Байрам ва марака маросимлари

ШАРАФЛИ КАСБ

ШАРАФЛИ КАСБ

   Илм  ўрганиш ва уни талаб қилиш нақадар машаққатли бўлса,шу қадар фазилатли ҳамдир. Таълим бериш эса ундан-да буюкдир. Муаллимлар бу дунёда ҳам, оҳиратда ҳам олий мартаба соҳиби бўлишади. Уларнинг ҳақларига борлиқдаги ҳамма нарса дуо айтиб туради. Абу Амома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Аллоҳ таоло, фаришталар, осмонлару ер аҳли, ундаги чумоли, хатто денгиздаги балиқ хам одамларга яхшиликни таълим берувчига саловот айтади,” дедилар. (Имом Термизий ривояти)

 Илму маърифат тарқатиш савобли амалдир. Маълумки, бу дунёнинг ривожланишида, инсониятнинг тараққий этишида устознинг ўрни беқиёс. Доно халқимиз “Устоз отангдек улуғ”, “Уста борида қўлингни тий, устоз борида тилингни”, “Уста бўлсанг, устозингни унутма”, “Устозга тик қарасанг тўзасан, ҳурмат қилсанг, аста-аста ўзасан,” деб бекорга айтишмаган. 

 Устознинг шогирд устидаги ҳаққи бениҳоя катта ва улуғдир. Устоз шогирдини ўз фарзандидек кўради. Унинг юпун ва совуқ бўлган маънавий оламини ўзининг қалб қўри билан иситади. Зимистон дунёсини илм қуёшининиг  зиёси билан мунаввар этади. Сабр ва меҳр билан парваришлайди.

  Имоми Аъзам Абу Ҳанифа(раҳмтуллоҳи алайҳ)дан бундай деганлари ривоят қилинади: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этганидан сўнг қачон намоз ўқисам, ҳар сафар, албатта, ота-онамга қўшиб, унга Аллоҳдан маҳфират сўраганман.(Нафақат у). Балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир

 менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман.

  Устоз деганда фақатгина диний таълим берадиган кишиларни эмас, ҳар қандай фойдали илм ўргатувчи шахслар назарда тутилишини унутмаслигимиз керак. Чунки муқаддас динимизда инсоният учун ҳар қандай илм ардоқланади.

  Ҳалқимиз илм ўрганувчи ва ўргатувчиларни ҳар доим эъзозлайди. Устоз- шогирдлик анъаналари қадимдан ривожланган. Инсон маънавий камолот чўққисига устозсиз ета олмайди. Алишер Навоий ҳазратлари:

       “Агар шогирд шайхулислом, агар қозидур,

         Агар устоз рози-Тангри розидур,” дейди.

  Ўтмишда фарзандини шогирдликка бераётган инсонлар “Эти сизники, суяги бизники,дея устозга тоширар экан. 

  Ота-она устозга фарзандининг келажак тақдирини ишоноб топширади, унинг тарбиясига ота-она каби устоз ҳам масъул бўлган. Устоз ҳам шогирдига илм ўргатишга астойдил бел боғлаб, бор илмини беришга интилган, болага одоб-аҳлоқ ўргатган. Манашу тартибда ҳалқимиз азалдан илм-ҳунар ўргатган ва ўрганган. Юртимиздан донғи  дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирлар кўп чиққани шундан.

Яқин ўмишда яшаб ўтган аждодларимиз ҳаётида,биз учун устозлик борасида етарлича ибрат бор. Биз мухтарам устозларимиз олдида ҳамиша ўзимизни қарздор деб биламиз.

  Кейинги йилларда, ҳукуматимизнинг, шахсан мухтарам юртбошимизнинг халқ таълимига этиборни кучайтирилаётганлиги қувонарли ҳолдир. Устозларнинг ҳурматини ошириш, таълим муассасаларинининг моддий базасини яхшилаш, таълим- тарбия сифатини ҳар қачонгидан ҳам юксак даражага кўтариш учун қилинаётган саъй-ҳаракатлар фикримизнинг далилидир. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг таълим- тарбиядан бошқа ишлардан тўлиқ озод этилганлиги улкан ходисадир. Ўйлаймизки, жаннатмакон юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан таълим соҳасида олиб борилаётган ижобий ишлар ўз самарасини кўрсатажак.

  Фурсатдан фойдаланиб,  барча устоз ва мураббийларимизни яқинлашиб қолган касб байрамлари билан чин кўнгилдан табриклайман. Сермашаққат, шу билан бирга шарафли ишларида уларга соғлик, саломатлик ва омад тилайман.

        Нуриллохон  Сирожиддинов,
Мингбулоқ тумани “Гуртепа” жоме
масжиди имоми ноиби