Жамият аъзоларига муносабат

"ҚАЙСАР" ИНСОН БЎЛМАЙЛИК!

"ҚАЙСАР" ИНСОН БЎЛМАЙЛИК!

Исломда инсон хулқи ва ниятига катта аҳамият берилади. Айрим сифатлар борки, улар тўғри йўлда бўлса — фазилат, нотўғри йўлда бўлса — ҳалокат сабабига айланади. Ана шундай сифатлардан бири қайсарликдир. Агар у ботил йўлда, ҳақиқатга қарши туриш шаклида намоён бўлса, Қуръон ва ҳадисларда қаттиқ қораланади.

Қайсарлик нима?

Қайсарлик — бу инсон: ҳақиқатни англаб туриб уни рад этиши, насиҳат ва далилларга қарамай ўз билганидан қолмаслиги, кибр ва нафс туфайли ҳақни қабул қилмаслигидир.

Бу ҳолатда қайсарлик сабот эмас, балки ўжарлик ва кибрга айланади.

Қайсарларнинг Қуръондаги мисоллари: 

1. Иблиснинг ўжарлиги: 

Аллоҳ таоло Иблис ҳақида шундай маънода баён қилади: «У (Иблис) бош тортди, кибр қилди ва кофирлардан бўлди».

Иблис Аллоҳнинг амрини билган ҳолда ҳам унга бўйсунмади. Бу — ботилдаги қайсарликнинг энг очиқ мисоли. Унинг муаммоси билимда эмас, итоатсизлик ва кибрда эди.

2. Фиръавннинг қавми ва ўзи: 

Қуръонда Фиръавн ва унинг қавми ҳақида: «Улар қалблари ишонган ҳолда ҳам (оятларни) инкор қилдилар, золимлик ва такаббурлик сабабли».

Бу оят ботилдаги қайсарликнинг яна бир турини кўрсатади: ҳақиқатни билиб туриб рад этиш.

3. Қалби муҳрланганлар: 

Аллоҳ таоло айтади ( шу маънода): «Аллоҳ уларнинг қалбларини муҳрлади, шу сабабли улар ҳақни қабул қилмайдилар».

Бу ҳолат — доимий ўжарлик ва ҳаққа қарши туриш натижасида келиб чиқадиган оқибатдир.

Ҳадислардан мисоллар: 

1. Кибр ҳақида ҳадис: 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар (шу маънода):  «Кибр — ҳақни рад этиш ва одамларни паст санашдир».  Бу ҳадис ботилдаги қайсарликнинг моҳиятини аниқ таърифлаб беради: ҳақни қабул қилмаслик — кибр аломати.

2. Насиҳатни қабул қилмаслик

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай маънода огоҳлантирганлар: «Аллоҳ кимга яхшиликни истаса, уни динда фаҳмли қилади».

Ботил йўлда қайсар инсон эса фаҳмли бўлиш ўрнига ўз нафсини устун қўяди.

Ботил йўлдаги қайсарликнинг оқибатлари: қалб қотиши, ҳақдан узоқлашиш,  гуноҳга одатланиш- охир-оқибатда ҳалокат. 

Қуръон ва ҳадислардан кўриниб турибдики, ботил йўлдаги қайсарлик — инсонни ҳалокатга етакловчи хислатдир. Ислом инсонни саботли бўлишга чақирган, аммо бу сабот фақат ҳақ йўлда бўлсагина қимматлидир. Ҳаққа қарши қайсарлик эса кибр ва нафснинг маҳсули бўлиб, ундан сақланиш ҳар бир мўмин учун зарур.

Ҳақни билиб туриб рад этмаслик — иймоннинг белгисидир.

Шу кунларда аксар инсонларда кўриниб турган иллатлар орасида энг ёмони ва кўп тарқалгани қайсарлик иллати бўлиб бормоқда. Хамма ўзини хақ деб билади, ўзидан бошқани тан олмайди, эшитмайди ёки эшитсада, тушунмайди. Ачинарлиси ўзини хақ устидаман деб биладигонлар, асл хақиқатни билмасаларда, ўзларини билгандек тутиши ва ўзларига йўл кўрсатаётган етакчи ёки рахнамоларига кўр-кўрона эргашиши ва ишонишидир. Бунинг оқибатида жамиятда бўлиниш юзага келиб, бундай жамоалар эргашувчилари ва мўтадил тоифа вакиллари орасида турли низолар келиб чиқиши табиий хол. Шунинг учун хар биримиз ўзимизни рухий жихатдан тарбиямиз билан машғул бўлишимиз, нафсимизни поклашликка интилишимиз ва Аллоҳдан бу йўлда кўмак сўраб, дуо қилишимиз зарур ва лозим. 

 

Манбаълар асосида тайёрланди
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Бузрук ҳўжа эшон” 
жоме масжиди имом хатиби