Таълим тарбия

ШИРИН СЎЗ ҚАЛБЛАРНИ ЯҚИНЛАШТИРАДИ

ШИРИН СЎЗ ҚАЛБЛАРНИ ЯҚИНЛАШТИРАДИ

Маълумки, тил, ўзаро мулоқот, сўзлашиш Аллоҳ таоло бандаларига икром қилган энг буюк неъматлардандир. Зеро биз ҳар куни ўзаро мулоқот қилишга муҳтожмиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўрнак кўрсатган улуғ хулқлардан бири ширинсўзликдир. Оиламизда юмшоқ, оғир-босиқ ва мулойим гапиришнинг оиладаги муҳитга нечоғлик таъсир қилишини унутмаслигимиз керак. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари бу борада гўзалдир. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жуфтлари, фарзандлари ва набираларига ҳеч қачон овозларини кўтармаганлар, ғазаб қилмаганлар, ширин гапирганлар ва мулойимлик билан насиҳат қилганлар. Ҳатто ибодат қилаётиб, саждага бош қўйганларида, набиралари Ҳасан ва Ҳусайнлар устиларига чиқиб олганида ҳам, уларни койимаганлар. Оила бошлиғининг оилада ширин сўзлаши билан бутун оила тинч бўлади, фарзандлар оталаридан ўрнак оладилар, оналар ҳам фарзандларига қаттиқ овозда жиркамайдилар. Оила тинч бўлганидан кейин бутун юрт фаровон бўлади, иншааллоҳ. 

Мулойимлик ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло мулойимликни яхши кўрадиган халим зотдир. У зот мулойимлик соҳибига қўполлик ва ундан бошқа хислатларга берилмайдиган ажр-мукофотни бергай», дедилар (Имом Муслим ривояти). 

Ширин сўзнинг зидди қўполлик ва ҳақоратдир. Исломда сўкиш, ҳақорат қилиш ва фахш сўзларни ишлатиш қатъиян ман этилган ва катта гуноҳ ҳисобланади. Ҳадисларда мусулмонни сўкиш фисқ, яъни итоатдан чиқиш, уришиш эса куфр деб баҳоланган. Мўмин киши одобли, тилидан яхши сўз чиқадиган ва бошқаларга озор бермайдиган бўлиши лозим. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши сўз садақадур» (Имом Муслим ривояти), деганлар. Бир инсон сиздан маслаҳат сўраса, шариатга мувофиқ яхшилик маслаҳатини берсангиз, садақа ва эҳсон қилганнинг савобини оласиз. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда таом бериш билан ширинсўзликни бирга зикр қилдилар, чунки инсонларга яхшилик қилиш ширинсўзлик ва солиҳ амал билан тўлиқ бўлади. 

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ёмонлиги ва қўполлиги билан машҳур бўлган одамларга, уларни ёмонлигидан сақланиш учун мулойим гапирардилар. Мусулмонлар бир-бирларига энг яхши ва гўзал сўзларни айтишлари керак. 

Ширинсўз бўлиш жамият учун ўта муҳим бўлган оила мустаҳкамлигини таъминлайди. Аллоҳ бизларга ширинсўзлик ва мулойимлик билан муомала қилишни насиб қилсин. 

Аъзамхон Исақов,
Наманган шаҳар “Ёқуббой ҳожи” жоме 
масжиди имом-хатиби