• Home
  • Раддия
  • НАМОЗНИНГ ҚИЁМИДА ОЁҚЛАР ОРАСИНИ КЕНГ ОЧИБ ТУРИШ
Раддия

НАМОЗНИНГ ҚИЁМИДА ОЁҚЛАР ОРАСИНИ КЕНГ ОЧИБ ТУРИШ

НАМОЗНИНГ ҚИЁМИДА ОЁҚЛАР ОРАСИНИ КЕНГ ОЧИБ ТУРИШ

Бугунги кунда баъзи мусулмон ўлкаларида намоз ҳайъати борасида бир бидъат оммалашиб кетганлаги кўпчиликка сир эмас. Яъни, жамоат намозида сафда турган кишининг қадами унинг ёнида турган кишининг қадамига тегиб туриши ёки якка ҳолатда намоз ўқиётган киши оёғлари орасини ҳаддан ташқари катта очиб юбориши бидъатидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозлари сифати баён қилинган ривоятларда икки муборак қадамлари орасидаги масофа қанча бўлганлиги борасида ривоятлар деярли йўқ. Лекин баъзи аҳли илм уламолар қиёмда икки қадам ораси ўртача ҳолатда бўлишини, гавдасини тутиб турадиган ҳолатда: кенг  ёки тор бўлмаган кўринишда бўлишини айтганлар.

Намознинг қиёмида икки қадам орасидаги масофа қанча бўлиши мустаҳаблиги борасида ҳам мазҳаблар бир-биридан унча фарқ қилмайдиган ҳукмларни айтишган.

Мазҳабимиз икки қадам орасидаги масофа миқдори тўрт бармоқ кенглигида бўлишини айтишган.

Шофеий мазҳаби бу миқдорни бир шибр (бир қарич) қилиб белгилашган. Ундан кенгроқ ёки яқинроқ қилиш макруҳ саналади.

Моликий мазҳабига кўра икки қадам орасини очиш мандуб бўлиб унинг миқдори ўртача ҳолат, яъни кенг ҳам эмас ёки жуда яқин ҳам эмас. Ҳанбалийлар ҳам шу фикрга ҳамоҳанг.

Ҳозирда баъзи намозхонлар орасида сафда ўз қадамини ёнидаги намоз ўқувчининг қадамига, яъни тўпиғини унинг тўпиғига теккизиб туришга жиддий аҳамият қаратаётганлар учраб турибди. Бу ҳолат якка ҳолатда намоз ўқиётганда ҳам акс этмоқда. Бу эса уларнинг бу борадаги илмни жиддий ўрганмаганларига далолат қилади.

Сафда туриш кайфияти борасида бир неча ҳадислар келган. Тўпиқни тўпиққа теккизиб туриш ҳукмини олаётган кишилар ана шу ҳадисларни далил қилиб оладилар. Келинг, ана шу ҳадислар билан танишиб чиқайлик ва аҳли илм уламоларнинг бу борадаги шарҳ ва изоҳларига диққатимизни қаратайлик.

Намозда сафда бир текис туриш борасидаги саҳиҳ ҳадисларнинг иккитасининг зоҳирий матни намозхонлар бир-бирларига елкалари, тиззалари ва қадамларини теккизиш-ёпиштириб туришларига очиқ далолат қилади:

  1.  Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ саҳиҳ ҳадислар тўпламида бир бобни "Сафда елкани елкага ва оёқни оёққа ёпиштириб туриш ҳақида" дея номлаган. Шу бобда Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган:

عَنْ أَنَسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِه

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Сафларингизни тўғриланглар, чунки мен сизларни ортимдан ҳам кўриб тураман", дедилар.  Анас розияллоҳу анҳу: "Бизлардан ҳар биримиз елкасини шеригининг елкасига ва оёғини эса унинг оёғига теккизиб турар эдик", дейди.

