Таълим тарбия

ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ — АЛЛОҲ РОЗИЛИГИГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

ОТА-ОНАНИ РОЗИ ҚИЛИШ — АЛЛОҲ РОЗИЛИГИГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ

Оила ота-она, эр-хотин ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар асосида қурилади. Айниқса, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги алоқалар жуда муҳим бўлиб, ўғил-қизларнинг ўз ота-оналари зиммасида муайян ҳақлари бўлгани каби, ота-онанинг ҳам фарзандлари зиммасида бир мунча ҳақлари борки, ушбу мақоламиз шу мавзуга бағишлангандир. 

Бизнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яхши хулқ соҳиби бўлиб етишишимизда, хуллас, жамиятга муносиб комил инсонлар қаторидан жой олишимизда ота-онанинг буюк ҳиссаси борлигини ҳеч ким инкор қилолмаса керак. 

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай буюради: «Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сенинг ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб "уф" тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт! Улар учун меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут — ҳокисор бўл ва: "Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин", деб (ҳақларига дуо қил!)» («Исро» сураси, 23-24-оятлар). 

Дарҳақиқат, отамиз бизнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлади, вояга етишимизда ўзининг саъй-ҳаракатлари, ибрати, рўзғор юритиши билан фаол иштирок этади. Бизнинг камолга эришувимиздаги онанинг беқиёс хизматларини таърифлашга эса тил ожиз, қалам ноқис, сўз танқис.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат оналарнинг оёқлари остидадир», деганлар ва умматларидан бу дунёда жаннат излаганларни онани рози қилишга, унинг дуосини олишга тарғиб қилганлар.

Бир аъробий Пайғамбар алайҳиссаломдан: «Менда отамнинг ҳаққи кўпми ёки онамнинг?» деб сўраганида, у зот уч мартагача «Онангнинг ҳаққи» деб жавоб қайтарганлар ва тўртинчи марта сўралганда «Отангнинг» деганлар.

Бир йигит саҳобалардан: «Онамни елкамга кўтариб Маккага олиб бориб, етти марта Каъбани тавоф қилдирдим, энди унинг ҳаққини адо қилолдимми?» деб сўраганида, улар: «Йўқ, бу хизматинг билан у сени эмизиш учун бир марта уйқусини бузганини ҳам рози қилолмадинг», дейишган экан.

Алламаларимиз фарзандларнинг ўз ота-оналари учун бутун борлиқлари — ҳам тани, ҳам тили, ҳам дили, ҳам моли билан хизматда бўлишлари, уларни рози қилиб дуоларини олишлари кераклигини уқтиришган. Имом Насафийдан ривоят қилинишича, фарзанд ота-онаси олдида 60 соҳада бурчли ва қарздор экан.

Абу Усайд розияллоҳу анҳу ҳикоя қиладилар: «Биз Расулуллоҳ ҳузурларида эдик, шу вақтда бир киши: "Ё Расулуллоҳ, ота-онамнинг ҳаёт вақтларида қилган яхшилигимдан ташқари, уларнинг вафотидан кейин яна нима қилсам, шу яхшилигим давом этади?" — деб сўради. Расулуллоҳ: "Тўртта нарсани қилиб юрсанг, уларга яхшилигинг давом этаверган бўлади. Уларнинг биринчиси — ота-онанг ҳаққига дуо қиласан ва гуноҳларини кечиришни Аллоҳ таолодан сўрайсан; иккинчиси — уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини амалга оширасан; учинчиси — уларнинг дўстларини ҳурматлайсан ва тўртинчиси — қавм-қариндошлар билан улар туфайли қарор топган қариндошлик алоқаларини узмайсан", — дедилар» (Имом Бухорий ва Абу Довуд ривоятлари). 

Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинди: «Қайсидир бир сафарда бир аъробий (саҳройи) Абдуллоҳ ибн Умар ёнларига келиб: "Сен фалончининг ўғли эмасмисан?" деб сўради. Шу аъробийнинг отаси ҳазрат Умар ибн Хаттоб билан дўст бўлган экан. Абдуллоҳ аъробийга: "Ҳа, отангнинг дўсти Умарнинг ўғлиман", дедилар ва ўзларининг туялари ортида олиб юрган эшакни ҳамда бошларидаги саллани ечиб, аъробийга бердилар. Шунда ёнларидаги кишилардан бири таажжубланиб деди: "Бу бир аъробий бўлса, унга икки дирҳам берсангиз кифоя қиларди, сиз эса эшакни ҳам, саллани ҳам бериб юбордингиз". Абдуллоҳ: "Расулуллоҳ: 'Отанг дўст тутган кишиларнинг дўстлигини сақла, улар билан алоқани узма, узсанг, Аллоҳ таоло сенинг нурингни ўчириб қўяди', деган эдилар", — деб жавоб қилдилар» (Имом Бухорий ривояти). 

Ушбу мақоламиз фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлари ва қарздорлиги тўғрисида. Шояд, ота-оналарини ҳурмат қилишни ўргатишда, уларнинг хизматига шай туриб, дуосини олишда ва охиратни обод қилишда кўмак берса!

Аллоҳ таоло барчаларимизга фарзандлик бурчини тўла адо этишни, ота-оналаримизни рози қилиб, Аллоҳ таоло ризолигига эришишни насиб этсин, омин!

Абдуғани Абдуллажонов,

Чуст тумани «Қосим шайх» жоме 
масжиди имом-хатиби