Рамазон ойи-мусулмонлар учун энг фазилатли, хайр-барака ва раҳматга тўла ой бўлиб, у инсонларни меҳр-оқибат, саҳоват ва ҳалолликка ўргатадиган улуғ мактабдир. Бу муборак ой Аллоҳ таолонинг неъматларидан бири бўлиб, инсонлар қалбини поклайди, руҳиятини мустаҳкамлайди ва жамиятда эзгуликни ёйишга хизмат қилади.
Рамазон ойида мусулмонлар фақат очлик ва чанқоқликни ҳис қилиш билан чекланиб қолмайди. Балки улар ўз юракларини ҳам тозалайди, бошқалар билан меҳр-оқибатли бўлишни ўрганади. Бу ойда инсонлар бир-бирига меҳр билан қарашни, қийинчиликда ёрдам беришни ва инсонийлик фазилатларини намоён қилишни машқ қилади. Айниқса, муҳтожларга ёрдам бериш, уларнинг ҳолидан хабар олиш Рамазон ойининг асосий фазилатларидан биридир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойида ҳар қачонгидан ҳам меҳрибон ва саҳий бўлганлар. Ҳадисларда келишича, бу ойда ул зот шамолдек саҳоватли бўлиб, доим бошқаларга ёрдам қўлини чўзганлар.
Шунингдек, ул зот шундай деганлар: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди.” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган)
Рамазон ойи инсонларга шунчалик меҳр-оқибат ва юмшоқ диллик олиб келадики, у нафақат ўз оиласи, балки бошқа муҳтожлар ҳақида ҳам қайғуришни ўргатади.
Рамазон ойи саҳоват ва эҳсон ойидир. Бу ойда берилган садақалар ва закотларнинг мукофоти янада улуғ бўлади. Мусулмонлар бойликларини фақирларга, етимларга ва муҳтожларга улашиш орқали нафақат уларнинг қийинчиликларини енгиллаштиради, балки ўз қалбларини ҳам бойитади.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: "Сизлар Аллоҳ йўлида яхши кўрган нарсаларингиздан сарф қилмагунингизча яхшиликка эришмайсиз." (Оли Имрон, 92-оят)
Бу оятда мусулмонлар фақат ортиқча бойликларини эмас, балки ўзлари учун қадрли бўлган нарсаларни ҳам Аллоҳ йўлида беришга ундалмоқда. Рамазон-бу саҳоватни амалда намоён қилиш ва савобларни йиғиш учун энг қулай фурсатдир.
Яна бир оятда шундай марҳамат қилинади: “Кимки бир яхшилик билан келса, унга ўн баробар ажр бордир.” (Анъом, 160-оят)
Бу эса Рамазонда қилинган ҳар қандай хайрли амалнинг янада кўпайтирилиб мукофотланишини кўрсатади.
Ҳадисларда ҳам шундай дейилган: "Рўзадорнинг ифторини очирган одамга унинг ажрига тенг савоб берилади." (Термизий ривояти)
Шунинг учун Рамазон ойида ифторлик уюштириш, муҳтожларга егулик тарқатиш улкан савоб манбаи ҳисобланади.
Рўза нафақат очлик ва чанқоқликка бардош бериш, балки инсоннинг ўз нафсини тарбиялаш воситасидир. Бу ойда ҳалоллик, поклик ва сабр муҳим ўрин тутади. Рўзадор киши ҳаром нарсалардан узоқ бўлишга, ўз тилини, кўзини ва амалларини ёмон ишлардан сақлашга интилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Рўза – (гуноҳлардан) ҳимоя қилувчи қалқондир." (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)
Яъни, рўза инсонни нафақат таом ва ичимликдан, балки гуноҳ ишлардан ҳам тийилишга ўргатади. Рамазон ойида ҳалоллик тамойилларига қатъий риоя қилиш имонни мустаҳкам бўлишига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай буюради: "Эй иймон келтирганлар! Сизлардан олдингиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақводор бўлсангиз!" (Бақара, 183-оят)
Бу оятда рўзанинг мақсади инсонни тақвога эриштириш эканлиги таъкидланмоқда. Ҳақиқий тақводорлик эса ҳалолликка риоя қилиш, гуноҳлардан узоқ туриш ва қалб поклигини сақлаш билан боғлиқ.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Рамазон ойи меҳр-оқибат, саҳоват ва ҳалолликни ўргатувчи улуғ мактабдир. Бу ойда инсонлар қалбан покланиб, ўзларини руҳий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялайди.
Шу боис, Рамазон ойидан тўғри фойдаланиш, унинг фазилатларини англаш ва ҳаётимизга татбиқ этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир.
Аллоҳ таоло барчамизга Рамазон ойини тўлиқ идрок қилиш, ундан сабоқ олиш ва унинг баракасидан баҳраманд бўлишни насиб қилсин! Омин!
Абдулазиз домла Бобамирзаев,
Янги Наманган тумани бош имом-хатиби