Ислом инсонни ҳар қандай ҳолатда ҳам қадрлашда, барча тузум ва таълимотларга намуна бўла олади. Самовий динлар уларга бошпана, озиқ-овқат ва кийим-кечак билан ёрдам қўлини чўзишга ундаган бўлса, Ислом динида жисмонан заиф, кўмакка муҳтож кишиларга шу даражада эътибор кўрсатилдики, тарихлар оша улар ҳатто илм ва ҳидоятда йўлбошчи, етуклик, истеъдод намояндаларига айландилар.
Зеро, Ислом шариатида жисмонан имконияти чекланган кишиларга юксак эътибор қаратилиб, уларга енгиллик қилиш, машаққатларини кетказиш билан хосланди. Ҳамда ғамхўрликка муҳтож кишиларни доимо ҳурмат қилиш, уларга ёрдам кўрсатиб буюрилди. Қуръони Каримда бир неча ўринларда уларга мушкулларини енгиллатиш, қулайлик яратиш ҳақидаги оятлар нозил бўлган. Оятларнинг амалиёти ўлароқ улар билан ўзаро муомалада Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал намуна бўлдилар.
Аллоҳ таоло айтади: Заифҳолларга, беморларга ва сарф харажат қиладиган нарса топа олмаётганларга, агар Аллоҳга ва Расулига ихлосли бўлсалар, насиҳат қилсалар, гуноҳ йўқ. Яхшилик қилувчиларни айблашга йўл йўқ. Аллоҳ мағфиратлидир, раҳмлидир. (Тавба, 91).
Яъни, агар заифҳоллар ва беморлар соғлом биродарлари билан биргаликда жанг қилолмасалар ҳеч қандай машаққат йўқдир.
Аллоҳ таоло айтади: Кўзи ожизга танглик йўқ. Чўлоққа ҳам танглик йўқ. Беморга ҳам танглик йўқ. (Нур, 61)
Яъни, яқин қариндошлар уйларида еб-ичиш масаласида танглик, ноқулайлик йўқ.
Фатҳ сурасида ҳатто Аллоҳ йўлидаги жиҳодга бора олмаслик ҳақидаги оят мазмунида ҳам улардан танглик кўтарилгани ҳақида хабар қилинади.
Аллоҳ таоло айтади: Кўзи ожизга танглик йўқ, чўлоққа ҳам танглик йўқ. Хастага ҳам танглик йўқ. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилса, уни остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритар. Ким юз ўгирса, аламли азоб билан азоблар. (Фатҳ, 17)
Ҳадиси шарифларда эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кўп ўринларда эҳтиёжманд кишиларга ёрдамлашиш, беморларни зиёрат қилишга тарғиб қилганлар. Қуйидаги ҳадисда айтадилар.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг хурфасида бўлур”, дедилар. “Ё Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг хурфаси недир?” дейилган эди. У зот: “Боғидир”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Киши бемор биродарини зиёрат қилиб, уни кўнглини кўтариши, жаннат боғида сайр этгани кабидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғам-ташвишни кетказса, Аллоҳ ундан қиёмат кунида ғамлардан бир ғам-ташвишни кетказади. Кимки, қийналган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ унга дунё ва оғиратда енгиллик қилади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг дунё ва охиратда айбини беркитади. Модомики, банда биродарининг ёрдамида бўлар экан, Аллоҳ ушбу банданинг ёрдамида бўлади”. (Абу Довуд ривояти)
Мазкур ҳадис шарҳида Ибн Дақиқул Ийд раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу буюк ҳадис ўзида турли илмлар, қоидалар ва одобларни жамлаган. Унда имкони борича илми, моли, ёрдами, фойдали ишораси, насиҳати ёки бошқа жиҳатлар билан мўминларнинг эҳтиёжларини қондирувчи кишига башорат ва билдиришлар бор”.
Ҳадисдан кўриниб турибдики, ҳар бир яхши амалнинг мукофоти ўз жинсидан бўлади. Ким қандай хайрли амал қилса, Аллоҳ таоло дунёю-охиратда унинг мисли билан мукофотлайди.
Жисмида беморлиги бор кишилар ичида энг кўп ёрдамга муҳтожроқ киши кўзи ожизлардир. Муҳаддис уламолар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларга қанчалик эътибор қилганликларини кўрсатиб, китобларида қуйидаги ҳадисларни келтирганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳ ва саллам айтадилар: “Ким бир кўзи ожизни қирқ қадам етакласа, унга жаннат вожиб бўлади” дедилар.
Абу Яъло Мусилий ушбу лафз билан Муснадида келтирган
Яна бир ҳадисда шундай келтирилади:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким кўзи ожиз кишини қирқ зироъ етакласа, унга бир қулни озод қилгандек ажр бўлади”. Имом Тобароний ривояти.
Яна бир ривоятда эса шундай марҳамат қилинади: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким кўзи ожиз кишини хавфсиз жойига етказиб қўйса, Аллоҳ уни қирқта гуноҳини ва жаҳаннамни вожиб қилувчи тўртта гуноҳи кабирасини мағфират қиради”. Имом Тобароний ривояти.
Бу ҳадислардан кўзи ожиз кишига ёрдамлашиш ва уни етаклаб манзилига олиб бориб қўйиш нечоғлик улкан ажрга сабаб бўлиши очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни дастур билган салафи солиҳлар ногиронлиги бор кишиларга алоҳида ғамхўрлик қилиб, ўзларидан кейингиларга муносиб намуна кўрсатганлар. Масалан: Умар ибн Абдулазиз мусулмонлар диёрида қийин аҳволдаги кишилар ададини ҳисоблаб чиқишга буюриб, ҳар бир ногиронлиги бор кишиларга парваришловчи ва табибларни бириктирганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ғамхўрликка муҳтож кишилар учун байтулмолдан нафақа ва масъул тайинлашни жорий қилиш лозимлигини таъкидлаганлар. Ҳижрий 88-йилда Халифа Валид ибн Абдулмалик мохов касалига чалинганлар учун биринчи касалхонани қурдирган ва ҳар бир ногирон бемор учун махсус хизматчи, кўзи ожизларга етакловчи тайинлаган.
Хозирги замонимизда давлатимиз томонидан етарлича эътибор қаратилмоқда. Биз мусулмонлар савоб умидида ўз ёрдамимизни аямасак, ёрдам қўлини чўзсак, албатта жамият орасида бундай кишилар ўзларини ноқулай хис қилмай, эркин яшашади.
Манбаълар асосида тайёрла н ди.
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби