Бировнинг уйига кирганда кўзни сақлаш
Бирор кишининг уйига кирган пайтингизда ҳовли ичидаги қараш мумкин бўлмаган жойларга кўзингиз тушиб қолишидан эҳтиёт бўлинг. Чунки бу айб ва номаъқул иш ҳисобланади.
Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: "Бир киши келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг эшиклари олдида изн сўраб турарди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам "Сен мана бундай қилгин", дедилар, яъни уни четга тортдилар ва эшикнинг рўпарасида эмас, балки уни четроқда туришга буюрдилар. Сўнгра ўша кишига "Изн сўраш, албатта, қараш сабабидандир", дедилар".
(Имом Абу Довуд ва Табороний ривояти).
Имом Бухорий "Ал-Адаб ал-Муфрад" китобларида Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Изн берилмагунча бирор (бегона) уйнинг ичига назар солиш ҳалол бўлмайди. Агар шундай қилса, у кирган бўлади". Яъни, агар киши изн сўрамай уй ичига қараса, рухсатсиз уйга кирувчи инсоннинг ҳукмида бўлади. Бу иш эса ҳаромдир.
Имом Бухорий "Ал-Адаб ал-Муфрад" китобларида, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ўз "Сунан" ларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Кўз қараши (ичкарига) кирса унга изн йўқ".
Имом Бухорий ўз китобларида Аммор ибн Саъид Тажйибийдан ривоят қиладилар: "Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: "Ким ўз кўзини то унга изн берилмагунча бегона уйнинг ичкариси билан тўлдирса, у фосиқ бўлибди".
ИЗОҲ: Ушбу кўрсатмага биноан, бировнинг хонадонига унинг изнисиз назар солиш Ислом ододларига тўғри келмайди. Афсусланарли жиҳати шундаки, кўпчилик инсонлар бировнинг хонадонига юмуш билан борганларида уйнинг эшиги очиқ турган бўлса, ичкарига бемалол назар ташлайверадилар. Аслида, ушбу иш шариат кўрсатмасига мутлақо тескари бўлиб, бунинг натижасида кўплаб кўнгилсизликлар келиб чиқади. Зеро, хонадон соҳиблари ўз уйларида эмин-эркин ва ўзларига қулай йўсинда кийиниб олган бўлишлари мумкин. Уйнинг ичига рухсатсиз назар солган инсон бу ҳолатларни кўриб, қалбида ёмон ҳаёллар ўтиши, балки, баъзи ҳолларда аянчли ҳолатларга ҳам сабаб бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас. Баъзида нодон кишилар хонадон эшиги очиқ турган бўлса, изн сўрамасдан, тўғридан-тўғри кириб келаверадилар. Замонамиздаги айрим оилаларда турли хил низолар, ажримлар содир бўлаётганига ва инсонлар орасида миш-мишлар тарқалишига ҳам айнан ушбу Исломий одобга риоя этмаслик сабаб бўлмоқда. Зеро, Ислом дини кўрсатмалари бизни доимо бахтли ва саодатли ҳаёт кечиришимизни таъминлайдиган ишларга буюради.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа ровийлар Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: У киши айтадилар: Бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳужраларига бир тешикдан мўралади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида тароқ билан сочларини тараётган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги инсонни кўриб қолгач, унга: "Агар сенинг қараб турганингни билганимда эди, буни кўзингга суқуб олардим. Албатта, изн сўраш назар сабабидандир", дедилар".
Анваржон Мирзаев,
Мингбулоқ тумани “Шохи Жалил” жоме
масжиди имом хатиби