Жамият аъзоларига муносабат

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ.

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШЛИКНИНГ ФАЗИЛАТИ.

Қурбонликнинг тарихи Иброҳим алайҳиссаломга бориб тақалади. Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссаломни жуда яхши кўрар эдилар. Чунки ўғиллари Аллоҳ таолога ва у кишига жуда итоаткор эди. Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломни оғир имтиҳон қилди. Ушбу қиссани Аллоҳ таоло қуйидагича баён қилган:

فَبَشَّرْنَاهُ بِغُلَامٍ حَلِيمٍ (101) فَلَمَّا بَلَغَ مَعَهُ السَّعْيَ قَالَ يَا بُنَيَّ إِنِّيي أَرَى فِي الْمَنَامِ أَنِّي أَذْبَحُكَ فَانْظُرْ مَاذَا تَرَى قَالَ يَا أَبَتِ افْعَلْ مَا تُؤْمَرُ سَتَجِدُننِي إِنْ شَاءَ اللَّهُ مِنَ الصَّابِرِينَ (102) فَلَمَّا أَسْلَمَا وَتَلَّهُ لِلْجَبِينِ (103) وَنَادَيْنَاهُ أَنْ يَا إِبْرَاهِيمُ (104) قَدْ صَدَّقْتَ الرُّؤْيَا إِنَّا كَذَلِكَ نَجْزِي الْمُحْسِنِينَ (105) إِنَّ هَذَا لَهُوَ الْبَلَاءُ الْمُبِينُ (106) وَفَدَيْنَاهُ بِذِبْحٍ عَظِيمٍ (107)

         *"Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисидаги) хушхабарни бердик. Бас, қачон- ки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): "Эй ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!" - деган эди, у айтди: "Эй отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншоаллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз".  Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйинсуниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, унга Биз нидо қилдик: "Эй Иброҳим! Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик" (Соффат сураси, 101-107-оятлар).

         Инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси мусулмонлар учун ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди. Ҳар йили мусулмонлар дунёнинг турли ўлкаларида, бу қиссани ёдга оладилар ва бу улуғ фидокорлик ибодати - қурбонликни адо этадилар.

Аллоҳ таоло қурбон ҳайити кунида бизларни ҳайит намозини ўқишга, қурби етган кишиларни эса қурбонлик қилишга буюрган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён қилинган: "Бас Раббингиз учун намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг! "(Кавсар сураси,2-оят). 

Уламоларимиз қурбонликнинг маъносини таърифлаб:" Қурбонлик бу -муайян ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир", деганлар. Қурбонлик иккинчи ҳижрий санада жорий бўлган. Ҳанафий мазҳаби бўйича қурбонлик қилиш вожибдир. У-ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит куни тонг отиши билан киради ва учинчи ҳайит куни қуёш ботиши билан чиқади. Қурбонлик қилиш ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин бошланади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам шундай деганлар: " Дарҳақиқат,бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз ийдулазҳо ( қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра ( уйларимизга қайтиб қурбонлик қилишдир.Ким шундай қилса, демак у суннатимизга мувофиқ иш қилибди.Кимда ким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир. "( Имом Бухорий ривояти). 

Қурбонлик қилинадиган ҳайвонлар  мол,туя,қўй ва эчкилардан иборатдир. Бу ҳайвонларнинг эркаги ҳам урғочиси ҳам, бичилгани ҳам қурбонлик қилинса, бўлаверади. Булардан бошқа ҳайвонларни қурбонлик қилиб бўлмайди. 

Мол билан туяни 7 кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. Бунда шерикларнинг ҳаммаси мусулмон ва қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Аммо улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларни қурбонлиги ўтмайди. Сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тарозида ўлчаб, тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. 

Қурбонлик қилишдан мақсад -банданинг Аллоҳ таоло амрига бўйсуниши ва тақвосини намоён этишдир. 

Қурбонлик қилувчи шахс нияти тўғри, амали холис Аллоҳ таоло учун қилган бўлиши лозимдир. Қолаверса, бу амални бажаришда Аллоҳ таолонинг буюклиги ва динининг улуғлиги зоҳир бўлади. 

Зикруллоҳ Умурзақов,
Норин тумани "Ҳаққулобод" жоме
масжиди имом хатиби