Жамият аъзоларига муносабат

САВДО-СОТИҚ ШАРТЛАРИ

САВДО-СОТИҚ ШАРТЛАРИ

 Савдо-сотиқнинг одоблари жуда кўп бўлиб улардан баъзиларини эслаб ўтамиз.

1. Муомалада ростгўй бўлиш.

Яъни, савдо молини ҳақиқий сифати ила сифатлаш, унинг навл, жинси ва тайёрлаган тарафи ва сарф-харажатлари ҳақида ёлғон гапирмаслик. 

Рифоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намозгоҳга чиққан эканлар. Бас у зот савдо қилаяпган одамларни кўриб: «Эй тожирлар жамоаси!»-дедилар. Улар бошларини кўтариб, чақириққа жавобан у зотга қарадилар. 

Шунда у зот «Албатта тожирлар қиёмат куни фожирлар бўлиб қайта тирилтирурлар. Магар, Аллоҳга тақво қилган, яхшилик ва ростгўйлик қилган киши бундан мустасно» - дедилар». Термизий ривоят қилган. Агар тақводор, яхшилик қилувчи ва ростгўй бўлмаса, охиратда надомат ва шарманда бўлиб қайта тирилади. Ҳар бир савдогар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифати:

  1. Аллоҳ таолога тақво қилиш.

  2. Яхшилик қилиш.

  3. Ростгўй бўлиш сифатларини ўзида мужассам қилишга уринмоғи керак.

Ушбу сифатлари бор одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, харомхўрлик қилмайди.

Ибни Умар р.а.дан ривоят қиланади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзининг савдо-сотиқда алданиб қолишини зикр қилди. Шунда у зот: «Қачон савдо қиладиган бўлсанг, алдаш йўқ дегин» дедилар. Бу ҳадимни Насаий ривоят қилган.

2. Муомалада саҳоватли бўлиш.

Сотувчи баҳони пастроқ қилишда ва ўлчашда саҳоватли бўлишга ҳаракат қилади. Харидор ҳам қаттиқ шартларни талаб қилиб туриб олмайди.

Мусулмон одам доимо карамли, саҳоватли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтижа. Савдогар бир тийин устида етти думалаб туриши барака келтирмайди. Балки саҳийлик, очиқлик, озгина ўтиб беришлик Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракасига сабаб бўлади.

Хузайфа р.а.дан ривоят қилинади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Фаришталар сизлан олдин ўтганлардан бирининг руҳини қабул қилиб олдилар. Сўнгра унга: 

«Бирор яхшилик амал қилганмисан?» дедилар. 

«Йўқ» - деди у.

«Эсла» - дедилар.

«Мен бой одам эдим ва одамларга қарз берар эдим. Бас, бойдан қабул қилар, камбағалдан кечиб юборар эдим». Бас Аллоҳ таоло: «Бандамни гуноҳларини кечиб юборинглар» - деди» дейилган. Термизий ривояти: 

Бойлар бу ҳолатни яхши эслаб қолишлари керак. Қарздорлар эса иложи борича кечиктирмай қарзларини адо этишлари лозим бўлади. 

Абу Хурайра р.а.дан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан боъзини ўтиб юборса, Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади»- дедилар». Термизий ривояти.

Қарздор камбағалга қарзини узиш учун муҳлат бериш ёки унинг қарзидан баъзи қисмини кечиб юбориш қанчалар яхши эканини кўриб турибмиз. Демак ушбу ҳадисга амал қилишингиз зарур. Бировдан қарз олган одам эса уни ўз вақтида, ўзидан ҳамьафзал этиб қайтаришга ҳаракат қилиши керак бўлади. Чунки қарз берувчи кераклик пайтида унга ёрдам берди, ўз фойдасидан кечиб, унга яхшилик қилди. Унинг яхшилигини унутмасдан вақтида қайтариш керак.

Қийналган пайтида қарзни олиб, кейин бермай чўзиб юриш инсофдан эмас.

3. Қасам ичишдан четда бўлиш.

Савдо пайтида ўз гапини тасдиқлаш учун қасам ичмаслик керак. Чунки, бу нарса бараканинг қочишига сабаб бўлади.

Абу Хурайра р.а.дан ривоят қилинади«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қасам ичиш савдо молини ўтказувчи, баракани ўчирувчидир» дедилар». Учовлари ривоят қилишган.

