабарини беряпти ва рўза тақводорлик белгиси эканини ҳам таъкидлаяпти. Зеро, рўза ибодати билан нафс тарбияланади, шаҳвоний ҳою ҳаваслар жиловланади. Рўза тутиб, инсон комил хулқларга эга бўлади. Комил хулқли инсонлар яшаган жамиятда осуда, тинч ва осойишта ҳаёт ҳукм суради. 

Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб, яқин қўшниларимиз, қариндош-улуғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, аввало, қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз тарғиботига мувофиқдир. Зеро, ҳадиси муборакда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимки рамазон рўзасини имон-эътиқод ва Аллоҳдан савоб умид қилиб тутса, униниг ўтган гуноҳлари кечирилиб юборилади”

Юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик бардавом бўлсин. Муборак рамазон ойи шарофатидан диёримизни кўркам ва обод бўлишини таъминласак, халқимизга бераётган неъматлар баракотларини янада мўл қилсак, ёшларимиз диёнатли, инсофли, илмли, ўз юртига садоқатли, баркамол авлод бўлиб вояга етадилар.

Анвархон Акрамов,
Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд” жоме 
масжиди имом-ноиби