Жаҳолатга қарши маърифат

РОФЪУЛ ЯДАЙН (ХАР РАКЪАТДА РУКУЪДАН АВВАЛ ВА СЎНГ ҚЎЛ КЎТАРИШ) МАСАЛАСИ

РОФЪУЛ ЯДАЙН (ХАР РАКЪАТДА РУКУЪДАН АВВАЛ ВА СЎНГ ҚЎЛ КЎТАРИШ) МАСАЛАСИ

Баъзан кузатиб қоламиз ўзлари Ҳанафий мазҳабида бўлиб ҳам, "Рофъул ядайн" қилишади.  Бу ишни қилишда икки хатога йўл қўйиш бор. Бири ўзи ҳанафий бўлиб мазҳабига хилофлик, ва жамоат ичида ихтилоф, низоъ, фитнага сабаб бўлиш бор. Қолаверса, бу масалада ҳам рожиҳ қовл бу амални қилмаслик. Қуйидаги баҳс ҳам сўзимизни далилидир. 

Имом Авзоъий Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга Масжидул ҳаромда йўлиқиб қолиб айтди: Ироқ аҳлига не бўлдики, қўлларини рукуъга боришда ва бошни рукуъдан кўтаришда кўтармайдилар. Ҳолбуки, менга Зуҳрий, Солим ибн Абдуллоҳдан ҳадис айтди, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъга боришда ва бошни рукуъдан кўтаришда қўлларини кўтарардилар?

Абу Ҳанифа разияллоҳу анҳу дедилар: Менга Ҳаммод, Иброҳимдан, У Алқамадан, У Абдуллоҳ ибн Масъуддан ҳадис айтди, Пайғамбар алайҳис-салом қўлларини такбири ифтитоҳда (Яъни биринчи ракъатда) кўтарардилар-да, сўнг у ишга қайтмасдилар.

Имом Авзоъий, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳга дедилар: Ажабо, унга Зуҳрийнинг Солимдан ривоят қилган ҳадисини таҳдис (ҳадис айтиш) қилсам, у менга Ҳаммоднинг Иброҳимдан, Алқамадан ривоят қилган ҳадисини таҳдис қилмоқда -деб ўз ҳадисини санади олийлиги билан устун қилди.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Имом Авзоъий роҳимаҳуллоҳга дедилар: Ҳаммодга келсак, У Зуҳрийдан фақиҳроқ эди, Иброҳим ҳам Солимдан кўра фақиҳроқ эди, Ибн Умар разияллоҳу анҳу замони илгарилиги бўлмаганда Алқама ундан кўра фақиҳроқ деган бўлардим. Аммо Абдуллоҳ  у энди Абдуллоҳ! - деди ва ўз ҳадисини ровийларининг фиқҳи билан устун қилди [таржиҳ]. Мана шу танланган мазҳабдир, яъни таржиҳ ровийларнинг фақиҳлиги биландир, исноднинг олийлиги учун эмас.

Абдуллоҳ энди Абдуллоҳ! – яъни Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу фиқҳ ва забтта (пухта ўзлаштириш) шу даражада маълум ва машҳур эдики, уни фиқҳда қандай эканлигини баён қилишга ҳожат йўқдир.

Суннатдан бир неча далилларни келтириб ўтишимиз мумкин. 

1.Алқамадан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен сизларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини ўқиб берайми?» деди-да, намоз ўқиб, биринчи қўл кўтаришдан бошқа қўл кўтармади».

Имом Термизий ривоят қилган.

2.Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг биринчи такбирда икки қўлини кўтариб, кейин кўтармаганини кўрдим».

Имом Таҳовий ривоят қилган.

3.Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар билан намоз ўқидим. У намозда бошланишдагидан бошқа ҳеч қўлини кўтармади. Абдулмалик: «Шаъбий, Иброҳим ва Абу Исҳоқнинг ҳам намозни бошлашдагидан бошқа қўл кўтарганларини кўрмадим», деди».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган.

Азиз ўқувчи, биз бу далилларни яна давом этишимиз мумкин, кўриб турганингиздек “рафъ ул-ядайн” ҳақидаги далиллар, ҳадислар ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларига етиб борган. Улар бу мавзудаги барча ҳужжатларни пухта ўрганиб, ўзлари саҳиҳ ва ишончли деб билганларини амалга татбиқ қилганлар. Шунга биноан ҳанафий мазҳаби фуқаҳолари икки қўлни қулоқлар юмшоғигача фақатгина намоз бошлаш чоғида бир марта кўтарилади, деб фатво берганлар. Хар ракатда ва рукудан турганда қўлни кўтириш тўғрисидаги ҳадиси шарифларни ҳукми насх (бекор бўлган) деб такидлашади. Ҳанафийларнинг бу фатвоси асло суннатга зид эмас! Балки айни суннатнинг ўзгинасидир!

(Аттасдид шарҳи тамҳиди Абул маъийн, Сиғноқий.)

Арабчадан Муҳаммад Аюб Фахриддинов таржимаси

Давлатобод тумани "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме масжиди имом ноиби