Ислом дини инсонни фақат ташқи қиёфаси билан эмас, балки унинг ботиний (ички) дунёси, яъни қалби, ахлоқи ва нияти билан баҳолайди. Чунки Аллоҳ таоло инсонни икки жиҳатда яратган: моддий, ва маънавий. Шу боис мусулмон инсоннинг комиллиги ташқи ва ички гўзаллиги уйғун бўлган ҳолда намоён бўлади.
Аллоҳ таоло Тийн сурасини 4-оятда шундай марҳамат қилади:
﴿لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيمٍ﴾
“Биз инсонни энг гўзал суратда яратдик.”
Бу оят инсоннинг ташқи қиёфаси Аллоҳ томонидан гўзал қилиб яратилганини билдиради. Бироқ ислом бу гўзалликни фақат ташқи шакл билан чеклаб қўймайди. Чунки Расулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:
«إِنَّ اللَّهَ لا يَنْظُرُ إِلَى صُوَرِكُمْ وَأَمْوَالِكُمْ، وَلَكِنْ يَنْظُرُ إِلَى قُلُوبِكُمْ وَأَعْمَالِكُمْ»
“Аллоҳ сизларнинг суратларингиз ва моларингизга қарамас, балки қалбингиз ва амаларингизга қарайди.” (Имом Муслим ривояти)
Ислом поклик ва озодаликни иймоннинг бир қисми сифатида белгилаган. Расулуллоҳ ﷺ:
الطُّهُورُ شَطْرُ الإِيمَانِ
“Поклик — иймоннинг ярмидир.” (Имом Муслим ривояти)
Мусулмон киши кийимини, танасини пок тутиши, сарамжон бўлиши суннатдир. Расулуллоҳ ﷺ соч ва кийим тозалигига эътибор бермаган бир кишини кўриб:
“Бу киши сочини тараса, яхши бўлмасмиди?” — деб айтганлар. (Абу Довуд ривояти)
Шу орқали у зот ташқи тартиб ва кўриниш ҳам мусулмоннинг шарафига муносиб бўлиши кераклигини таъкидлаганлар.
Қалб поклиги инсоннинг ички гўзаллигидир. Расулуллоҳ ﷺ шундай деганлар:
أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً، إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ
“Танада бир бўлак гўшт бор, у тузалса бутун тан тузалади, у бузилса бутун тан бузилади. Бу — қалбдир.” (Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Қалб соф бўлса, инсоннинг нияти, ахлоқи ва амали ҳам соф бўлади.
Имом Ғаззолий “Иҳё улуумиддин” асарида шундай дейди: “Агар ташқи сийратни гўзал қилиш учун кўзгу керак бўлса, ички дунё учун тафаккур ва зикр керакдир.”
Мусулмон инсон ҳақиқий гўзалликни ташқи безак билан эмас, балки ахлоқ ва одоби билан намоён қилади. Қуръонда шундай дуо келган:
﴿رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً﴾
“Эй Роббимиз! Бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато эт.”
(ал-Бақара, 201-оят)
Бу оятдаги “яхшилик” сўзи уламоларнинг таъбирига кўра, дунёдаги яхшилик — ташқи гўзаллик ва ҳаёт тартиби, охиратдаги яхшилик — қалб поклиги ва иймон гўзаллигидир.
Расулуллоҳ ﷺ айтганлар:
إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الأَخْلَاقِ
“Мен гўзал ахлоқни камолга етказиш учун юборилганман.”(Имом Малик ривояти)
Гўзал ахлоқ — қалб софлиги, меҳр-шафқат, сабр, тавозуъ ва ростгўйликдир. Бу фазилатлар инсоннинг ички дунёсида чуқур илдиз отса, унинг ташқи кўриниши ҳам нурли бўлади.
Мусулмон инсоннинг гўзаллиги икки қанотга таянади: зоҳирий поклик ва ботиний ихлос. Ташқи поклик — инсоннинг маданиятини, ботиний софлик унинг иймонини кўрсатади.
Аллоҳ таоло Шамс сурасини 9-оятда шундай марҳамат қилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Ким нафсини покласа, албатта нажот топди.”
Демак, ҳақиқий гўзаллик — қалб поклиги ва ахлоқда намоён бўлади. Ташқи поклик эса шу нурни тўлдирувчи оинадир. Ислом инсонни шу икки жиҳатда гўзал бўлишга чорлайди.
Муҳаммадхон Абдураҳманов,
Наманган шаҳри “Мулла Исмоил” жоме
масжиди имом хатиби