Байрам ва марака маросимлари

МУСТАҚИЛЛИК — МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ, ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАР ВА ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНАЁТГАН ОЛИЙ НЕЪМАТ

МУСТАҚИЛЛИК — МАЪНАВИЙ ЮКСАЛИШ, ДИНИЙ ҚАДРИЯТЛАР ВА ИНСОН ҚАДРИ УЛУҒЛАНАЁТГАН ОЛИЙ НЕЪМАТ

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги халқимиз ҳаётидаги энг улуғ ва қутлуғ саналардан биридир. Мустақиллик — бу аввало ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш, миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, тарихий меросимизни асраб-авайлаш, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш имкониятини берган олий неъматдир.

Тинчлик, хотиржамлик ва омонлик ҳақида Қуръони каримда жуда таъсирли оятлар бор. «Агар улар тинчликка мойил бўлсалар, сен ҳам унга мойил бўл ва Аллоҳга таваккал қил. Албатта, У Эшитувчи ва Билувчидир». (Анфол сураси, 61-оят).

Мустақиллик йилларида юртимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Айниқса, кейинги йилларда инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш, маънавий муҳитни соғломлаштириш, диний бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш борасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бугун юртимизнинг қайси ҳудудига бормайлик, мустақилликнинг самарасини кўришимиз мумкин. Янги уй-жойлар, замонавий таълим муассасалари, тиббиёт объектлари, йўллар, обод маҳаллалар, замонавий инфратузилмалар барпо этилмоқда. Шу билан бирга, халқимизнинг маънавий ҳаёти, диний эҳтиёжлари ва миллий қадриятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, масжидларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, намозхонлар учун қулай шароитлар яратиш, диний-маърифий тадбирларни ташкил этиш, имом-хатибларнинг билим ва салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар бугунги куннинг муҳим вазифалари сифатида намоён бўлмоқда.

Мустақиллик йилларида халқимиз учун яратилган энг муҳим имкониятлардан бири — муқаддас Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиш учун кенг шароитлар яратилаётганидир.

Ҳаж — ҳар бир мусулмоннинг қалбидаги энг улуғ орзулардан бири. Муқаддас Макка ва Мадина заминларини зиёрат қилиш, Каъбатуллоҳни тавоф этиш, Арафот майдонида дуо қилиш ҳар бир мўмин учун улкан бахт ва шарафдир.

Сўнгги йилларда юртимизда Ҳаж зиёратига борувчи фуқароларимиз учун ташкилий ишлар янада такомиллаштирилди. Зиёратчиларни сафарга тайёрлаш, уларга Ҳаж амалларини бажариш тартибини тушунтириш, тиббий кўриклардан ўтказиш, сафар давомида уларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ҳожиларимиз учун яратилаётган бундай шароитлар халқимиз томонидан катта мамнуният билан қабул қилинмоқда. Чунки инсоннинг муқаддас орзусини рўёбга чиқариш, унинг ибодатини хотиржам ва муносиб адо этиши учун шароит яратиш — инсон қадрини улуғлашнинг амалий ифодасидир.

Бунинг яна бир ёрқин намунаси сифатида 2026 йилги Ҳаж мавсумида амалга оширилган хайрли ташаббусни алоҳида таъкидлаш ўринли. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бор 100 нафар юртдошимизга давлат ҳисобидан муборак Ҳаж сафарига бориш имконияти яратилди. Улар орасида эл-юрт хизматида кўп йиллар меҳнат қилган фидойи инсонлар, меҳнат фахрийлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, уламолар, шифокорлар ҳамда уларнинг оила аъзолари бор.

Ушбу юртдошларимиз «Президент ҳожилари» номи билан муборак сафарга кузатилиб, Ҳаж ибодатларини адо этиб, Ватанимизга соғ-омон қайтиб келишди. 

Бундай юксак эътибор, аввало, инсон қадрини улуғлаш, эл-юртга садоқат билан хизмат қилган фидойи инсонларни рағбатлантириш ва халқимиз қалбида шукроналик туйғусини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Зеро, муқаддас Ҳаж сафари нафақат бир инсоннинг шахсий орзуси, балки юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, халқимиз фаровонлиги ва эзгуликларга берилган юксак эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир.

Бугун юртимиз ҳожилари муқаддас заминларга бориб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, оилаларимиз осойишталиги учун дуолар қилмоқдалар. Бу ҳам халқимизнинг муқаддас туйғулари ва эзгу ниятларининг ифодасидир.

Ҳаж зиёратини адо этиб, юртимизга қайтиб келган фуқароларимизнинг жамият ҳаётидаги фаоллиги ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Зиёратдан қайтган ҳожиларимиз ўз маҳаллаларида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда, учрашув ва суҳбатларда фаол иштирок этиб, ёшларга, оила аъзоларига ва кенг жамоатчиликка эзгулик, ҳалоллик, сабр-тоқат, меҳр-оқибат ва инсонпарварлик ҳақида ўз ҳаётий тажрибаларини улашмоқдалар.

