Инсоният 21-асрга келиб глобал муаммолар билан тобора кўпроқ тўқнашмоқда. Гиёҳвандлик балоси, одам савдоси, иқлим ўзгариши, ҳаво ифлосланиши, сув танқислиги... Ўтган асрда “аср вабоси” номини олган ОИВ касаллиги эса тобора кўпроқ одамларга юқиб, иқтисодиётга жуда катта зарар келтирмоқда. Аслида буларга инсоннинг ўзи, оқибатини ўйламай қилинган ишлар сабаб бўлмоқда. Шунинг учун доно халқимиз “Нима эксанг шуни ўрасан”, деб бежиз айтмаган.
Одам фарзандларини азиз ва мукаррам қилган Аллоҳ таоло унинг икки дунё саодатига мушарраф бўлиши учун қандай яшаши лозимлигини ҳам Қуръони каримда баён этиб, пайғамбарлар орқали етказди. Уларда нималарга буюрилган бўлса, албатта одамлар учун чексиз фойдалар бор ва нималардан таъқиқлаган бўлса, албатта уларда катта зарарлар бор. Биргина “Зинога яқинлашманг”, деган оятнинг ўзида қанчалар фойда борлигини бугун дунё аҳли ҳам эътироф этмоқда.
Эътибор берган бўлсангиз, бизларга меҳрибон ва раҳмли Раббимиз “зино қилманг” демади, балки унинг замирида ёмонликлар кўплиги учун унга яқинлашмасликка буюрди. Буни дунё бўйича тарқалиб, “аср вабоси” номини олган ОИТС касаллиги ҳам яққол тасдиқлаб турибди.
ОИВ инфекцияси бугунги кунда БССТ ҳамда БМТ олдида турган долзарб муаммоларнинг бири. У эпидемияга айланиб, дунёнинг барча мамлакатларини қамраб олган. Ўзбекистонда ҳам бу касаллик 1987 йилда, дастлаб яшаб турган хорижлик фуқаролар орасида аниқланган, кейинги йилларда маҳаллий аҳоли ўртасида тарқалган.
ОИВ ва ОИТС - жуда оддий кўринсада, бу сўзларнинг замирида инсоннинг фаровон турмушига халал бераётган, қолаверса, умрига зомин бўлаётган касаллик ётади. Ҳозиргача у бир неча ўн миллион кишининг ҳаёт шами бевақт сўнишига сабабчи бўлди. Юз миллион нафарга яқин одам ушбу касалликдан азият чекмоқда. Илм-фан қанчалик тараққий этмасин, унинг давоси топилмаган ва бедаволигича қолаётир. Лекин, муқаддас Ислом дини бу ҳақда қарийб 14 ярим аср муқаддам огоҳлантириб, одамзодни ҳушёрликка чақирган.
Бу фожианинг келиб чиқишига бош сабаб зино бўлган. Бора-бора инфекция юқтирган шахслар билан биргаликда гиёҳванд модда қабул қилиш, беморнингшахсий гигиена воситаларини ишлатиш ва бошқа сабаблар оқибатида у яна кўпларни ўз домига тортишда давом этмоқда.
Мамлакатимизда оила қураётган ёшларни, чет элда узоқ вақт бўлган шахсларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам ушбу бедаво касалликнинг олдини олишга қаратилган. Нафсини жиловлай олмай шу харом йўл орқали касалликни ўзига, сўнгра аёлига ва фарзандларига юқтирган кишиларни кўриб нафратинг қўзийди. Бу дарддан азоб чекаётган мурғак нигоҳларни кўриб, қалбинг ларзага келади.
Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам, соғлигини ҳам ҳимоя қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларни фақат ташқи тозаликка эмас, балки қалб поклигига ҳам чорлаганлар. Чунки гуноҳ ва маънавий ифлослик инсонни Аллоҳдан узоқлаштиради. Оқил одам шайтон йўлдан оздиришидан эҳтиёт бўлмоғи лозим. Зеро, шайтон доим одамзодни пойлаб, ҳар қандай йўллар билан уни адаштириш пайидан бўлган маккор душманидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча ўринларида: «Шайтоннинг изидан эргашманглар! Шубҳасиз, у сизларнинг очиқ душманингиздир» деб огоҳлантирган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларни ҳалолликка, покизаликка, тозаликка даъват этиб, “Поклик - иймондандир” деганлар.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, барчамизни Ўзи эътироф этган азиз ва мукаррамликка мушарраф айласин!
Исҳоқхон Абдусеитов,
Давлатобод тумани «Абдураззоқ қози» жоме
масжиди имом-ноиби