Рамазон 2026

РЎЗАДОРНИНГ ҚАЛҚОНИ

РЎЗАДОРНИНГ ҚАЛҚОНИ

Шундай бир фурсат борки, унда мўмин бандага дунёда уни гуноҳи маъсиятлардан, охиратда эса дўзахдан тўсадиган қалқон берилади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўйидагича хабар берганлар: 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ёки уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар”. Абу Довуд ривоят қилган. 

Ҳадиси шарифни арабча иборасида “жуннатун” калимаси “қалқон” дея таржима қилинган яна бу калима луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя қилувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра, уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтганлар: 

- Рўза гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади; 

- Рўза дўзахдан тўсувчидир. Чунки иймон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея тайинлаганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар. Демак рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан урушиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзадорнинг одобларидан ҳисобланади. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Яъни, рўзадор шариат ман қилган нотўғри сўзларни гапирмасин ва нотўғри ишларни қилмасин. Шунга кўра, рўзадор кишини биров урушиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши ва унинг ҳақоратига жавоб қайтаришдан ўзини тийиши лозим. Ана шунда у рўзанинг ҳурматини сақлаган ҳамда мазкур ҳурмат сабабли ўзига жоҳиллик қилаётган беодоб кимсани ҳам одобга чақирган бўлади. 

Эътибор бериладиган бўлса, аслида рўза бўлмаган пайтларда ҳам уни қилиш мумкин бўлмаган ишлардан рўзада таъкидлаб қайтарилган. Бунинг ҳикмати ҳақида уламолар шундай деганлар: “Инсон бир нарсадан узлуксиз бир ой ўзини сақласа, ўша нарса унинг одатига айланиб мазкур муддатдан кейин ҳам доимо ундан сақланадиган бўлиб қолади”. 

Зеро, рўзадан кўзланган асосий мақсад бошқа пайт истеъмол қилиш мумкин бўлган ейиш-ичиш каби нарсалардан сақланишдангина иборат эмас, балки нафсни жиловлаш малакасини ҳосил қилишдир. 

Демак, Рамазон ойида мазкур қайтариқларнинг таъкидланиши фақатгина унинг бошқа ойлардан афзал эканини билдириб қўйиш учун эмас, балки бу ойда одатга айланган ишлар бошқа барча ойларда ҳам бардавом бўлиши учундир. Шунга кўра, Рамазонда ўзлаштирилган сифатларни одатларига айлантириб олганларнинг оилаларида ва бундай оилалардан ташкил топган жамиятда тинчлик, тотувлик ва хайру барака бутун йил бўйи давом этади. 

Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шаҳар “Ғойибберди махдум”

жоме масжиди имом хатиби