Жамият аъзоларига муносабат

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ  ЮРТ ОБОДЛИГИ

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ  ЮРТ ОБОДЛИГИ

Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш  ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи навбатда оилада шаклланади. Боланинг ҳарактерини, табиати  ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар-яхшилик ва эзгулик, олижаноблик  ва меҳр-оқибат,  ор-номус ва андиша каби муқаддас  тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида қарор топиши табиийдир.

Шунинг учун ҳам айнан оила муҳитида пайдо бўладиган ота-онага ҳурмат, уларнинг олдидаги умрбод қарздорлик бурчини чуқур англаш ҳар қайси инсонга хос бўлган одамийлик фазилатлари ва оилавий муносабатларнинг негизини, оиланинг маънавий оламини ташкил этади.

Абдуроуф  Фитрат “оила” асарида оила асосини тўғри қуриш, оилада  ёш авлодга жисмоний, ақлий ва ахлоқий тарбия бериш орқали мана шу турғунликдан қутулиш, жамиятни ислоҳ қилиш мумкинлигини баён қилган. “Миллат тақдири мана шу миллат вакиллари яшаган оиланинг ҳолатига боғлиқдир. Қаерда оила муносабати кучли интизомга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади”, деб ёзади у мазкур асарда. 

Фитрат ўз фикрини давом эттириб, “Агар бир мамлакат аҳолиси ахлоқсизлик ва жоҳиллик билан оилавий муносабатларни заифлаштириб юборса ва интизомсизликка йўл қўйса, шунда бу миллатнинг саодати ва ҳаёти шубҳа остида қолади”, деб ёзади. 

Қайси бир давлатда оила фаровонлигини таъминлаш, аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш, ёшларни маънавий баркомолликка эришиш муоммоси давлат, жамоат, хусусий амалиёт доирасида ҳал қилинадиган бўлса, ўша давлат чиндан ҳам фаровон ва барқорор ривожланиши мумкин.

Инсон тарихидан то ҳозиргача оила муқаддас маскан ҳисобланади. Дастлабки асосий тарбия оиладан бошланади. Ижтимоий-ахлоқий ва ғоявий муҳити соғлом, иқтисодий жиҳатдан фаровон оилаларга эга бўлган жамият ва давлат юксак мақсадларга эришади. 

Оилада ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқорор бўлишида, фарзандлар тарбиясида эр-хотин муносабатларининг ўрни беқиёсдир. Оилада бир-бирини тушиниб, қўллаб-қувватлаб яшаётган эркак ва аёл албатта, фарзандлари келажагига беэътибор бўлмайди. Оилада эр-хотиннинг ҳамжиҳатлик билан фикрлаши соғлом жамият асосини ташкил этади. Шунингдек жамият келажаги бўлган ёш авлодни тўғри фикрлаш, Ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга омил бўлади.

Жаҳон маданияти ва маънавиятига улкан ҳисса қўшган Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий кабиларнинг  ўз халқи тарихидан чуқур из қолдиришга сабаб, улар вояга  етган оилаларда соғлом муҳитнинг барқорор бўлганида, деб ҳисоблаш мумкин.

Ислом манбаларида келтирилган кўрсатмаларда ҳам оиладаги муносабатларда, маънавий баркамол инсонларни тарбиялашда эр-хотиннинг тинчлик асосида, ўзаро иттифоқда яшашлари муҳим эканига урғу берилади. 

Оиланинг тинчлиги, унинг фароғатли турмиши шу оиланинг бошида турган эр билан хотин орасида дўстона муносабатларга ҳар тамонлама таалуқли жиҳатдир. 

Ислом динида никоҳ тенг ҳуқуқли аёл билан эркак ўртасида эркин, ихтиёрий тарзда, шариатда белгиланган қоидаларга риоя қилиб тузулган иттифоқ бўлиб, бу иттифоқ заминида оила ҳамда эр-хотин ўртасида ҳуқуқ ва мжбуриятлар пайдо бўлади. 

Эр ва аёлнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳадиси шарифларда шундай баён қилинади: “Агар бировни бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни эрларига сажда қилишларига  амр қилган булур эдим. Аллоҳ уларга аёллари устига берган ҳақ сабабидан”.

- “Огоҳ бўлинглар ! Албатта, сизларнинг хотинларингизда ҳақларингиз бордир ва хотинларингизнинг  сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинингиздаги ҳаққингиздан: тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишиларнинг уйингизга киришига изн бермасликлари. Огоҳ бўлинглар!  Уларнинг сиздаги ҳақларидан: Уларнинг кийимларини  ва таомларини  яхшилаб қўйишингиздир”.

Ҳар қандай жамият ривожи, турмуш ободлиги унда яшаётган оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Ислом манбаларидаги оилавий муносабатларга тегишли кўрсатмаларди ҳам энг асосийси , оилавий ҳаётда тинч-тотувлик , инсонийлик, поклик, тартиб, одоб ва эр-хотин бир-бирларининг ҳуқуқларини паймол қилмаслигига эътибор бериб ҳаёт кечиришга ундалади. 

Ҳозирда инсонларнинг тинчлик ва хотиржамликда яшаш масаласи  бу авваламбор ҳар бир оила аъзоларининг ўзаро ҳамжиҳатлигига боғлиқ. Албатта  ўз бурчини талаб этаётган  ҳар бир шахс  у ҳоҳ аёл бўлсин, ҳоҳ эркак шу билан бир қаторда, оиладаги яъни турмуш ўртоғи ва фарзандлари олдидаги масъулиятларини ҳам ҳисобга олсагина оилалар мустаҳкамлиги  ватан равнақи таъминланади. 

Фазлиддин Камолов,
Учқўрғон туман “Абдулхамид хожи Абдуррахмон ўғли” жоме 
масжиди имом хатиби