Аллоҳ таоло биз бандаларига шу қадар меҳрибонки, Ўзининг розилигини ибодат билан топишимиз билан бир қаторда, ўзаро инсонлар ўртасидаги муомалаларни чиройли ва холис қилиш билан ҳам топиш имкониятини берган.
Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро сураси, 26-оят).
Қариндошлик ришталарини боғлашга бўлган эътибор нафақат бизни динимизда, балки биздан олдинги динларда ҳам бўлгандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, - деб аҳд олган эдик. Кейин (сиз, эй, Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан бошқангиз ушбу аҳддан юз ўгирдингиз” (Бақара сураси, 83-оят).
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:“Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: “Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар”, дея марҳамат қилганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсонни ризқини кенг ва умрини узун бўлишига сабаб бўлади. Силаи раҳм қиладиган инсон бу дунёда кўп яхшиликларга эга бўлиш билан бирга охиратда улуғ ажру мукофотлар соҳибига айланади.
Шу билан бирга қариндошлик ришталарини узиш энг оғир гуноҳлардан ва ёмон феъллардан ҳисобланиб, тошбағирлик ва ҳиссиётсизлик деб баҳоланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Мен қариндошларимга силаи раҳм қиламан, улар мендан алоқани узиб кетадилар. Уларга қанчалик яхшилик қилсам ҳам, улар менга ёмонликни раво кўрадилар. Уларга доимо яхши муомалада бўлишимга қарамасдан, улар буни эътиборларига ҳам олмайдилар”, деб шикоят қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қариндошларга оқибат қилмайдиган одам қариндош эмас, балки узилиб кетган қариндошлик ришталарини тикловчи одам қариндошдир. Сен айтган сўзларингда бардавом бўлсанг, Аллоҳ сен билан биргадир”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ривоятда эса:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳақиқий силаи раҳм қилувчи киши қариндошлари тарафидан унга қилинган алоқага жавоб тариқасида (борди-келди) алоқа қилаётган одам эмас, балки улар тарафидан алоқа узилган пайтда уларга алоқани боғлаган одамдир” (И.Бухорий ривояти).
Демак, бир-биримизга қанчалик яхшилик ва раҳм-шафқат қилсак, Аллоҳнинг раҳмати бизларга шунчалар яқин бўлаверади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитганман: “Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлари билан алоқа) қилсин!” (Имом Бухорий ривояти).
Демак, силаи раҳм қилишлик билан инсоннинг умри зиёда, моли кўп, ризқи кенг бўлади, ажали орқага сурилади, ўз аҳли ва қариндошларининг муҳаббатига сазовор бўлади.
Силаи раҳм деганда қариндошлар билан яқин муносабатда бўлиш, уларнинг хурсандчиликлари билан қувониш, мусибатларига ҳамдард бўлиш, муҳтож бўлсалар уларга ёрдам бериш, уларни доимо зиёрат қилиб туриш, кўнгилларини олиш, дилларини оғритишдан сақланиш, улардан бирор ёмонлик етса ҳам кек сақламай кечириб юбориш, қалбида уларга нисбатан ҳасад ва адоват сақламасдан ўртада муҳаббат пайдо қилиш йўлида бор куч ва ғайратини сарф қилиш каби фазилатларни ўз ичига олади.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, силаи раҳм қилсин”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Хулоса қилиб айтганда, силаи раҳм мўминларга хос сифат бўлиб, ҳар бир мўмин-мусулмон бунга эътибор бериши муҳимдир. Ана шунда қариндошлар орасидаги силаи раҳмни мустаҳкамлаб, Аллоҳ ва Расули севган бандалар қаторига қўшиламиз, иншааллоҳ.
Қодирхон МАМАЖАНОВ,
Янгиқўрғон тумани “Мамай” жоме
масжиди имом-хатиби