Жаҳолатга қарши маърифат

МУТААССИБЛИК – ЗАРАРЛАРИ

МУТААССИБЛИК – ЗАРАРЛАРИ

  Машҳур тилшунос Ибн Манзур: «“Та­ас­суб” сўзи “асабият”дан олинган. “Асабият” бошқаларни ўзининг ота томонидан қариндошларига ёрдам беришга чақириш маъносини англатади. Бир гуруҳга нисбатан таассуб қилиш дегани ўша гуруҳ ёрдами учун жамланиш маъносини англатади», деб ёзади.

Луғат китобларида эса “мутаассиблик” қаттиқ­қўллик, бир фикрда қаттиқ туриб олиш маъноларига ҳам далолат қилиши айтиб ўтилган. Истилоҳда эса, доим ўзини сўзсиз ҳақ деб билиб, фикрида қаттиқ туриб олиш, бошқаларни эса ноҳақ деб қараш таассубдир. Бу туйғу мутаассиб кишида ўзгани таҳқирлайдиган, унинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этмайдиган муайян хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этади. Бориб-бориб бу унинг табиатига сингади.

Қисқача айтганда, мутаассиблик, гарчи далил кўриниб турган бўлса ҳам, бир томонга мойиллик туфайли ҳақни рад этишдир. Мутаассиблик ва фанатизм тушунчалари бир-бирига маънодош бўлиб, уларнинг акси бағрикенгликдир.

Мутаассибликнинг бир қанча турлари бор:

– диний мутаассиблик;

– ирқий мутаассиблик;

– қабилавий мутаассиблик;

– табақавий ёки ижтимоий мутаас­сиблик;

– фикрий мутаассиблик ва ҳоказо.

Яна спорт мутаассиблиги деган тушунча ҳам мавжуд. Футбол фанатизми бунга мисол бўлади.

Тарихда содир бўлган кўплаб уруш-жанжал ва хунрезликларнинг моҳияти ҳақида гап кетса, уларнинг асл сабаби мутаассибликка бориб тақалишига гувоҳ бўламиз.

Ҳозир кўплаб давлатлар бошидан кечираётган маънавий бўҳрон билан бирга мутаассиблик кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Бу жараёнда мутаассибликнинг турли кўринишда жамият ҳаётига хавф солаётганини инкор этиб бўлмайди. Файласуфлар, ҳуқуқ­шунослар, сиёсатчилар, жамиятшунос ва дин­шунос олимлар мутаассибликнинг келиб чи­қиши ва унинг салбий оқибатла­рини ўрганишмоқда.

Бугунги кунда кўпгина минтақаларда ижтимоий-сиёсий вазиятни кескинлаштиришга уринаётган, бегуноҳ кишиларнинг ҳаётига зомин бўлаётган мутаассибларнинг экстремистик хаттиҳаракати тобора хатарли тус олаётгани барча давлатларнинг бу иллатга қарши биргаликда кураш олиш бориши, кишиларнинг маданий даражасини юксалтириш, шахсга нис­батан ҳурмат туйғусини шакллантириш борасида саъйҳаракатларни бирлаштиришни тақозо этмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бир­лашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 72-сессияси­да: “Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассами ифодаси сифатида беҳад қадр­лаймиз. Биз му­қаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган­ларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”, дея таъкидлаган эдилар.

Мутаассибликнинг шахс ва жамиятга етказадиган зарарлари жуда каттадир. Мутаассиб кимса бу – дарғазаб, жазавали, асабий, ҳиссиётга берилган ва қаттиқ салбий ҳис-ҳаяжонга тушувчи шахс. У бузғунчи ғояларни фаол ташувчилардан ҳисобланади. Айнан шу сифатлар унга омма орасидаги тарафдорлар қалбини эгаллашга имкон беради.

Мутаассиб воқеликни ўзининг асл ҳолатида кўра олмайди. Чунки у фақат ўзи мойил бўлган нарсанигина кўради. Инкор этиб бўлмас даражада ошкор бўлса ҳам, ўзгалар кўраётган ҳақиқатни кўрмайди. Мутаассиб фақат ўзини ҳақ, ўзгаларни ноҳақ деб билгани учун доим сезмаган ҳолда ижтимоий ришталарни узади, ихтилоф жарлигини кенгайтиради. Унинг тор онгига кўра ҳамма фақат унинг қолипи бўйича яшаши керак. Акс ҳолда “адашган” одам ҳисобланади.

 

Баҳодир Шарипов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

 Чуст туман вакили