Таълим тарбия

ОТА ОНАНГИЗГА ИТОАТ ЭТИБ, ХУШМУОМАЛА БЎЛИНГ!

ОТА ОНАНГИЗГА ИТОАТ ЭТИБ, ХУШМУОМАЛА БЎЛИНГ!

Фарзандлар ўз ота-оналарига яхши муомала билан ширинсухан бўлишлари, уларга меҳрибонлик кўрсатишлари лозим.

Албатта, Аллоҳнинг китоби мусулмонларнинг инсонийлик қиёфасини, унинг бошқа кишиларга ва умуман, оламга нисбатан бўлган муомаласи, одоби, хулқини шакллантиришда катта ўрин эгаллайди. Инсоният тарихида қадим замонлардан буён йиғилиб, амалда тадбиқ қилиб келинаётган кўпдан – кўп инсоний хислатлари, ахлоқий тартиб-қоида ва қарашлари Қуръонда ўз аксини топган. Шариатимизда ҳиммат,хайр-саҳоват ва меҳмондўстлик, тўғрилик, жасорат ва ботирлик, сабр-тоқат, поклик, ҳалоллик, вафодорлик, содиқлик каби инсоний фазилатлар билан бирга ота-она ҳуқуқлари ҳам белгилаб қўйилган ва ҳимоя қилган.

Қуръони каримда, ота-онани ҳурмат қилишга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, Аллоҳ таоло: “Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ва ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингизда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!”— деган. “Уфф” сўзи – безорим чиқди, жонимга тегди ва шунга ўхшаган маъноларни билдиради. Ота-онага бу сўзни ишлатиб ранжитиш, Аллоҳга итоатсизлик бўлади. Аллоҳ таоло Ўзига ибодат қилишдан кейин, ота-онага яхшилик қилишни, уларга озор бермасликни ва ширинсухан бўлишни буюраяпти. Бу динимизда ота-онанинг ҳаққи қанчалик улуғ эканини кўрсатади. Ушбу суранинг кейинги оятида: “Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт”, — деган. Фарзандлар ота-онанинг ҳузурида ўзини қанча паст тутса, ўзларига шунчалик яхши бўлади. Яна доимо уларга Аллоҳ таолодан мағфират тилаб дуо қилишлари лозим бўлади. Чунки улар фарзандларига тарбия бериб вояга етказгунича қанчадан қанча машаққатларни чекиб ўтган.

Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшиликни ёлғиз Аллоҳ таолога ибодатдан кейинги иккинчи вазифа қилиб қўяди. Бу таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир, фарзанд уларга нисбатан ҳурмат сақлаши, сўзларини қайтармаслиги ва ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин, юқоридаги ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нуқта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан.

Аллоҳ таоло китобида ота-онани ҳурмат қилиш, уларга яхшилик қилиш ва шукр қилиш тўғрисида бошқа кўплаб ояти карималар ҳам келган. Шундай экан ота-онани эъзозлаш Аллоҳ таоло тамонидан инсонларга берилган буйруқ ҳисобланади. Ким у буюруққа бўйин эгмаса, Аллоҳга қарши чиққан ҳисобланади. Аллоҳнинг буйруғига итоат этмаслик, катта гуноҳга сабаб бўлади.

 

Манбаълар асосида тайёрланди
Отабек Сайдазимов,
 Учқўрғон туман “Шархончек” жоме 
масжиди имом-хатиби