Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбон ойининг охирги куни бизга хутба қилиб: “Эй инсонлар улуғ ой, муборак ой, минг ойдан яхши кечаси бор ой сизларга яқин келиб турибди. Аллоҳ унинг рўзасини фарз, тунги бедорлигини нафл қилди. Ким бу ойда яхши амал билан қурбат ҳосил қилса, бошқа (ой)да бир фарзни адо қилган каби бўлади. Ким унда бир фарзни адо қилса, бошқа (ой)да етмишта фарзни адо қилган каби бўлади. У сабр ойидир. Сабрнинг ажри жаннатдир. У кўнгил сўраш ва мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир. Ким унда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, гуноҳлари мағфират бўлиб, дўзахдан гардани озод қилинади. Рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмай, шу ажр мислича унга (ифторлик қилиб берувчига) бўлади”. Улар: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорни ифторлантирадиган нарса топа олмайди”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ ушбу савобни сув қўшилган сут ёки хурмо ёки бир қултум сув билан рўзадорни ифторлантирган кишига ҳам беради. Ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ уни менинг ҳавзимдан бир қултум сув билан суғоради ва у жаннатга киргунча чанқамайди. У – аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири дўзахдан озод қилиш ойидир. Ким у ойда қули (қўл остидагилари)нинг ишларини енгиллатса, Аллоҳ уни мағфират қилади ва дўзахдан озод қилади”, дедилар”. (Байҳақий ривояти)
Ифторлик бир қараганда кечки таомланиш. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Ҳатто барча пайғамбарлар ифторлик қилишга буюрилганлар. Имом Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз – пайғамбарлар жамоаси ифторни эрта қилишга ва саҳарликни кечга суришга буюрилганмиз», деганлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади: «Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила суюнгай».
Имом Бухорий Сaҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудaн ривoят қилaди: «Рaсулуллoҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Oдaмлaр мoдoмики ифтoргa шoшилaр эканлар, яхшиликдa бўлиб бораверaдилaр», дeдилaр».
Имом Табароний Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар ифторлик вақтида Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиганлари бўлади», деганлар.
Ифторлик бериш фазилати. Бу ҳам Рамазонга хос амаллардан саналади. Ибн Можа Зайд бин Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, унга ўша рўзадорларнинг ажрича ажр бўлади, уларнинг ажрларидан бирор нарса камаймайди», дедилар.
Салмон Форисийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бу унинг учун бир қул озод қилиш ва гуноҳлари учун мағфират бўлади», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?», дейилди. У зот: «Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этади. Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради, у то жаннатга киргунича чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди», дедилар».
Рамазон ойида савобли ва мустаҳаб бўлган ишлардан бири рўзадорларга ифтор қилиб бериш яъни оғиз очишлари учун таом билан таъминлаш. Бу иш рўзадорнинг қилаётган улуғ ибодатини тақдирлаш ва уни икром қилиш саналади. Ифтор қилдириш деганда айнан катта зиёфат қилиб чақириш шарт эмас, балки, бир одамни ифтор қилдириш ҳам савобга дохилдир. Шунингдек, ифторда тановул қилинадиган тегишли таомларни уйига етказиб бериш ҳам мумкин.
Ифтор қилдириладиган рўзадор фақир бўлиши шарт эмас, балки, ушбу ҳадиси шариф мутлақ ворид бўлган бўлиб, бою камбағални ўз ичига олади. Шундай экан, фақат камбағалларга ифтор қилиб бериш керак дея ўз фикримиз билан динга ўзгартириш киритмаслигимиз мақсадга мувофиқ. Аммо, шу ҳам борки, гарчи бойга ҳам, мискинга ҳам ифтор қилиб бериш бирдек савобли бўлса-да, фақир рўзадорни ифтор қилдириш афзалроқ саналади. Чунки, бунда ҳам ифтор қилиб бериш суннати ҳамда унга садақа қилиш савоби жамланади.
Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон туманидаги “Исҳоқхон тўра” жоме
масжиди имом-хатиби