Байрам ва марака маросимлари

МУСТАҚИЛЛИК: БУЮК ХАЛҚИМИЗНИНГ УЛУҒ БАЙРАМИ

МУСТАҚИЛЛИК: БУЮК ХАЛҚИМИЗНИНГ УЛУҒ БАЙРАМИ

Аллоҳ таолонинг берган неъматларини ибрат ўлароқ одамларга сўзлаш ҳақида ўзи буюрган. Ана шу неъматларнинг энг буюкларидан бири шубҳасиз Истиқлол неъматидир.

Мустақиллик бу – тенгликдир, одамлар ўртасида тенглик, халқлар ўртасида тенглик, давлатлар ўртасида тенглик. Тенглик бор жойда одамларнинг муносабатида бир-биридан устунлик бўлмайди, давлатларнинг бир-бирига муносабатида устунлик бўлмайди. 

Истиқлол неъматини энг катта неъматлардан биридир десак муболаға қилмаган бўламиз. Истиқлол – ҳуррият демакдир. Истиқлол бу ўзга миллат, ўзга халқларга қул ва қарам бўлмасдан ўз келажагини ўзи қурмоқ, эмин-эркин ҳаёт кечирмоқ демакдир.

“Мустақиллик”, “истиқлол” - бу сўзларнинг моҳиятига теранроқ эътибор берадиган бўлсак, булар оддий сўзлар эмаслиги, минг йиллик давлатчилигига эга Ўзбекистон учун истиқлолнинг нақадар катта аҳамият касб этиши очиқ-ойдин аён бўлади. 

Аллоҳ таоло инсонларни бир ота-онадан, яъни Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавводан яратиб, бир-бирлари билан ўзаро муносабат ўрнатишлари ва борди-келди қилишлари учун уларни турли миллат ва элатлар қилиб қўйган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Азизлар, Аллоҳ таоло Ўзининг улуғ каломида шундай марҳамат қилади (маъноси): “Парвардигорингизнинг неъматлари ҳақида эса (одамларга) сўзланг!” (Зуҳо сураси, 11-оят).

Ҳар бир нарсанинг аҳамияти қиёслаш ва солиштириш билан кўзга яққол ташланади. Истиқлолгача қай ҳолатда эдигу, ҳозир нималарга эришдик, собиқ иттифоқ даврида яшаганда ким эдигу, ҳозир қай мақомда турибмиз, мана шуларни бир-бирига таққослаш орқали истиқлолимизнинг чин, асл моҳиятини англаб етамиз. Бу нарса айниқса, мустақилликка эришганимиздан кейин миллий ва диний қадриятларимизни халқимизга қайтариш соҳасидаги салмоқли ишлар орқали янада равшанроқ намоён бўлади.

Масжидлар кунига бир неча бор Аллоҳ таолонинг номи зикр этиладиган, тоат-ибодатлар қилинадиган муборак маскандир. Аллоҳ таоло Ўзининг уйларини обод қилувчиларни санаб, шундай марҳамат қилади: яъни: “Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар эса, (билиб қўйсинларки) албатта, Биз яхши амалларни қилган кишининг мукофотини зое қилмасмиз”.

Ёшлари улуғ устозларимизнинг сўзлаб беришларига қараганда илгари даврда бутун иттифоқда ягона исломий ўқув юрти саналган Бухородаги Мир Араб мадрасасини таъмирлаш, унда талабалар учун таҳоратхона қуриш мақсадида мадраса мутасаддилари бир неча йил Москвага қатнаб, бу ишларга ижозат олишолмаган. Тошкентда Ислом институтини очишга рухсат олиш ҳам бундан осон кечмаган. Мустақилликдан кейин ўнлаб ўрта махсус Ислом билим юртлари, Тошкент ислом университети каби ўқув муассасаларининг ташкил этилгани истиқлолимиз шарофатидандир.

Фақат истиқлолгина юртимиз мусулмонларига “Ҳаж” ва “Умра” қилиш имкониятларини кафолатлаб берди. Ҳар йили беш мингдан ортиқ фуқароларимиз ҳаж ибодатини адо этиш шарафига муяссар бўлмоқдалар. Ҳажнинг барча арконларини ўрнига қўйиб бажариш учун алоҳида тузилган ишчи гуруҳлари намунали хизмат қилишмоқда. Ҳар йили олти минг нафар мусулмонларимиз “Умра” зиёратига бориб келмоқдалар. Буларнинг барчасини шукрини адо этмоғимиз лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, ўзгалар ёрдамига муҳтож ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимининг ҳаммабоплигини таъминлаш борасида амалга ошираётган чора-тадбирлари ҳам эътиборга моликдир.

Бугун Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида муносиб нуфуз қозона олган мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринадиган натижаларга эришгани ҳолда, изчил тараққиёт йўлидан ишонч билан бормоқда. Халқимиз ҳаёти фаровонлашиб, замонавий транспорт воситалари ишга туширилиб, янгидан янги корхоналар, завод ва фабрикалар қурилиб, у ерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат ўзимизда балки қўшни давлатларда ҳам муносиб баҳосини олмоқда. Мисол учун Афросиёб тезюрар поезди қатнови йўлга қўйилгани, бундай тезюрар поездлар дунёнинг саноқли давлатларидагина мавжуд бўлиб, энг қувонарлиси имом-хатибларимиз биринчилардан бўлиб мазкур тезюрар поездда Самарқанд шаҳрига борганликлари таҳсинга сазовордир.

Биз яратилган мана шундай диний эркинликлар ва қулайликлар Аллоҳ таолонинг жуда катта илоҳий неъмати эканини қалбимиздан англаб етайлик. Юртимиз йилдан-йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, бунга жавобан кечаю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир.

Биз бугун мавъизамизда тилга олган маълумот ва далиллар устида бироз тафаккур юритайлик, мана шундай катта имкониятларни очиб берган истиқлолимизнинг қадрига етиб, уни кўпроқ ардоқлайлик.

Албатта Истиқлол ва Истиқрор (барқарорлик) Аллоҳнинг бизларга ато этган буюк неъматларидан десак муболаға қилмаган бўламиз. Бу неъматларниг шукрини адо этишимиз вожибдир.

Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Аллоҳга ҳамду сано айтиш, Унинг неъматлари шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат ва ҳам Аллоҳнинг унга берган катта мукофотидир. Мустақил юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб шундай деганлар: яъни: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар.

Аллоҳ таолонинг бизларга берган улуғ неъматларидан яна бири юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Ҳозирги кунда барчамиз ер юзининг турли жойларида бўлиб турган турли офат ва балолар, уруш ва қон тўкишлар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Юртимизни турли офат-балолардан Ўз ҳимоясида сақлаб тургани учун Аллоҳга беадад ҳамд ва шукроналар айтишимиз лозим. Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини айримлар, айниқса, баъзи ёшлар тўлиқ тушунишмайди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таъкидлаганларидек: яъни: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етишмайди, булар сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. (Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Доримий ва Ибн Ҳанбал ривояти).

Ҳаммангизга ушбу қутлуғ байрам муборак бўлсин! Аллоҳ таоло мустақиллигимизни абадий қилсин, юртимизни тинч ва фаровон, халқимизни хотиржам ва бахтиёр айласин! Барча мўмин-мусулмонларимизни Исломда ва имонда собитқадам айлаб, икки дунё саодатини ато этсин, омин!

 

Насимхон Маматханов,
Наманган шаҳар “Боқи Полвон” жоме 
масжиди имом ноиби