Жамият аъзоларига муносабат

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ ВА МАСЪУЛИЯТЛАРИ

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ ВА МАСЪУЛИЯТЛАРИ

Ислом динида қўшничилик муносабатларига катта эътибор берилган. Чунки инсоннинг кундалик ҳаётида энг кўп кўрадиган, заруратда ёрдамга чақириладиган шахс қўшнидир. Қуръон ва Суннатда қўшни ҳақлари кўп марта таъкидланган ва уларга риоя қилиш иймоннинг комиллигидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар. Ота-оналарга яхшилик қилинглар, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшнига, бегона қўшнига…» (Нисо сураси, 36-оят)

Оятда Аллоҳга ибодатдан кейин турли тоифадаги инсонларга яхшилик қилиш буюрилган. Улар орасида «яқин қўшни» ва «бегона қўшни» алоҳида зикр қилинган. М mufассирларнинг айтишича, «яқин қўшни» деганда қариндош ҳам бўлган қўшни назарда тутилган бўлиши мумкин, «бегона қўшни» эса қариндош эмас, аммо яқинингда яшайдиган кишидир. Демак, қариндошликдан қатъи назар ҳар қандай қўшнининг ҳақи бор. Бу оят мусулмонни ҳам, мусулмон бўлмаган қўшнини ҳам ҳурмат қилишга чорлайди.

Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Жаброил алайҳиссалом менга қўшни ҳақида шунчалик васият қилдики, ҳатто уни меросхўр қилиб қўяр, деб ўйладим». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадис қўшничилик ҳақларига қай даражада катта аҳамият берилганини кўрсатади. Жаброил алайҳиссаломнинг қайта-қайта васият қилиши қўшнининг ҳуқуқини оила аъзоларидан кейинги энг катта ҳақлардан бири сифатида белгилайди. «Меросхўр қилиб қўяр деб ўйладим» деган жумлада қўшнининг ҳақи қариндошлардек катта эканига ишора бор.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган киши қўшнисига озор бермасин. Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган киши меҳмонини ҳурмат қилсин. Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонган киши ё яхши сўзласин, ёки жим турсин». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадисдан қўшни ҳақларига риоя қилиш иймоннинг камолидан эканлиги англашилади. Демак, қўшнини безовта қилиш — иймонга салбий таъсир этувчи иш ҳисобланади.

 

Қўшничиликнинг асосий ҳақлари

 

1. Озори етмаслик – овоз билан, турмуш тарзи билан қўшнига зарар етказмаслик.

2. Саломлашиш ва аҳволидан хабар олиш – мусулмоннинг одоби.

3. Ёрдамга тайёр туриш – қийналганда кўмаклашиш.

4. Сирини сақлаш – қўшнининг айби ва камчилигини очмаслик.

5. Неъматдан баҳраманд қилиш – таом тайёрланса қўшнини ҳам эслаш.

6. Ширинмуомалада бўлиш – хушмуомала ва мулойим бўлиш.

 

Қўшничилик муносабатлари соғлом жамият пойдеворидир. Қўшнилар орасида муҳаббат ва ҳамжиҳатлик бўлса, маҳалла тинч ва барқарор бўлади. Агар низо пайдо бўлса, бутун жамоага салбий таъсир кўрсатади.

Қуръон ва суннатда қўшничилик ҳақларига жиддий эътибор қаратилган. Қўшнини ҳурмат қилиш, унга ёрдам бериш ва озор бермаслик иймоннинг белгиларидан ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон ўз қўшниси билан самимий муносабатда бўлса, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатлик қарор топади.

Манбалар асосида тайёрланди 
Абдулҳаким Сўфиев,
Янги Наманган тумани “Саид Собитхон” жоме 
масжиди имом-хатиби