Етимлик билан бошланган ҳаёт
Макканинг осуда тонгларидан бири эди. Фил йили (милодий 570 йил атрофи) Абдуллоҳ ва Омина оиласида нурли бир чақалоқ дунёга келди. Отаси Абдуллоҳ у туғилмасдан олдин вафот этган эди. Шу тариқа Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётининг илк кунларидан етимлик синовини кўрди. Лекин бу етимлик заифлик эмас, балки келажакдаги буюк юкни кўтаришга тайёрлик эди.
Саҳро тарбияси
Макка шаҳрининг қадимий одатига кўра, чақалоқлар соф ҳаво ва фасоҳатли тил ўрганиши учун саҳрога — Бану Саъд қабиласига тарбияга берилар эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ҳалима Саъдия онамиз қўлида улғайди. Кенг даштлар, очиқ осмон ва тиниқ ҳаво орасида у жисман бақувват ва тили чечан бўлиб ўсди.
Ёшлик айрилиқлари
Олти ёшида меҳрибон онаси Омина вафот этди. Шундан сўнг бобоси Абдулмутталиб уни ўз бағрига олди ва ўғилларидан ортиқ яхши кўрди. Аммо саккиз ёшга етганида бобоси ҳам оламдан ўтди. Энди амакиси Абу Толиб унинг ҳомийси бўлди. Бирин-кетин келган бу айрилиқлар унинг қалбини синдирмади, аксинча, сабр ва тавозега ўргатди.
Чўпонлик ва ҳалол меҳнат
У Макка аҳлининг қўйларини боқиб, ҳалол меҳнат билан вояга етди. Кейинчалик: «Барча пайғамбарлар чўпонлик қилган», деб марҳамат қилганлар. Чўпонлик унга сабр, шафқат ва масъулиятни ўргатди. Бир жонзот ҳам эгасиз қолмасин деган ғамхўрлик кейинчалик бутун умматга меҳр бўлиб қайтди.
Шомга сафар
Ўн икки ёшида Абу Толиб билан бирга Шом томон савдо карвонида йўлга чиқди. Йўлда роҳиб Баҳиро бу болада келажакдаги буюклик аломатларини кўриб, амакисига уни душманлардан эҳтиёт қилишни тайинлади. Бу сафар унга улкан дунёқараш ва ҳаётий тажриба бағишлади.
Ёшликдаги олийжаноблик ва «Ҳилф ул-Фуддул» аҳди
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўсмирлик ва ёшлик даврларида ҳам жамиятдаги ноҳақликлардан йироқ бўлиб, доимо мазлумларга ёрдам беришга интилар эдилар. Хусусан, Маккада тузилган «Ҳилф ул-Фуддул» (Адолат ва саховатпешалар иттифоқи) номи билан машҳур бўлган аҳдда иштирок этиб, жамиятда ким золим ёки мазлум бўлса, унинг ҳақини олиб беришда фаол қатнашганлар. Бу эса у зотнинг ёшликданёқ адолатпарвар ва инсонпарвар бўлганликларини кўрсатади.
«Ал-Амин» (Ишончли) номи
У ёшлигиданоқ ҳеч қачон ёлғон гапирмаган, омонатга хиёнат қилмаган ва ёмон сўзларни тилига олмаган. Шунинг учун Макка аҳли у зотни «Ал-Амин» — энг ишончли ва содиқ инсон деб аташар эди. Ҳатто ўзларининг қимматбаҳо ашёларини ҳам у зотнинг омонатларига топширишар эди.
Хулоса
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлиги бизга шуни ўргатади: инсон қандай муҳитда ёки қандай синовлар остида улғаймасин, ўзлигини, гўзал ахлоқини, ҳалоллик ва ростгўйликни йўқотмаса, жамиятда ҳам, Аллоҳ наздида ҳам энг улуғ мартабаларга эришади.
Аҳмадали Валиев,
Косонсой тумани “Корхона” жоме
масжиди имом-ноиби