  1. Иккинчи ҳадисни саҳоба Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

سمعت النعمان بن بشير يقول أقبل رسول الله صلى الله عليه و سلم على الناس بوجهه فقال أقيموا صفوفكم ثلاثا والله لتقيمن صفوفكم أو ليخالفن الله بين قلوبكم قال فرأيت الرجل يلزق منكبه بمنكب صاحبه وركبته بركبة صاحبه وكعبه بكعبه

Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳунинг бундай деганини эшитдим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга юзларини қаратиб, “Сафларингизни тўғриланглар!" дея уч марта марҳамат қилдилар ва: “Аллоҳга қасамки, сафларингизни тўғриланглар ёки Аллоҳ қалбларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди”, дедилар. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтади: “Мен одамларни шеригининг елкасига елкасини, тиззасига тиззасини ва тўпиғини тўпиғига ёпиштирганини кўрдим”.

Мазкур иккита саҳиҳ ҳадиси шарифнинг матнига назар солсак, ундан сафда турганда намозхонларнинг елкалари, тиззалари, тўпиқлари, оёқлари бир-бирларининг елкалари, тиззалари, тўпиқлари, оёқларига ёпиштириб, теккизиб туриши ҳақидаги ҳукм чиқарилиши керак. Бироқ, негадир оёқларини бир-бирига теккизишга ҳаракат қилиб, оёқлар орасини кенг очадиганлар, фақат тўпиқни, аниқроғини оёқ учини теккизишга интиладилар. Тўпиқларни ҳам, тиззаларни ҳам, елкаларни ҳам баробар теккизиш лозимлиги борасидаги ҳадис ҳукмидан уларнинг назарлари четда қолиб келади. 

Бундан ташқари амалий жиҳатдан олиб қаралганда тўпиқни тўпиққа, тиззани тиззага ҳамда елкани елкага теккизиб туришнинг мутлақо иложи йўқ. Чунки тиззалар текизилганда тўпиқлар бир-биридан қочади. Тўпиқлар теккизилганда эса тиззалар бир-биридан қочади. Мабодо, ҳам тўпиқ ҳам тизза бир вақтда текиизилган тақдирда жуда ҳам хунук кўриниш юзага келади. Худди маймоқ инсонлар намоз ўқиган сурат намоён бўлади. Бу эса ақлий жиҳатдан ҳам нотўғрилигини кўрсатади. Фараз қилайлик, бир гавдали инсон билан бир бўйи паст инсон ёнма-ён туриб қолса уларнинг елкалари бир-бирига қандай теккизиш мумкин. Буни иложи йўқку. 

Ундай бўлса юқоридаги ҳадисдан қандай маънони тушуниш мумкин? 

Ибн Ҳажар Асқалоний роҳимаҳуллоҳ Саҳиҳи Бухорий шарҳида: “Сафни текислашдан қасд қилинган маъно ҳамма бир чизиқда текис туриши ва сафдаги бўш ўринларни ёпишдир”, деганлар.

Ва яна: “Елкалари, тиззалари, тўпиқлари, оёқлари бир-бирларининг елкалари, тиззалари, тўпиқлари, оёқларига ёпиштириб, теккизиб туришдан мақсад сафни текислашда ва бўш ўринни тўлдиришда муболаға қилиш”, деганлар.

Демак, юқоридаги ҳадислардан намозхонлар сафда турган вақтда елкалари тўғрисига шеригининг елкаси, тиззаси тўғрисига шеригининг тиззаси, тўпиғиинг тўғрисига шеригининг тўпиғи текисланиши назарда тутилади. Шун улар бир чизиқда сафланиши юзага келади ва мақсад амалга ошади. Қолаверса, намоз ўқувчи намозида Роббисига ҳорлик ва тазарруда, камтар ва тавозеъ ҳолатида бўлиши даркор. Оёқларни кериб туриш ана шу маънога зид саналади. 

Аллоҳ таоло барчамизнинг ибодатларимизни энг мақбул кўринишда бўлишини насиб этсин. Уммат ичида фитна чиқарувчилардан қилмасин. Аввалги солиҳ зотлар йўлида юришимизни бардавом айласин, Омин!

 

Аъзамжон Саминов,
“Ҳидоя” мадрасаси ўқитувчиси