Жамият аъзоларига муносабат

МУСУЛМОН ОДАМ ИСРОФЧИ БЎЛИШДАН ҲАР ТОМОНЛАМА САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ!

МУСУЛМОН ОДАМ ИСРОФЧИ БЎЛИШДАН ҲАР ТОМОНЛАМА САҚЛАНИШИ ЛОЗИМ!

Исломда қандай сарф - харажат бўлмасин , унда исрофга йўл қўймаслик доимий равишда таъкидланади . Бу маъно Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўз ифодасини топган.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади, у деди: «Исрофгарлар ҳақдан бошқададирлар». Бухорий ривоят қилган.

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Қиёмат куни банданинг икки қадами то ундан умридан – уни нимада ўтказгани, илмидан – у билан нима қилгани, молидан – уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани, жисмидан – уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди». Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин банда алоҳида аҳамият бериши ва ҳеч қандай исрофга йўл қўмаслиги лозим бўлган тўрт буюк неъмат ҳақида сўз юритмоқдалар. Қиёмат куни бандадан энг аввал ва алоҳида таъкид билан сўраладиган неъматлар ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, қиёматда алоҳида ва ўта аҳамиятли сўроқ-савол қилинадиган неъматлар қуйидагилардир:

1. Банда ундан умридан – уни нимада ўтказгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди.

Умр банда учун энг азиз ва қимматли неъмат ҳисобланади. Унинг ҳар лаҳзаси ҳисоб-китоблидир. Умрнинг бирор лаҳзасини зое қилишга, исроф қилишга банданинг ҳаққи йўқ. Умрни беҳуда нарсаларга сарфлаш уни исроф қилишдир. Банда бу қилмиши учун охиратда жавоб беради. Буни одатда вақтни беҳуда ўтказиш, вақтни исроф қилиш ҳам дейилади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда ўзига берилган умрдан унумли фойдаланиш пайидан бўлиши керак.

2. Банда ундан илмидан – у билан нима қилгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди.

Илм неъмати бандага берилган энг қимматбаҳо неъматлардан биридир. Инсон ўзига берилган илм неъматини ўзи, оиласи, қавм-қариндоши, жамияти, ватани ва инсоният фойдаси учун сарфламоғи, уни исроф қилмаслиги лозим.

3. Банда ундан молидан – уни қаердан касб қилгани ва нимага сарфлагани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди. 

Бандага берилган мол-мулк Аллоҳ таолонинг катта неъмати экани ҳаммага маълум. Қиёматда ҳар бир неъматнинг ҳисоб-китоби бўлгани каби, молу мулк неъматининг ҳам алоҳида ҳисоб-китоби бор. Бу борада ҳукамоларимиз: «Мол-мулкнинг ҳалолининг ҳисоби, ҳаромининг азоби бор», деганлар. Шундай экан, ҳалол мол-мулкни сарфлашда зинҳор исрофга йўл қўймаслик, ҳаромдан эса ҳазар қилиш лозим.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ўзингга ва аҳли байтингга исроф қилмасдан ва совурмасдан қилган харажатинг ва садақа қилган нарсанг сен учундир. Риё ва шуҳрат учун бўлгани шайтоннинг насибасидир».

Байҳақий ривоят қилган.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг бу ҳикматли гаплари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳикмат булоғидан сув ичгандир. Мўмин киши ўзига ва оиласига қилган харажати фойдали бўлиши учун молни исроф қилмаслиги ва беҳуда совурмаслиги шарт экан.

4. Банда ундан жисмидан – уни нимада қаритгани ҳақида сўралмагунича жойидан жилмайди.

Аллоҳ таоло бандага ато қилган жисм ва жисмоний қобилиятлар ҳам катта неъматдир. Бу неъматнинг шукронаси уни Аллоҳ таоло кўрсатганидек тасарруф қилиш билан юзага чиқади. Жисмни беҳуда ишларга машғул қилиш уни зое қилиш ва исроф қилиш деб қаралади.

 

Фазлиддин Салимов,

Мингбулоқ туман “Мулла Тожи Аҳмад” жоме
 масжиди имом хатиби