Жамият аъзоларига муносабат

НОГИРОНЛАРГА ЭЪТИБОР ЭНГ САВОБЛИ ИШ

НОГИРОНЛАРГА ЭЪТИБОР ЭНГ САВОБЛИ ИШ

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳадаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан инсонни улуғлашга, унинг шаъни, қадр-қимматини оширишга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан қимматлидир. 

Зеро, Асосий Қонунимизнинг 13-14-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади. 

Мустақилликнинг дастлабки даврларидан бошлаб мамлакатимизда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш, айниқса аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қисми бўлмиш ногиронларга ҳаётда тенг имконият ва шароитлар яратиб бериш масаласи долзарб масалалардан бирига айланди. 

Шу мақсадда 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши ногиронларга уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришда бошқа барча фуқаролар билан тенг имкониятларга эга бўлиш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, ногиронларни тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига, ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришларига имкон берадиган қулай шарт-шароит яратишни таъминлашда замин яратди. 

Бу оламда Аллоҳ инсонлар учун икки буюк неъмат берганки, бундан фойдаланганлар улкан давлатни қўлга киритишади. Булардан бири соғлиқ, иккинчиси эса хотиржамликдир. 

Инсон барча ютуқларга соғлом пайтида эришади. Хотиржам вақтини хайрли ишларга сарфлаганлар эса олий саодатга етишади. Соғлиқ ва хотиржам вақтнинг қадрини билмоқ лозим. Бу иккиси Аллоҳнинг шундай буюк неъматики, ҳар соҳада ҳаётий аҳамиятга эга. Улар барча неъматларни умумлаштиради.  Бу борада Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:  “Икки неъмат борки, бу икки неъматдан кўпчилик маҳрумдир. Бири соғлиқ, бири хотиржамликдир”. 

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Беш нарсадан олдин беш нарсани ғанимат бил: кексалигинг олдидан ёшлигингни, касаллигинг олдидан саломатлигингни, камбағаллигинг олдидан бойлигингни, машғуллигинг одидан бўшлигингни, ўлиминг олдидан ҳаётингни», дедилар». Ҳоким ривоят қилган. 

Шундай экан, ҳар бир мусулмон жамиятджаги шундай кўнгли ўксик ҳамюртларимзни доим ҳолларидан хабар олиб туришимиз, энг катта савоб амаллардан ҳисобланади. Уларҳам, бу дунёда Аллоҳ таоло берган синовга сабр қилсалар, албатта Аллоҳ таоло унинг ажру савобини беради.

 

Юнусхон Умаров,

Косонсой  туман “Садпири комил” жоме 
масжиди имом хатиби