Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Ким мўмин биродарининг дунё ташвишларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг охират ташвишларидан бирини аритади. Ким мушкул аҳволда қолган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунёю охиратда осонлик ато этади. Ким мусулмон банданинг айбини беркитса, Аллоҳ дунёю охиратда унинг айбини яширади. Банда биродарига ёрдам бериб турган экан, Аллоҳ ҳам унга ёрдам бериб туради. Ким илм талаб қилинадиган йўлдан юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Агар бир гуруҳ одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирида йиғилиб, Қуръон ўқисалар ва уни дарс қилиб ўргансалар, улар устига сакинат тушади, раҳмат уларни ўраб олади, фаришталар қанотлари билан қоплайди ва Аллоҳ уларни Ўз даргоҳидагилар олдида зикр қилади. Кимни амали орқага тортса, насаби уни олдинга суролмайди». (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган)
Ушбу ҳадисда Қуръон ўқиш ва уни ўрганишнинг нақадар буюк фазилати баён этилган. «Қуръонни дарс қилиш» деганда, унинг ҳарфларини тўғри талаффуз қилиш, маъноларини англаш ва ҳукмларини ўрганиш назарда тутилади. «Аллоҳ даргоҳидагилар» деганда эса пайғамбарлар ва фаришталар англашилади. Аллоҳ таолонинг бандасини эслаши — уни мақтов билан зикр қилиши, гуноҳларини мағфират этиши ва раҳматига олишидир.
Қуръон ўқиган, уни ўрганган инсон Аллоҳнинг раҳматига эришади. Аллоҳ Каломини хулос ният билан тиловат қилган банданинг қалбига тинчлик ва хотиржамлик тушади. Қорининг қалби осуда бўлади, у ёмон ўй-хаёллардан йироқлашади, қироат баракаси билан руҳий таскин топади.
Бугунги кунда кўп одамлар қалб хотиржамлигига эришиш учун бойликларини сарфлаб, данғиллама уйлар қурмоқда, энг сўнгги русумдаги машиналарга эга бўлмоқда. Бахт ва ҳузур-ҳаловатни моддий фаровонликдан излашмоқда. Аммо ҳақиқий осуда ҳаёт фақат моддий неъматлар билан эмас, балки илоҳий таълимотлар билан боғлиқ экани кўпинча унутилади. Аслида қалб хотиржамлиги Аллоҳнинг Каломи билан мустаҳкамланади.
Қуръон ўқиш инсонни шаҳватларга қул бўлишдан асрайди, сохта маъбудларга топинишдан, ожиз ва фоний нарсаларга суянишдан халос қилади. Қуръон қалбга чексиз ҳузур бағишлайди. Унинг маънавий лаззатини бир марта ҳис қилган инсон яна ва яна унга ошно бўлишни истайди.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Каҳф сурасини ўқиётган эди. Ҳовлида оти боғлиқ турган бўлиб, бирдан от ҳуркиб кетди. Қараса, булутга ўхшаш бир нарса отни ўраб олган экан. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтилганда, у зот: “Ўқийвер! Бу Қуръон тиловати учун тушган сакинатдир”, дедилар». (Имом Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривоят қилган)
Шунингдек, Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу Бақара сурасини ўқиётган пайтида осмон билан ер ўртасида нурли манзарани кўргани ҳақида хабар беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳолатни ҳам Қуръон тиловати сабаб нозил бўлган сакинат эканини таъкидлаганлар.
Хулоса қилиб айтганда, Қуръон ўқилган жойга тинчлик тушади, қалблар таскин топади, раҳмат ва фаришталарнинг ҳимояси нозил бўлади. Шу боис ҳар бир мўмин инсон ҳаётида Қуръонга алоҳида ўрин бериши, уни доимий ўқиш ва унга амал қилишга интилиши лозим.
Азимхон Зиёвиддинов,
Тўрақўрғон туман “Камолхон эшон бува” жоме
масжид имом хатиби