Ҳожиларнинг муқаддас заминда кўрганлари, ибодат ва сабрнинг инсон ҳаётидаги ўрни, турли миллат вакилларининг бир жойда бир мақсад билан жам бўлиши ҳақидаги таассуротлари ёшлар учун катта тарбиявий аҳамиятга эга.

Айниқса, маҳаллаларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда ҳожиларнинг иштирок этиши, аҳоли билан самимий мулоқот қилиши, ёшларни илм олишга, ота-онага ҳурмат, Ватанга садоқат ва эзгу амалларга чорлаши жамият маънавий муҳитини янада соғломлаштиришга хизмат қилмоқда.

Шу маънода, ҳожилик фақат бир инсоннинг шахсий ибодати билан чекланиб қолмасдан, унинг кейинги ҳаётида ҳам эзгу ишларга, жамиятга наф келтиришга ундайдиган улуғ масъулиятдир.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг муқаддас ой ва кунларини муносиб кутиб олиши учун ҳам кенг имкониятлар яратилди. Айниқса, муборак Рамазон ойида халқимизга бўлган эътибор ва ғамхўрлик янада кучаймоқда.

Рамазон — нафақат рўза тутиш, балки сабр, шукр, меҳр-оқибат, кечиримлилик ва саховат ойидир. Бу ойда эҳтиёжманд инсонлар ҳолидан хабар олиш, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш каби эзгу ишларга алоҳида аҳамият берилади.

Юртимизда Рамазон ойида эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари ва моддий ёрдамлар етказиб берилиши, ифторликлар ташкил этилиши, маҳаллаларда саховат тадбирларининг ўтказилиши халқимизнинг бирдамлиги ва меҳр-оқибатини янада мустаҳкамламоқда.

Масжидларда Рамазон ойи муносабати билан таровеҳ намозлари, диний-маърифий суҳбатлар, Қуръони карим тиловати ва бошқа маънавий тадбирлар ўтказилиши ҳам халқимизнинг диний-маърифий эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундай хайрли ишлар халқимизда бир-бирига бўлган меҳрни кучайтиради. Рамазон ойида қилинган ҳар бир эзгу амал, бир инсоннинг кўнглини кўтариш, эҳтиёжманд оилага ёрдам бериш, ёлғиз инсондан хабар олиш — жамиятда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайди.

Бугунги кунда имом-хатиблар ва диний соҳа вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклатилмоқда. Улар нафақат намоз ва ибодат масалаларини тушунтириши, балки аҳоли билан яқин мулоқотда бўлиши, оилаларда тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлашга кўмаклашиши, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларга тўғри диний-маърифий тушунчаларни етказиши лозим.

Маҳаллаларда оилавий низоларнинг олдини олиш, ёшларни илм-маърифатга йўналтириш, хотин-қизлар ўртасида маънавий муҳитни яхшилаш, исрофгарчилик ва ортиқча дабдабанинг олдини олиш, тўй ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказиш борасида ҳам диний соҳа вакилларининг ҳиссаси муҳимдир.

Шунингдек, ҳожилар, нуронийлар ва жамоатчилик фаолларининг бу жараёнларда иштирок этиши маҳаллалардаги маънавий муҳитни янада мустаҳкамлайди.

Мустақилликнинг 35 йиллиги биз учун нафақат байрам, балки босиб ўтган йўлимизни сарҳисоб қилиш, эришилган ютуқларимизни қадрлаш ва келажак олдидаги вазифаларимизни белгилаб олиш учун ҳам муҳим фурсатдир.

Бугун биз юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни, диний бағрикенгликни, муқаддас қадриятларимизга бўлган ҳурматни асрашимиз керак. Зеро, тинчлик бор жойда тараққиёт, барака ва фаровонлик бўлади.

Зеро Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким сизлардан тонг отганда ўз уйида омон-эсон, танаси соғлом ва бир кунлик озуқаси бор ҳолда уйғонса, гўё унга бутун дунё берилгандекдир» дедилар. Имом Термизий ривояти.

Мустақиллик бизга миллий ўзлигимизни англаш, динимиз ва қадриятларимизни эркин ўрганиш, фарзандларимизни маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун катта имкониятлар берди.

Шундай экан, бугунги имкониятларнинг қадрига етиб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикни асраш, халқимизга ҳалол ва сидқидилдан хизмат қилиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон, хонадонларимиз файзу баракага тўла бўлсин. Муқаддас динимиз ва миллий қадриятларимизга бўлган ҳурмат янада юксалиб, юртимизда амалга оширилаётган эзгу ислоҳотлар халқимиз манфаати ва инсон қадрини улуғлашга хизмат қилаверсин.

Илёсхон Собитов,
Уйчи тумани “Обид қори” жоме 
масжиди имом-хатиби