Рамазон раҳмат ва мағфират ойи. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида энг эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар қилиб кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат билиб, гуноҳлардан покланишга, хайрли ишларни кўпайтиришга шошилмоғимиз лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилганлар: "Рамазон ойи келганида жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари беркитилади" (Бухорий ривояти).
Рамазон рўза ойи бўлиши билан бир қаторда, мўмин -мусулмонлар учун раҳмат, мағфират ва нажот ойи ҳамдир. Машҳур ҳадисларнинг бирида қўйидагича марҳамат қилганлар: "... Эй мўминлар! Бу ой шундай ойдирки, аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири эса дўзахдан озод бўлиш ўн кунлигидир".
Рамазон ойи келганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳоватлари янада ошиб кетар экан. Биз ҳам жанобнинг умматлари эканмиз, у зотдан ўрнак олиб, рамазон кунлари оиламизга, қариндош-уруғларга, маҳалламиздаги бева-бечораларга, кам таъминланган қарияларга қўлимиздан келганича моддий ёрдам беришимиз, беморларни бориб кўришимиз керак. Чунки бу амаллар, айниқса, ушбу муборак ойда кўп савоб бўладиган ишлардир.
Инсон рўзадор бўлишида шаҳват ва моддий майлга қулликдан ҳалос бўлади ва ўзини нафс истагидан қайтариш ҳамда унга ҳукмрон бўлишда амалий тарбия олади. Рўза тутишда инсон ва ўзи яшаб турган жамият аъзолари фойдаси йўлида барча истаклар чегараланганига ишора бор. Рўзадор бўлиш инсонни сабр қилишга ва ҳар қандай қийинчиликларга бардош беришга одатлантиради. У инсонда ирода қуввати, собитлик ва қатъийлик сифатларини пайдо қилади. Рўза инсонни ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларига бардош бериш ва уларга сабр қилишга ҳозирлайди. Уни руҳан, ақлан ва жисмонан баркамол инсон бўлишида ёрдам қилади ва жамият ривожланиши ҳамда тараққий топиши йўлидаги барча қийинчиликларни бартараф этишга ўргатади.
Шунингдек, рўзадорлик пайтида рўзадорнинг ўзи, оиласи ва уммат учун сероблик ва фаровонлик ҳосил бўлади. Рўзадор қачон ўзида очлик ва чанқоқликни сезса, ўзи каби очлик ва чанқоқлик азобини тортаётган камбағал ва бечораларга яхшилик этишга ҳаракат қилади. Инсонларга яхшилик қилиш, уларга эҳсон ва ёрдам бериш рўзанинг энг улуғ белгиларидан экани намоён бўлади.
Рўза инсонни амалда ихлос қилишга ва махфий ҳамда ошкора тақвога ўргатади. Агар инсон ҳар вақт шуларга риоя қилса, у ўзига юклатилган масъулият ва вазифани мукаммал адо этади. Ҳар қандай ношаръий нарсадан ўзини сақлайди. У ҳаётда бахтли ва рози бўлган ҳолда яшайди. Жамият ҳам ундан катта фойда олади.
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шаҳар “Ғойибберди махдум” жоме
масжиди имом хатиби