Жамият аъзоларига муносабат

МУВОЗАНАТ ВА ЕНГИЛЛИК ДИНИ: ИНСОН ФАРИШТАДАН ҲАМ УСТУН ТУРА ОЛАДИМИ?

МУВОЗАНАТ ВА ЕНГИЛЛИК ДИНИ: ИНСОН ФАРИШТАДАН ҲАМ УСТУН ТУРА ОЛАДИМИ?

Суннатга амал ёҳуд шариат йўлида юрган инсон фариштадан устундир.

Ислом — осонлик динидир. У ҳамма нарсада, жумладан, ибодатда ҳам бандалар учун осонлик ва енгиллик бўлишини хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ислом шариатида инсон тоқатидан ташқари нарсани жорий қилмаган. Ибодатларни ҳам меъёрида фарз қилган, узрли кишиларнинг узри эътиборга олинган. Борди-ю, ҳар бир ишда енгиллик бўлиши чораси кўрилган: енгиллик бўлсин, аммо ибодат ҳам бардавом бўлиб, тўхтаб қолмасин.

Ислом динининг енгиллиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида жуда кўп учрайди. Ҳанзала деган саҳоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлганлар. Шу киши дедилар:

«Бир куни мен Абу Бакрга йўлиқдим. Шунда у киши мендан: — Қандоқсан, эй Ҳанзала?! — деб сўрадилар. — Ҳанзала мунофиқ бўлди, — дедим. — Субҳаналлоҳ! Нима деяпсан, нима учун бундай деяпсан? — дедилар. — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда, у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатадилар. Ҳатто уни ўз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Қачон у зотнинг ҳузурларидан чиққанимизда эса жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз, — дедим. — Аллоҳга қасамки, биз ҳам шунга дучор бўламиз! — дедилар Абу Бакр розияллоҳу анҳу».

Тезда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордик. Шунда Абу Бакр:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлдим, дейди», — дедилар.

«Нима учун?» — деб сўрадилар У зот.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни эслатасиз, ҳатто уни ўз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Ҳузурингиздан чиққанимизда эса жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», — дедим.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда бардавом бўлсангиз, мажлисларингизда, йўлларингизда ва тўшакларингизда сизлар билан фаришталар қўл беришиб кўришар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундай, бир соат бундай, бир соат ундай, бир соат бундай!»

Аллоҳ таоло инсоннинг чин инсон бўлишини хоҳлайди. У Зот инсонга ҳам фариштанинг, ҳам ҳайвоннинг хусусиятларини берган. Жисм, емоқ-ичмоқ, жинсий эҳтиёжлар — ҳайвонлик сифатларидир. Руҳонийлик, ақл, тоат ва ибодатга лаёқатлилик эса фариштанинг сифатлари ҳисобланади. Агар фаришталик сифатлари ҳайвонлик хусусиятларидан устун келса, шариат йўлида юрган инсон фариштадан ҳам устун бўлади. Аксинча, ҳайвонлик хусусиятлари фаришталик сифатларидан устун келиб, еб-ичиш, нафс ва дунё ташвишидан бошқа нарсани билмаган одам ҳайвондан ҳам бадтардир.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ҳам ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар.

Пайғамбаримизнинг ушбу ҳадиси шарифи Исломда янгилик (суннат) пайдо қилиш мумкинлигини, у яхши ёки ёмон бўлиши мумкинлигини англамоқликка далолат қилади.

Бу масалага бироз эҳтиёткорлик билан ёндошмоқ лозим. Кўпгина кишилар бу нозик масалада нотўғри тушунчаларга бориб қолишлари мумкин. Доимо «Ислом дини мукаммал дин, унда ҳаётдаги ҳар бир масаланинг ечимини топишимиз мумкин», деймиз. Энди эса: «Исломда яхши ёки ёмон янгилик пайдо қилиш мумкин», демоқдамиз. Ёмон янгилик тушунарли — динга хилоф иш бўлиб, уни ҳамма қоралайди. Аммо яхши янгиликни қандай тушунишимиз мумкин? Агар у мумкин бўлса, демак, Исломда камчилик борми? Ёки ёмон ҳам, яхши ҳам янгилик бўлиши мумкин эмасми?

Баъзи кишилар бу саволга: «Исломда ёмон ҳам, яхши ҳам янгилик бўлиши мумкин эмас», деб жавоб берадилар ва ўз сўзларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар бир бидъат залолатдир, ҳар бир залолат эса дўзахдадир», деган ҳадисларини далил қилиб келтирадилар.

Маълумки, инсоният ҳаёти бир хил давом этмайди, замон ўтиши билан ўзгариб туради. Аллоҳ таоло Ислом дини ва шариатини қиёматгача бардавом қилган. Шунинг учун ҳам у Зот Исломни фақат Пайғамбаримиз даврларигагина мослаб қўймаган, балки қиёматгача барча макон ва замонлар учун салоҳиятли қилиб қўйган. Ислом умматига келажакда пайдо бўладиган ҳар бир янги масаланинг ечимини Қуръон ва суннат қоидалари асосида топишни ўргатган.

Агар фақат Қуръон ва суннатдаги қадимги ҳукмлар билангина яшайсизлар, янги пайдо бўладиган замонавий масалалар билан ишингиз бўлмасин, дейилганида динимиз нуқсонли бўлар эди. Аммо янги пайдо бўладиган масалаларни ечиш йўлларини Қуръон ва суннатнинг ўзи баён қилиб, умумий қонун-қоидаларини кўрсатиб қўйган. Мана шунинг ўзи Ислом шариатининг нақадар мукаммаллигидан далолат беради.

Баҳодир Ботиров,

Чуст тумани "Охунбобо" жоме 
масжиди имом-хатиби