Жамият аъзоларига муносабат

ОИЛА ВА УНИНГ МУКАДДАСЛИК СИРЛАРИ

ОИЛА ВА УНИНГ МУКАДДАСЛИК СИРЛАРИ

Оила бу кичик жамият бўлиб, у оила аъзоларидан ташкил топади. Албатта ушбу оила аъзолари ўртасидаги муносабатнинг яхши бўлиши ўша оиланинг мустаҳкамлигига олиб келади.

Оиланинг асосини эру хотин ва фарзандлар ташкил қилади. Исломда уларнинг ҳар бирининг ўзига хос ҳақ ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бор. Ушбу ҳақ ҳуқуқлар ва мажбуриятларга риоя қилиш оиланинг мустаҳкалигига олиб келади.

Эр-хотин орасидаги мукаддас ришталар нималардан иборат?

1. Эр-хотиннинг ўзаро яхшилик билан яшамоқлари. 

Оилада бирга яшар эканлар, эр хотин бир – бирларига фақат яхшиликни раво кўриб, қўлларидан келган барча мурувватларни қилиб яшашлари икковларининг орасидаги муштарак ҳақлардан биридир. Бундай бахтиёр ҳаёт тарзини Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга амр этган. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида бундай деб мараҳамат қилади: “...ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (19-оят). 

Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфат алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли, дархол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас. 

2. Эр-хотинлик ҳаёти ҳалол бўлиши, ҳар икки тараф бир-биридан лаззат ва ором топиши. 

Эр ўз аёлидан қанчалик жинсий ва ҳиссий лаззатланиш ҳуқуқига эга бўлса, аёл ҳам ҳудди шундай ҳақга эга. Аёл эрининг бу борадаги ҳожатини қондиришга қанча мажбуриятли бўлса, эрнинг зиммасида ҳам шунча мажбурият бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, фаришталар тонг отгунча уни лаънатлаб чиқурлар”, - дедилар”. (Учовлари ривоят қилган). 

3. Қуда андачилик хурматларини жорий қилинади. 

Қудачилик алоқалари ҳам худди насаб алоқалари каби бўлади. Насаб бўйича хурматлар бўлгани каби, қудачилик бўйича ҳам хурматлар бўлади. 

4. Эр-хотин бир-бирларига меросхўр бўладилар.

Оила қуриб, эр-хотин бўлиб яшаш уларнинг орасида, бир-бирларидан мерос олиш ҳаққини ҳам собит қилади. 

5. Улардан фарзанд туғилса, насаби собит бўлади. 

Бошқача қилиб айтганда, эр-хотин ўз фарзандларига ҳақдор бўлишга баробардирлар. Улардан туғилган фарзандларнинг насаби икковларидан бўлади. 

6. Эр-хотинлик сирларини фош қилмаслик. 

Албатта, эр-хотинлар ўзларига яраша биров билиши мумкин бўлмаган сирларга соҳиб бўладилар. Энди мазкур бўлган сирларни фош қилмаслик ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг ўз жуфти ҳалолидаги ҳаққидир, ҳамда эр-хотиннинг бир-бирларига нисбатан мажбуриятларидир. 

7. Ота-онага яхшилик қилиш ва қариндошларига сийлаи раҳм қилиш. 

Муқаддас ҳисобланган никоҳ шарофатидан эр-хотиннинг ҳар бирининг ота-онаси ва қариндошлари иккинчисига ҳам ота-она ва қариндошларга айланади. Шу боис, қайнона ва қайнотага яхшилик қилиш эр учун ҳам, хотин учун ҳам худди ўз ота-онасига яхшилик қилишдек бурчга айланади.

Ўзбек оиласи ўзининг меҳр-мурувватлилиги, озодалиги, ширинсуҳанлиги билан ажралиб туради. Бугунлик кунда қайси бир хонадонга кирманг бунинг шоҳиди бўласиз. Эрталабдан оналаримиз, келинларимиз уйлар атрофини супуриб-сидирган, хуш кайфият билан нонушталар тайёрлашиб, оталаримиз, ака-укаларимизни иш ва ўқишга кузатадилар, тушдан сўнг уларни чиройли ҳолатда кутиб оладилар, қўйинки, оилаларимизнинг қайси ҳолатини айтиб мақтасак ҳам ҳеч хато қилмаган бўламиз. Бу ниманинг самараси? Бу албатта, муқаддас динимизнинг кўрсатмаларига амал қилишнинг, қолаверса, мамлакатимизнинг оилаларга қилаётган эътиборининг самарасидир. 

Оилаларимиз ҳамиша мустаҳкам бўлиб бораверсин!

Камолиддин Хамрақулов, 
 Норин туман бош имом хатиби