Жамият аъзоларига муносабат

САБР ВА ТОҚАТ ФАЗИЛАТИ.

САБР ВА ТОҚАТ ФАЗИЛАТИ.

Сабр — мусулмон инсоннинг энг муҳим ахлоқий сифатларидан бири. Инсон ҳаётида қийинчилик, мусибат ва синовлар бўлиб туради, ана шундай пайтларда сабр қилиш қалбни мустаҳкамлайди ва бандани Аллоҳга яқинлаштиради.

 

Қуръонда сабрнинг мақоми.

 

Қуръони каримда сабр жуда кўп жойларда эътироф этилган. Аллоҳ таоло айтади:

 

«Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчиларни яхши кўради». (Бақара, 153)

 

«Сабр қилганларга мукофотлари ҳисоб-китобсиз берилади».» (Зумар, 10)

Бу оятлар сабрнинг Аллоҳ наздидаги улуғ даражаси ва бандалар учун келтирадиган чексиз савобини кўрсатади.

 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам сабрнинг фазилатини кўп бор таъкидлаганлар:

 

«Сабр — нурдир». (Муслим)

 

«Ҳақиқий сабр – мусибат биринчи етган пайтда бўлади». (Бухорий)

 

Демак, сабр — инсонни нурлантирувчи, унинг руҳий кучини оширувчи фазилатдир. Мусибат етган оннинг ўзида сабр қилиш эса ҳақиқий ихлоснинг белгисидир.

 

Сабрнинг турлари.

 

Уламолар сабрни уч қисмга бўлишган:

 

1. Итоатда сабр – иймон, намоз, рўза,закот,ҳаж  ва бошқа ибодатларда собитқадам бўлиб машаққатига сабрқилиш.

 

2. Гуноҳдан сақланишда сабр – нафсни ҳаром ишлардан қайтариш ҳалолга қаноат қилиш.

 

3. Мусибатга сабр – Аллоҳ тақдирига рози бўлиб, ношукурлик қилиб нолимаслик.

 

Сабр — иймоннинг ярми, бандани икки дунё саодатига етакловчи нурли фазилатдир. Сабр қилган киши Аллоҳ муҳаббатини қозониб, ҳар бир қийинчиликдан яхшилик билан чиқади. Аллоҳ таоло барчамизни сабр ва бардош билан безаган бандаларидан қилсин.

 

Баҳодирхон Иброҳимов,
 Наманган шаҳар Мирёқуббой Мирҳакимбой
жоме масжиди имом ноиби.