Қўшничилик – жамият ҳаётининг ажралмас бир қисми. Инсон ҳаётида қўшнининг ўрни ва аҳамияти катта. Қўшничилик муносабатлари нафақат маиший эҳтиёжлар, балки жамиятда тинчлик, меҳр-оқибат ва бирдамликни таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Бежизга халқимиз “Қўшнинг тинч, сен тинч” демаган. Ҳақиқатан ён атрофингиздаги инсонлар солиҳ, яхши инсонлар бўлса қаерда бўлмасин қалбингиз ҳотиржам, хавотирсиз бўласиз. Аллоҳ асрасин агар бунинг акси бўлса, уйингизда ҳам хотиржам бўлмайсиз. Шунинг учун ҳам жамиятдаги инсонлар билан, айниқса қўшнилар билан яхши муносабатта бўлиб, аҳилликда, иноқликда бўлинса нафақат дунё ҳаётида бахтли яшашликка, балки охират учун ҳам улкан савобли амалларни қилган ҳиссобланади. Шу сабаб бундай қўшничилик муносабатлари азалдан қадрият сифатида қаралган ва миллий ҳамда диний қадриятларимизда юксак ўринга эга бўлган.
Ислом дини қўшничиликка алоҳида эътибор қаратади. Ислом дини манбаъларида, айниқса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида қўшнининг ҳаққига риоя қилиш ҳақида кўп бора таъкидланган. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Жаброил алайҳиссалом мени доим қўшни ҳақида яхшиликка буюрганидан, уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйладим” (Имом Бухорий ривоятлари)
Бу ҳадис қўшнининг ҳуқуқини ҳурмат қилиш, унга ёрдам бериш ва уни ҳеч қачон ранжитмасликка тарғиб қилади. Исломга кўра, қўшнига яхши муносабатда бўлиш – имоннинг бир кўриниши ҳисобланади.
Қўшничилик фақатгина диний тамойил эмас, балки ижтимоий тартибни мустаҳкамловчи омилдир. Маҳаллаларда аҳиллик ва тотувликнинг асосий пойдевори қўшничилик муносабатларидир. Бир-бирига ёрдам берувчи қўшнилар жамиятда бирдамликни мустаҳкамлайди. Яхши қўшнилар ўзаро масъулият ҳиссини оширади ва маҳалла маданиятини юқори даражада ушлаб туришга ҳисса қўшади.
Қўшничилик маданияти халқимизнинг асрий урф-одатларида ҳам акс этган. Байрам ва тўй-маъракаларда қўшнилар бир-бирларини меҳмон қилади, бирор киши оғир аҳволга тушиб қолса, биринчи навбатда қўшнилар ёрдамга шошилади. “Қўшни қўшнининг кўнгил сувидир” деган мақол бежиз айтилмаган.
Уламолар томонидан эътироф этилган қўшничилик ҳақлари жуда ҳам кўп бўлиб уларнинг айримларини қуйида келтириб ўтамиз.
1. Бир-бирига ёрдам бериш: Қўшнига муаммо туғилганда ёрдам қўлини чўзиш, унинг дардига шерик бўлиш.
2. Ҳурмат ва одоб: Қўшнига ўзини ҳурматли тутиш, унга нисбатан хушмуомала бўлиш.
3. Қўшнининг қалбига қасддан ёки хатоан озор бермаслик: Қўшниларни безовта қиладиган ҳаракатлардан четлашиш, масалан, кечаси баланд овозда мусиқани қўйиш ёки ортиқча шовқин қилишдан сақланиш.
4. Мол мулкини муҳофаза қилиш: Қўшнилар уйда йўқ пайтда унинг моли мулкини муҳофаза қилиб туриши, бегоналардан ҳимоя қилиши, қўшнисининг омонатига кўз олайтирмаслик, бир-бирларининг хонадон хавфсизлигини кузатиб туриши ва огоҳликни сақлаши.
Мўъжазгина хулоса қиладиган бўлсак, қўшничилик ҳақларини ҳурмат қилиш, аввало, жамиятда ўзаро меҳр-оқибатни кучайтиради. Бундан ташқари юқорида келтириб ўтганимиздек инсонни қалби хотиржам бўлиши учун ҳам қўшнининг тинчлиги муҳим рўл ўйнайди. Бу қадриятларни авайлаб сақлаш ва кейинги авлодларга етказиш ҳар бир инсоннинг бурчидир. Шундай экан, қўшниларимизга яхшилик қилайлик, уларга нисбатан эътиборли ва бағрикенг бўлайлик, зеро, қўшничиликда тинчлик ва фаровонлик мужассамдир.
Содиқжон Бойхонов,
Наманган шаҳри “Истиқлол” жоме
масжиди имом-хатиби