Рамазон 2026

РАМАЗОН ҲАЙИТИ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

РАМАЗОН ҲАЙИТИ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Рамазон ҳайити — бутун мусулмон олами учун энг улуғ ва қутлуғ байрамлардан бири ҳисобланади. У бир ой давом этган муборак Рамазон ойининг якунида нишонланиб, инсонларни сабр-тоқат, меҳр-оқибат ва саховатга чорлайди. Бу кун қалблар покланадиган, диллар яқинлашадиган ва эзгуликлар янада мустаҳкамланадиган айёмдир.

Рамазон ойи давомида мўминлар рўза тутиб, нафсини тарбиялайди, муҳтожларга ёрдам беради ва кўпроқ савобли амаллар қилишга интилади. Ана шу улуғ ойнинг якунланиши сифатида нишонланадиган Рамазон ҳайити эса бу саъй-ҳаракатларнинг маънавий мукофоти кабидир.

Ҳайит тонгида инсонлар эрта туриб, покланиб, чиройли кийимларини кийиб, ҳайит намозига ошиқадилар.

Мусулмон киши ҳайитга энг яхши кийимларини кийиши, иложи бўлса, янги кийим сотиб олиши мустаҳаб. Бу ҳам бўлса, Аллоҳ байрам қилиб берган кунни нишонлаш, уни қадрлаш рамзи ҳисобланади. Бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидандир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар».

«Ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими.

Ўша даврда Яманда саноат ривожланган эди. Яман кийимлари энг яхши кийимлар ҳисобланарди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жума ва икки ийд кунлари хутбага чиққанларида Ямандан келтирилган ҳибара деган чиройли тўнларини кийиб олардилар. Шунга биноан, ийдга энг яхши кийимларни кийиш мусулмонлар ичида кенг тарқалган. Саҳобаи киромлар ҳам ушбу суннатга доимо амал қилганлар. Халқимиз қадимдан ушбу суннатни гўзал тарзда амалга ошириб келган. Ҳайит арафаларида кийим-кечак бозорларимизда савдо-сотиқ қизғин авжига чиқиши ҳам шундан. Бу ишда Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиш бор.

Яна бир одат - Рамазон ҳайитида Қурбон ҳайитига акс ўлароқ, намозга чиқишдан олдин бирор нарса еб олиш ҳам Рамазон ҳайитининг одобларидан саналади. Бунда Фитр куни рўза тутишдан бўлган қайтариққа урғу бериш ва Рамазон рўзаси якун топганлигига эътиборни қаратиш бор. Ўша егулик қуруқ ёки ҳўл мева бўлгани яхши.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар». Бухорий ва Термизий ривоят қилган.

 Масжидларда қилинган дуолар, айтилган эзгу тилаклар қалбларга нур бахш этади. Бу кунда кекса ва ёшлар, яқинлар ва қўшнилар бир-бирини зиёрат қилиб, “Ҳайитингиз муборак бўлсин!” деб самимий табриклайдилар.

Рамазон ҳайитининг яна бир муҳим жиҳати — меҳр-шафқат ва саховатдир. Бу кунда кам таъминланган оилаларга ёрдам бериш, етим-есирларни қўллаб-қувватлаш, қариндош-уруғлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бу байрам фақат хурсандчилик эмас, балки инсонпарварлик ва бирдамлик рамзидир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Рамазон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Ҳар бир хонадонга тинчлик, фаровонлик ва барака тилаймиз. Юртимиз осмони доимо мусаффо бўлиб, халқимиз бахтли ва саодатли яшасин.

Яна бир бор:

Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!
 

Шухратилло Исроилов,
Учқўрғон туман бош имоматиби