Имом Муслимнинг ривоятларида эса.

«Савдода кўп қасам ичишдан сақланинглар. Чунки у ўтқазади ва ўчиради» дейилган.

Айрим савдогарлар ўз молларини ўтказиш учун ёлғон гапирадилар, хатто қасам ҳам ичадилар. Баъзи харидорлар унинг қасамига ишониб, унинг молини сотиб олади. Ҳалиги савдогар, савдойим юришди, деб хурсанд бўлади-ю лекин ёлғон гапиргани, ёлғон қасам ичгани учун пулининг баракаси бўлмайди. Миқдори кўпайганга ўхшагани билан баракаси бўлмайди. Фойдаси камаяди. Хатто бошқа томондан балолар ҳам етади. Шунинг учун ҳам савдогар ростгўй бўлиши керак, қасам ичиб молини ўтказишга уринмаслиги лозим. Ростгўйлик билан, бировни алдамасдан қилинган  савдода барака бўлади. Эгасига юқади, фойда беради.

Демак, одамларни қизиқтириб молини ўтказиш учун бу мол ўзи менга бунгача тушган, деб ёлғон қасам ичиш, охиратда ёмон оқибатларга олиб келади. Шунинг учун бу нарсадан хушёр бўлиш керак.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таом сотаётган кишининг олдидан ўтаётиб «Қандоқ сотаяпсан» деб сўрадилар. У хабар берди. Шу пайт Пайғамбаримизга «Қўлингизни у таом ичига тиқинг» деб ваҳий қилинди. Шунда у зот қўлларини тиққандилар хўл экан, шунда Набий с.а.в. «Кимики алдаса, биздан эмас» дедилар». Абу Довуд ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдаги таом деб номланган ва савдога қўйилган мол буғдой бўлиб, унга осмондан тушган ёмғир тегса, шишиб оғир бўлиб қолади. Шунда сотувчи тарозидан ноўрин фойда кўради. Ёмғир теккан буғдойни сақлаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам уни айбини айтмай сотиш алдамчилик ҳисобланади.

4. Кўп садақа қилиш

Савдо пайтида бўладиган баъзи камчиликларниювилиши учун савдогар киши кўп садақа қилиб туриши лозим.

Қайс ибн Абу Ғазарра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ Соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида «даллол» деб аталар эдик. Расулуллоҳ с.а.в. бизнинг олдимиздан ўтдилар ва бизларни ундан яхшироқ исм билан номладилар: «Эй тожирлар жамоаси, албатта, савдода беҳуда нарса ва қасам ҳозир бўлади. Бас уни садақа ила аралаштиринглар». Дедилар. Сунан эгалари ривоят қилган.

5. Молиявй муаммоларни ва қарзни ёзиб бориш ва гувоҳ келтириш.

Тожир савдо шартномасини ва қарзни ёзиб бориши лозим. Насияга савдо қилганда ва қарз берганда гувоҳларни ҳозир қилиш мақбулдир. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 282-оятида айтади. «Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга арз олди-берди қилган вақтингизда, уни ёзиб қўйинг».

6. Фойда олишда ҳаддан ошмаслик.

Албатта тожир ўз ишидан фойда кўриши керак. Лекин устига нарҳ қўйишда ҳаддан ошмагани маъқул.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли» деган (29-оят). 

Аввал ҳам айтиб ўтганимиздек савдо тўғрисида кўп-кўп ҳадислар ривоят қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам аввал тожирлик билан машғул бўлганлар. 

Савдонинг жоизлигига ислом умматининг уламоларининг барчаси рози бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар этиб юборилганларида, одамлар савдо-сотиқ қилишар эди. Ислом уларнинг бу ишларини тасдиқлади ва унга ўз қоидаларини киритди.

Катта саҳобалардан Ҳазрати Абу Бакр ипак, Ҳазрати Усмон ипак ва хурмо, Ҳазрати Умар озиқ-овқат, Ҳазрати Аббос атир ва бизнинг мазҳаббошимиз Абу Ханийфа кийим савдоси билан шуғулланганлар. Айрим уламолар тижорат, зароатдан ҳам олдин турадиган афзал касбдир деганлар. 

Манбаалар асосида тайёрланди

 

Абдумалик Казакбаев,

Уйчи тумани “Қамбарбойвачча” жоме
масжиди имом ноиби