Жамият аъзоларига муносабат

СИЛАИ РАҲМ — БАРАКА ВА МЕҲР ОМИЛИ

СИЛАИ РАҲМ — БАРАКА ВА МЕҲР ОМИЛИ

«Шарҳи Сунна» китобида баён этилади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қиладилар: «Кимнинг қарамоғида уч нафар қизи бўлса ёки учта синглиси қарамоғида қолса, уларга меҳрибонлик қилиб, яхши одоб ўргатса, Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилади». Шунда бир саҳоба: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Қизи иккита бўлса-чи?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки нафар бўлса ҳам», дедилар.

Қиз бола турмушга чиққунга қадар отаси ва ака-укаси, яқин эркак қариндошлари қарамоғида бўлиши, оила қуриши билан эса унга ғамхўрлик қилиш масъулияти эрининг зиммасига ўтиши маълум. Бироқ ҳаётда ҳар хил вазият бўлади. Тақдир тақозоси билан турмуш ўртоғи вафот этиб, бева қолган жувонга ким масъул? Деган масала ҳам бор.

Суроқа ибн Жуъшумдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақа нималигини айтайми?» «Ҳа, ё Расулуллоҳ», — жавоб берди у. «Ҳузуринга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган қизингга марҳамат кўрсатмоғинг энг улуғ садақадир», — дедилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом (Имом Аҳмад ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан англаш мумкинки, боқувчисини йўқотган опаси, синглиси ёки қизига меҳр-мурувват кўрсатган инсон энг улкан ажрга эга бўлади. Бошига мусибат тушган аёлнинг маҳрамлари уни ўз ҳолига ташлаб қўймасликлари, унга тасалли бериб, қўлларидан келганча ёрдам беришлари лозим.

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб баъзи бир оилаларда тақдирнинг мана шундай вазиятларида опа-сингилларини хор-зор ташлаб, силаи раҳмни узиб қўяётган баъзи бир нобокор эркаклар ҳам учраб турибди. Натижада аёлларнинг бузилиши ва жамиятда бошқа бир жиноят ва фаҳш ишларнинг келиб чиқишига замин яратилмоқда. Ахир булар учун ўз оға-инилари ва эркаклари масъул эканлигини унутмаслик керак.

Силаи раҳм фақат моддий ёрдам ёки оғир кунда суянч бўлиш билан чекланмайди, балки ҳол-аҳвол сўраш, ширин сўз, дуо ва ўзаро меҳр-оқибатда ҳам намоён бўлади. Баъзан бир оғиз илиқ сўз ёки эътибор яқин инсоннинг қалбидаги маҳзунликни аритиб, унга яшаш ва курашиш учун янги куч бағишлайди.

Шунингдек, силаи раҳм оила ва маҳаллада тотувликни мустаҳкамлаб, болалар ва ёшлар учун ҳам гўзал тарбия мактаби бўлиб хизмат қилади. Ота-она ва яқинларнинг қариндошларга меҳр-оқибат кўрсатаётганини кўриб улғайган фарзандлар эртага ўз жигарларини қадрлайдиган, оғир дамда бир-бирига елкадош бўладиган инсонлар бўлиб камолга етадилар.

Қариндошлик алоқаларига риоя этиш, яъни силаи раҳм жамият фаровон бўлиши гаровидир. Шунинг учун шариатимиз аҳкомларида силаи раҳмга кенг тарғиб қилингандир. Қавму қариндошлик алоқаларининг узилиши Аллоҳ таолонинг раҳматидан узоқлашишга ва қаҳрига дучор бўлишга олиб борувчи йўл эканлиги ҳадисларда ворид бўлган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: «Кимки ризқ-рўзи кенг ва умри узун бўлиши хурсанд этса, бас, у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлари билан алоқани мустаҳкамласин» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мўминнинг энг олий мақсади Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш, раҳматига сазовор бўлишидир. Яратганнинг марҳаматига ноил бўлишни истаган банда аввало эзгу амалларни кўпайтириши ва бу ишни биринчи навбатда ўзининг яқинларидан, хусусан, ҳимояга муҳтож инсонлардан бошлаши лозим.

Манбалар асосида тайёрланди.

Отабек Саидазимов,
Учқўрғон тумани “Шарҳончек” жоме 
масжиди имом-хатиби